"Қабул-2026 йил: Абитуриентлар кам, аммо рақобат ҳар қачонгидан кучли

Жорий йилда олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш учун жами 677 минг 907 нафар абитуриент онлайн рўйхатдан ўтди.

Уларнинг 451 минг 744 нафари (66,6 фоизи) шу йил битирувчилари, 226 минг 163 нафари (33,4 фоизи) аввалги йилларда таълим муассасаларини тамомлаган фуқаролар.

Шундан, қизлар — 365 минг 196 нафар (53,9 фоиз), йигитлар — 312 минг 711 нафар (46,1 фоиз).

Статистикага назар ташласак, жорий йилда рўйхатдан ўтган абитуриентлар сони 2018 йил даражасигача камайганини кўриш мумкин.

2017 йил — 729 минг 950 нафар;
2018 йил — 675 минг 49 нафар;
2019 йил — 1 миллион 66 минг 925 нафар;
2020 йил — 1 миллион 484 минг 85 нафар;
2021 йил — 948 минг 211 нафар;
2022 йил — 1 миллион 214 минг 232 нафар;
2023 йил — 1 миллион 18 минг 7 нафар;
2024 йил — 894 минг 279 нафар;
2025 йил — 732 минг 411 нафар;
2026 йил — 677 минг 907 нафар.

Аммо, абитуриентлар сони камайгани сабабли ўтиш баллари ҳам пасаяди, деб ўйлаш нотўғри. Аксинча, нуфузли таълим йўналишларида ўтиш баллари ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлиши кутилмоқда.

Бунинг асосий сабаби шундаки, жорий йилда барча фанлардан миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган 12 минг 997 нафар абитуриент тест синовларидан озод қилиниб, тўғридан-тўғри танлов босқичига ўтказилди. Шу боис мазкур тоифадаги абитуриентлар учун тестга кириш рухсатномаси ҳам шакллантирилмаган.

Ўйлаб кўринг, қарийб 13 минг нафар абитуриент ўзининг юқори натижасини олдиндан кафолатлаб бўлган. Эътиборли жиҳати шундаки, бундай имкониятдан 2024 йилда атиги 1 нафар, 2025 йилда — 678 нафар, бу йил эса 12 минг 997 нафар абитуриент фойдаланмоқда.

Бу эса билимли ёшлар сони ортиб бораётганини, уларнинг билим олиш ва ўз устида ишлашга бўлган интилиши кучайиб бораётганини яққол намоён этади.