Арзонлашган дорилар рўйхатини қаердан кўриш мумкин?
2026 йил 1 июлдан бошлаб аҳоли энг кўп фойдаланадиган 2,5 минг номдаги рецепт асосида бериладиган дори воситалари учун янги чекланган нархлар жорий этилди. Янги тартибга кўра, айрим дори воситалари нархи 50 фоизгача арзонлашган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғи билан рецепт асосида бериладиган дори воситалари нархларини қайд этиш тартиби белгиланган. Мазкур тартибга мувофиқ, референт нархлар белгиланиши халқаро амалиёт асосида шакллантирилиб, уларни ҳисоблашда ўртача нархлар ишлаб чиқарувчи мамлакатлардаги нархлар ҳамда сўнгги 12 ой давомида Ўзбекистонга импорт қилинган дори воситалари бўйича шартномалар нархлари инобатга олинади.
2026 йил, 1 апрель ҳолатига кўра, қарийб 2,5 минг номдаги рецепт асосида бериладиган дори воситаларининг чекланган нархлари шакллантирилди ва эълон қилинди. Ушбу нархлар 2026 йил 1 майдан ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар, 1 июндан дистрибьюторлар, 1 июлдан бошлаб эса дорихоналар учун кучга кирди.
Хусусан, ушбу тартибга кўра,
антибиотиклар — 50 фоизгача;
юрак-қон томир касалликларини даволаш дорилари — 37 фоизгача;
асаб тизими учун дори воситалари — 40 фоизгача;
яллиғланишга қарши ва оғриқ қолдирувчи препаратлар — 42 фоизгача арзонлашган.
Энди дорихоналар ушбу дориларни давлат томонидан белгиланган референт нархдан юқори қийматда сотиши мумкин эмас. Бу дори воситалари нархини сунъий оширишнинг олдини олиш ва аҳолининг сифатли дори-дармондан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.
Шу муносабат билан 2026 йил, 1 июлдан бошлаб, мазкур дори воситаларини аввал амалда бўлган референт нархларда реализация қилиш имконияти мавжуд эмас. Солиқ қўмитасининг ахборот тизимларида референт нархлардан юқори нархда расмийлаштирилган электрон ҳисоб варақ фактуралар автоматик тарзда назоратга олинади.
Аҳоли учун қулайлик яратиш мақсадида рецепт асосида бериладиган дори воситаларининг чекланган нархлари ҳақидаги маълумотлар pharm.gov.uz сайтида эълон қилинган. Фуқаролар ўзларига зарур бўлган дори воситаларининг нархларини мустақил равишда текширишлари мумкин.
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги фуқароларни жамоатчилик назоратида фаол иштирок этишга чақириб қолади.
Хусусан, дори воситаларини харид қилиш жараёнида pharm.uz мобил иловаси орқали рецепт асосида сотилган дори воситаларининг чекланган нархларини солиштириб бориш, мавжуд маълумотларни текшириш, ҳуқуқбузарлик аниқланган ҳолатлар юзасидан мурожаат этиш имконига эга.
Дилшод Шамсиев,
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари.