Аномал иссиқ ва соғлиқ: Хавфни билинг, ўзингизни асранг!

Аномал иссиқ - бу маълум бир ҳудуд учун ўртача кўп йиллик иссиқлик кўрсаткичларидан сезиларли даражада юқори бўлган, одатдагидан ташқари даражадаги юқори ҳарорат. Бу фақат бир неча кун давом этган жуда иссиқ об-ҳаво эмас, балки маълум бир мавсум ёки ой учун статистик меъёрдан кескин ошиб кетган ҳароратдир.

Масалан, Самарқанд вилоятида агар июль ойида ўртача ҳарорат охирги 10 йил ичида +30°C атрофида кузатилган бўлса, аномал иссиқда у +40…+41°C ва ундан ҳам юқорига кўтарилиши мумкин. Аномал иссиқ шароитида соғлиққа эътибор бериш керак. Бугунги мавзумиз шу ҳақда.
 
Аномал иссиқнинг организмга таъсири

·  Терлаш кучаяди - организм совишга ҳаракат қилади. Кўп тер билан сув ва электролитлар (натрий, калий, хлор) йўқолади.
·  Сувсизланиш келиб чиқади - агар организмдаги сув захираси тўлдирилмаса, қон қуюқлашади, босим пасаяди, бош айланиши ва ҳолсизлик юзага келади.
·  Қуёш уриши кузатилади - терморегуляция бузилиб, тана ҳарорати 40°C дан ошганда ҳаёт учун хавфли ҳолат юз беради.
·  Қон томирлари кенгаяди - иссиқликни ташқарига чиқариш учун қон томирлар кенгайди. Бу эса қон босимини пасайтиради.
·  Юрак тез-тез уради - томирлардаги қон ҳажмининг камайишининг ўрнини босиш учун юрак уриши тезлашади.
·  Қон қуюқлашиб, тромб ҳосил бўлиш хавфи ошади.
·  Иссиқ ва қуруқ ҳаво нафас йўллари шиллиқ қаватини қуритади. Бу эса астма, бронхит ва аллергияси борларда касаллик кучайишига олиб келади.
·  Иссиқ ҳавода озон ва бошқа зарарли моддалар концентрацияси ошиши мумкин.
·  Бош миянинг қон билан таъминланиши ёмонлашади - бош оғриғи, диққатни йўқотиш, асабийлашиш, уйқусизлик кузатилади.
·  Оғир ҳолатларда галлюцинация, ҳушини йўқотиш ва кома ҳолати ривожланиши мумкин.
·  Саратонда организм сувсизланиши боис, буйракларга зўриқиш тушади. Сийдик миқдори камаяди, организмдан токсинлар чиқиши секинлашади.  Буйрак тоши пайдо бўлиш хавфи ошади.
·  Терида тошмалар иссиқда тер безлари тиқилишидан келиб чиқади.
·  Тер орқали кўп туз йўқолиши терининг сувсизланишига ва ёрилишига сабаб бўлади.
·  Чарчоқ, бош айланиши, мушак спазми, кўнгил айниши, қусиш келиб чиқади.
 
Аномал иссиқ кимлар учун хавф туғдиради?

·  Ёш болалар ва чақалоқлар - уларда тана ҳароратини назорат қилувчи марказ ривожланмаган.
·  Кексалар (65 ёшдан ошганлар) - қон томирларнинг эластиклиги паст, уларнинг организмида сув захираси кам бўлади.
·  Сурункали касалликлари бор инсонлар (артериал гипертония, юрак ишемик касалликлари, бронхиал астма, қандли диабет).
·  Асосан қуёш остида кўп вақт ўтказадиган ишчилар (курилишда ишлайдиган ишчилар, фермерлар, ҳайдовчилар, бозор ходимлари).
 
Аномал иссиқда тавсиялар

65 ёшдан ошган кексалар, чақалоқлар ва ёш болалар, ҳомиладор аёллар, сурункали касалликлари (юрак-қон томир, қандли диабет, буйрак ва бошқалар) бор беморлар иссиқлик таъсирига нисбатан айниқса заиф ҳисобланади. Хавф гуруҳига кирувчи фуқароларга эҳтиёт чораларига қатъий риоя қилишлари тавсия этилади.
·  Чанқашни кутмасдан, кун давомида оз-оздан ва тез-тез сув ичиш лозим. Катта ёшли соғлом инсонлар учун кунига 2-3 литр сув тавсия этилади.
·  Енгил, кенг, ҳаво ўтказувчан ва оч рангли кийимлар кийиш, куннинг энг иссиқ вақтида (11:00-17:00) очиқ ҳавода бўлмаслик тавсия қилинади.
·  Таомномангизда асосан мева, сабзавот, совуқ овқатлар (масалан, окрошка) бўлиши тавсия этилади. Оғир, ёғли ва шўр таомлардан сақланинг.
·  Агар кўп терласангиз, минерал сув ёки шунга ўхшаш эритмалар ичиш лозим.
 
Қайси ҳолларда шифокорга мурожаат қилиш керак?

·  Тана ҳарорати 39,5°C дан юқори ва уйидаги чоралар билан тушмаса;
·  Ҳушни йўқотса;
·  Нафас олиш қийинлашса, кўкрак соҳасида оғриқ кузатилса;
·  Қусиш, кучли бош оғриғи ва бўйиннинг музлаб қолиши аниқланса;
·  Тери қуриб, қизарган бўлса - бу иссиқлик уришининг белгиси ҳисобланади.
 
Аномал иссиқда жазирама ҳавони юмшатиш йўллари

·  Кўчаларни сув билан тозалаш: Махсус техникалар ёрдамида марказий кўчалар, йўлаклар ва яшил ҳудудларга мунтазам равишда сув сепилмоқда. Бу чанг миқдорини камайтиради ва ҳавони бироз салқинлаштиради.

·  Кўкаламзорларни парваришлаш: Майсазорлар, гулзорлар ва дарахтларни суғориш ишлари кучайтирилади.
·  Фаввораларни ишга тушириш: иссиқ ҳавода фаввораларни сутка давомида узлуксиз ишлатиш ҳавони намлантиришга ёрдам беради.
Аномал иссиқлик - фавқулодда табиат ҳодисаси бўлиб, у нафақат соғлиққа жиддий зарар етказади, балки ҳаёт учун хавф туғдиради. Жазирама иссиқда ўзингизни ва атрофингиздагиларни асранг!

Зебо КАРАМАТУЛЛАЕВА,
Самарқанд давлат тиббиёт университети юқумли касалликлар кафедраси ассистенти тайёрлади.