Абитуриентларга рухсатномалар бериш бошланди
2026/2027-ўқув йили учун олий таълим муассасаларига кириш тест синовларида иштирок этувчи абитуриентлар ўзларининг абитуриент рухсатномаларини юклаб олишлари мумкин.
Рухсатномани қуйидаги усуллар орқали олиш мумкин:
Шахсий кабинет орқали
my.uzbmb.uz сайтига кириб, шахсий кабинетингиздаги «6-Фанлар мажмуаси» бўлимига ўтинг. Ушбу саҳифанинг юқори қисмида «ABITURIYENT RUXSATNOMASI» тугмаси пайдо бўлган бўлиб, шу орқали рухсатномангизни юклаб олишингиз мумкин.
Шахсий кабинетга кирмасдан
my.uzbmb.uz/allow/bachelor-allow саҳифаси орқали паспорт серияси ва рақами ҳамда ЖШШИР (PINFL) рақамини киритган ҳолда ҳам рухсатномани олиш имконияти мавжуд.
Муҳим эслатма: Тест синовларига келаётганда абитуриентлар қуйидаги ҳужжатларни ўзлари билан олиб келишлари шарт:
- паспорт ёки ID-карта (асл нусхаси);
- абитуриент рухсатномаси.
Абитуриентлар тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга рухсатномада кўрсатилган сана ва вақтдан кечикмаган ҳолда етиб келишлари лозим.
Паспорт (ID-карта)нинг нусхаси ёки бошқа ҳужжатлар билан келган, шунингдек, белгиланган вақтдан кечиккан абитуриентлар тест синовларида иштирок этишига рухсат берилмайди.
Ҳурматли абитуриентлар! Рухсатномангизни олдиндан юклаб олинг, ундаги маълумотларни диққат билан текширинг ва тест синовига барча талабларга риоя қилган ҳолда боринг.