Юртимизда кейинги ўн кунда аномал иссиқ ҳукм суради
Июль ойининг биринчи кунидан бошлаб юртимизга иссиқ ҳаво оқими кириб келди. “Ўзгидромет” маркази маълумотига кўра, бу жараён июль ойининг биринчи ярмигача давом этиб, ҳудудларда об-ҳаво ҳарорати ўта кескин, яъни +45 даража ва ундан юқори кўтарилиши кутилмоқда.
Бундай фавқулодда вазиятда ҳукумат аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш, ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши оқибатида юзага келадиган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида шошилинч тарзда бир қатор чора-тадбирларни амалга оширишни белгилади.
Унга кўра, кескин иссиқ ҳаводан яхши ҳимояланиш, кўпроқ суюқлик истеъмол қилиш, зарурат бўлмаган ҳолларда уйдан ташқарида юрмаслик, айниқса, сурункали касаллиги бўлган, диспансер назоратида турувчи беморлар, ёш болалар, ҳомиладор аёллар ва кексаларни ҳимоялаш талаб этилади.
Аҳоли гавжум жойларда, жумладан, бозорлар, сайилгоҳлар, кўнгилочар масканларда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича вақтинчалик тиббиёт пунктларини ташкил этиш лозим.
Умумий овқатланиш корхоналарида таом тайёрлаш ва сақлаш, бозорларда ва озиқ-овқат маҳсулотлари сотиш билан шуғулланувчи савдо шохобчаларида маҳсулотларни ташиш ва сақлаш қоидаларига қатъий риоя этиш, иссиқ ҳарорат туфайли бузилган егуликлардан аҳолининг оммавий заҳарланишининг олдини олиш талаб этилади.
Дарё ва кўллар, аҳоли дам олиш масканларида хавфсизлик чораларини кучайтириш, бунинг учун фавқулодда вазиятлар идоралари куч ва имкониятларини тўлиқ сафарбар этиши лозим.
Шунингдек, иссиқ ҳарорат деҳқончилик ишларига ҳам таъсир қилиши кутилмоқда. Шунинг учун қишлоқ хўжалигида кўп йиллик тажрибага эга бўлган мутахассислар, деҳқонлар ва олимларни жалб қилиб, экинлар ва яратилган ҳосилни сақлаб қолиш чораларини кўриш талаб этилади. Бунда, энг аввало, куннинг иссиқ вақтида ишчилар, сувчилар ва механизаторларга дам олишлари учун даланинг ўзида барча шарт-шароитларни яратиш, уларнинг эрталаб ва кечки соатлардагина далада ишлашини ташкил этиш зарур.
Қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувчилар сонини ошириш ҳамда сувни навбатлаш тизимига қатъий риоя этган ҳолда “шарбат усули”да, шу билан бирга фақат тунда суғоришни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Ноодатий иссиқ ҳаво оқибатида кучли ёмғир ёғиш эҳтимоли ҳам мавжуд. Шундан келиб чиқиб, жойларда сел тошқинлари хавфи, шунингдек, ёнғинларнинг юзага келиши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича профилактик тадбирларни амалга оширишни кучайтириш ҳам кейинги 10-12 куннинг асосий эътибор қаратадиган долзарб юмуши бўлиши шарт.