Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистонда 5 мингдан ортиқ мансабдор шахс пора билан қўлга тушган

Кибержиноятлар эса 75 баробар кўпайган

Ўзбекистонда 5 мингдан ортиқ яширилган жиноят аниқланиб, ҳисобга қўйилган. Жиноятларни қасддан яширган ходимларга нисбатан эса 17 та жиноят иши қўзғатилган.

Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисида Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев маълум қилди.

Таъкидланишича, мамлакатда сўнгги уч йилда кибержиноятлар сони қарийб 75 баробарга кўпайиб, жами жиноятларнинг 40 фоизини ташкил этган.

Ҳисоботда келтирилган бошқа муҳим рақамлар:

— 65 мингдан ортиқ яширин шароитда содир этилган жиноят фош этилган;

— қидирувда бўлган 9 703 нафар шахс ушланган;

— 5 мингдан ортиқ мансабдор шахс коррупциявий жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган;

— прокуратура органлари 13 мингдан ортиқ жиноят иши бўйича дастлабки тергов ўтказиб, айбланувчилардан 2,3 трлн сўмлик зарарни ундирган;

— 5 мингдан ортиқ суд қароридаги хатоликлар бартараф этилган. Бундай қарорларнинг 36 фоизи прокурорлар протестлари асосида қонунга мувофиқлаштирилган. Жиноят ишлари бўйича судларда эса бу кўрсаткич 83 фоиздан ошган;

— прокурорлар ташаббуси билан 14 нафар шахс оқланган, асоссиз оқланган деб топилган 37 нафар шахсга нисбатан айблов ҳукмлари чиқарилиши таъминланган;

— судларга 8 мингдан ортиқ ариза киритилиб, 583 млрд сўмлик даъво талаблари қаноатлантирилган.

Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан шахсларни қийноққа солиш, қадр-қимматини камситиш ва бошқа ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш чоралари кучайтирилгани билдирилди.