Bizni kuzating

Анқарадаги НАТО саммити: Альянс муҳим синов олдида

Бугун Анқарада НАТОнинг 36-саммити бошланди. Эртага, 8 июлда ҳам ўз ишини давом эттирадиган учрашув Альянс сўнгги йиллардаги энг мураккаб геосиёсий шароитда ўтказилмоқда.

Украинадаги уруш, Яқин Шарқдаги можаролар ҳамда АҚШ ва Европа ўртасидаги келишмовчиликлар саммитнинг асосий мавзуларига айланган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған саммитни «Альянс тарихидаги ҳал қилувчи учрашув» деб атади. Унинг таъкидлашича, дунёдаги сўнгги воқеалар НАТО олдига янги вазифаларни қўймоқда ва ташкилот ўзгариб бораётган халқаро вазиятга мослашиши лозим.

АҚШ ва Европа ўртасидаги ихтилофлар сақланиб қолмоқда

Ўтган йили Гаагада бўлиб ўтган НАТО саммитида аъзо давлатлар мудофаа харажатларини ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизигача оширишга келишиб олган эди. Бу қарор Вашингтон ва Европа ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаши кутилган.

Бироқ сўнгги бир йил ичида келишмовчиликлар янада кучайди. АҚШ президенти Дональд Трамп Гренландия масаласи бўйича баёнотлари, Америка ҳарбийларини Европадан қисқартириш режалари ҳамда Украинага кўрсатиладиган ёрдам бўйича ёндашуви билан иттифоқчилар ўртасида янги баҳсларга сабаб бўлди. Шу боис Анқара саммити НАТО бирдамлиги учун муҳим синов сифатида баҳоланмоқда.

Трамп ва Зеленский иштирок этиши кутилмоқда

Саммитда АҚШ президенти Дональд Трамп ва Украина президенти Владимир Зеленский иштирок этиши кутилмоқда. Оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, Трамп саммитда иштирок этиш қарорига Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған билан муносабатлари ҳам таъсир кўрсатган.

НАТО Бош котиби Марк Рютте ҳам АҚШ раҳбарини саммитда қатнашишга кўндиришда муҳим роль ўйнагани таъкидланади. Шу сабабли саммит дастури ҳам қисқа ва ихчам шаклда ташкил этилган.

Туркия учун муҳим имконият

Туркия НАТОга 1952 йилда аъзо бўлган ва АҚШдан кейин Альянсдаги энг йирик армияга эга мамлакат ҳисобланади. Шунингдек, мамлакатнинг Европа ва Осиё чорраҳасида жойлашгани унинг стратегик аҳамиятини янада оширади.

Шу билан бирга, Анқара айрим масалаларда НАТОдаги иттифоқчиларидан мустақил сиёсат юритиб келмоқда. Хусусан, Россиядан С-400 зенит-ракета тизимларини сотиб олиши Туркия ва АҚШ муносабатларида кескинликка сабаб бўлган. Украинадаги уруш бошланганидан кейин Туркия Киевни қўллаб-қувватлаган бўлса-да, Россияга қарши Ғарб санкцияларига қўшилмаган.

Кузатувчилар фикрича, Анқарадаги саммит НАТОнинг келгуси стратегияси, АҚШ ва Европа муносабатлари ҳамда Украина бўйича умумий позицияни шакллантириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади. Унда Альянсга аъзо 32 давлат раҳбарлари ҳамда ҳамкор мамлакатлар жамоавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, НАТО давлатларининг мудофаа харажатларини ошириш, Украинани қўллаб-қувватлаш, мудофаа саноатини ривожлантириш ва халқаро хавфсизлик масалалари кўриб чиқишади.

Саммит якунлари бўйича НАТОнинг кейинги ривожланиши ҳамда Евроатлантика хавфсизлигига оид асосий қарорларни ўз ичига олган қўшма декларация қабул қилиниши кутилмоқда.

Саммит муносабати билан Анқарадаги «Эсенбоға» халқаро аэропортида фуқаролик рейсларига вақтинчалик чекловлар жорий этилган. Хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Г.Холдорова тайёрлади.