Маҳаллалар ривожи йўлида навбатдаги қадам - Пайариқда учта янги бино очилди

Пайариқ туманининг Накурт, Оқтош ва Чоштепа маҳаллаларида янгидан бунёд этилган замонавий маҳалла бинолари фойдаланишга топширилди.

Тадбирда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи И.Жабборов ҳамда Пайариқ тумани ҳокими Ш.Худойбердиев иштирок этиб, маҳалла фаоллари ва аҳолини ушбу қувончли воқеа билан табриклади.
Шу кунга қадар мазкур маҳаллаларда алоҳида маъмурий бинолар мавжуд эмас эди. Шу боис маҳалла еттилиги аъзолари фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш, йиғилишлар ўтказиш ва хизмат фаолиятини ташкил этиш учун турли бўш бинолардан фойдаланиб келган. Энди эса улар барча зарур шароитларга эга, замонавий талаблар асосида қурилган янги биноларда фаолият юритиб, аҳоли мурожаатларини янада тезкор ва самарали ҳал этиш имкониятига эга бўлди.
Лойиҳани амалга ошириш учун вилоят маҳаллий бюджети ҳисобидан учта маҳаллага жами 600 миллион сўм маблағ ажратилди. Шунингдек, маҳаллаларнинг 10 фоизлик жамғармаси маблағлари ҳам йўналтирилди. Қурилиш ишларининг қолган қисми эса ҳашар йўли билан амалга оширилди.