Президент маҳаллаларда аҳолини иш билан таъминлаш борасидаги камчиликларни танқид қилди
Тошкентда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда «маҳалла еттилиги» фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.
Давлатимиз раҳбари маҳаллаларда аҳолини иш билан таъминлаш масаласини танқидий таҳлил қилди. Таъкидланишича, сўнгги олти ойда банклар томонидан кичик лойиҳалар учун 18,5 триллион сўм ресурс ажратилган. Мазкур маблағлар ҳисобидан 110 мингта микролойиҳа амалга оширилиб, 259 минг нафар аҳоли иш билан таъминланган. Лекин 47 та маҳаллада атиги 2 тадан микролойиҳа ишга туширилган.
- Айрим туманларда амалга оширилаётган лойиҳаларда камбағал оилалар иштирокининг улуши 15 фоизга ҳам етмаяпти, - деди Президент. - Қораўзак, Марҳамат, Миришкор, Нуробод ва Термиз туманлари мисолида бу борадаги сусткашликлар кўрсатиб ўтилди.
Ачинарлиси, 960 та камбағал оила яшайдиган 32 та маҳаллада бирорта ҳам эҳтиёжманд инсон доимий ишга жойлаштирилмаган. 883 та маҳаллада эса банкирлар хонадонбай юриб, лойиҳа қилмаган, тадбиркорлар билан учрашмаган.
Шунинг учун йил бошидан маҳаллада ишни тўғри ташкил қилмаган 152 нафар раҳбар ишдан олинди, яна 700 нафарига интизомий чора кўрилди.
Йиғилишда маҳаллаларда солиқ тушумларини ошириш, жиноятчиликни жиловлаш ва аҳоли муаммоларини ҳал этиш бўйича ҳам масъулларга саволлар қўйилди. Давлатимиз раҳбари маҳалла одамлар учун чинакам «ишонч, таянч ва имкониятлар маркази» бўлиши зарурлигини таъкидлади.