Абитуриент–2024: Бугун Самарқандда тест синовларининг охирги куни
Бугун Самарқанд шаҳрида олий ва профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовларининг охирги куни бўлиб, имтиҳонлар 7 та катта сиғимли биноларда ташкил этилди.
Ўтган вақт давомида тест синовларига жами 77068 нафар абитуриент қатнашди. Айрим сабабларга кўра, қатнашиши режалаштирилган 7187 нафар абитуриент имтиҳонга келмади. Бу ҳақда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Самарқанд вилояти бўлими Zarnews.uz’га хабар берди.
Шу кунга қадар тест синовларида тақиқланган воситаларни олиб киришга урингани, жараёнда тест қоидаларини бузгани (материалларга шикаст етказган, вақтида якунламаган), тақиқланган воситаларни ишлатгани учун жами 23 нафар абитуриент имтиҳондан четлатилди.
Шунингдек, бу йилги тест синовларида ўринга ўрин кириш ҳолатлари аниқланмади.
Бундан ташқари, жараённи хавфсиз ўтказиш учун Ички ишлар вазирлигидан 126 нафар, миллий гвардиядан 86 нафар, ёнғин хавфсизлигидан 37 нафар, соғлиқни сақлаш тизимидан 21 нафар ходим жалб этилди.