Фёдор Махнов — Витебскнинг афсонавий гиганти

Беларусь давлати тарихидаги энг бўйи баланд инсонлардан бири Фёдор Андреевич Махнов (1878–1912) бўлган. У ҳозирги Витебск вилоятида жойлашган Костюки қишлоғида туғилган. Унинг бўйи 285 сантиметр эди.

Шунинг учун унга ёдгорлик ўрнатилган. Ушбу «Витебск баҳодири» ёдгорлиги 2018 йил июнь ойида тантанали равишда очилган. Ҳайкалтарош Иван Казак томонидан яратилган ушбу бронза ҳайкал Фёдор Махновни тўлиқ бўй-басти билан тасвирлайди. Унинг ёнига бронзадан ясалган шахсий буюмлари — стул, ҳасса ва цилиндр шляпаси ўрнатилган бўлиб, сайёҳлар айниқса цилиндр шляпа билан суратга тушишни ёқтиракркан. Ёдгорлик пойдеворига эсдалик лавҳаси ўрнатилган.

Фёдор Махнов оддий бўйли оилада дунёга келган. Аммо тақдир унга ноёб қисматни ато этган эди. Ўсмирлик ёшига етганидаёқ унинг бўйи ҳайратланарли даражада тез ўсиб, 14 ёшида 2 метрдан ошиб кетган, вазни эса қарийб 180 килограммга етган. Ғайриоддий қомати ва бетакрор жисмоний имкониятлари туфайли Махнов Германия циркларида томоша кўрсатиб, бутун Европа бўйлаб саёҳат қилган. Унинг шуҳрати шу қадар кенг ёйилдики, у ҳатто Рим Папаси ва Америка Қўшма Штатлари президенти ҳузурида ҳам чиқиш қилиш шарафига муяссар бўлди.

Унинг қиёфаси ҳар қандай инсонни ҳайратга соларди: кафтининг узунлиги 31 сантиметр, оёқ панжаси эса 51 сантиметр эди. Бироқ Фёдорни машҳур қилган нарса фақат улкан гавдаси эмас, балки фавқулодда кучи ҳам эди. У темир тақани бемалол бука олар, шу билан бирга меҳрибон, камтар ва хушмуомала табиати билан атрофдагиларнинг ҳурматини қозонарди. Фёдор Махнов нафақат дунёнинг энг улкан инсонларидан бири, балки ўз даврининг афсонавий сиймоларидан бири сифатида тарих саҳифаларида абадий муҳрланиб қолган.

Муниса Шамсиева.