Bizni kuzating

Машҳур кишилар қолдирган ғалати васиятномалар

Баъзан ижодий касб эгаларининг сўнгги истаклари ўта ғайриоддий, ҳатто ҳайратланарли бўлиши мумкин. Истеъдодли инсонлар ҳар бир ишга, жумладан, васиятнома тузишда ҳам ижодий ёндашган бўлиши мумкин.

Френк Синатра, Виски ва сигаретлар

Васиятномасидаги ўзига хос бир шарт асосида вафотидан сўнг машҳур хонанданинг бир неча уйлари ва жамғармаларининг катта қисми рафиқаси ва фарзандларига қолди. Ҳужжатда Синатра васиятларига эътироз билдиришга уринган ҳар қандай шахс автоматик равишда меросдаги ўз улушидан маҳрум бўлиши ҳақида ёзган.

Бу унинг ягона ғайриоддий қарори бўлмади: маълум бўлишича, машҳур санъаткорнинг нариги дунёдаги ҳаёти учун ҳам ўзига хос режалари бор экан. Дўстлари уни қабрга қўяётганда, ёнига бир шиша виски, бир дона зажигалка, бир қути сигарет, марҳумнинг севимли ширинликлари ва кўчадаги телефон автоматидан муҳим қўнғироқ қилишига тўғри келиб қолиш эҳтимолини кўзлаб 10 центлик танга ҳам солиб қўйишди. Бундан ташқари, васиятномага мувофиқ, унинг қабр тошига “Ҳали ҳаммаси олдинда”, деган умидбахш сўзлар битилди.

Ҳантер Томпсон, сўнгги замбарак ўқи

2005 йилда 67 ёшли машҳур ёзувчи ва журналист Ҳантер Томпсон ўз жонига ўт очар қурол ёрдамида қасд қилиб ҳалок бўлди. Фожиа юз берганидан кўп ўтмай, ёзувчининг яқинлари унинг 1978 йилда берган бир интервьюсини эсга олишди. Ўша суҳбатда у ўз орзусидаги “дафн маросими” ҳақида сўз юритиб, ҳатто бу борада айрим чизмаларни ҳам тақдим этган эди. Унинг сўнгги истаги амалга оширилди: ушбу “ўлимдан кейинги базм” учун муҳандислар улкан тўп ва 46 метр баландликдаги минора ясашди.

Қуёш ботаётган пайтдаги видолашув маросими авжида тўпдан ўт очилиб, ёзувчининг кули осмонга отилди. Манзара янада таъсирлироқ бўлиши учун кул мушакбозлик воситалари билан аралаштирилган эди. Барча харажатларни ўз зиммасига олган Томпсоннинг дўсти, Голливуд актёри Жонни Депп ушбу ғайриоддий хотира маросимини ўтказиш учун тахминан 3 миллион АҚШ доллари сарфлади.

Марк Грюнвальд, рассомдан қилинган бўёқ

«Капитан Америка» комикслари устида иш олиб борган Марк Грюнвальд ўз касбига ҳар доим чуқур садоқат билан ёндашган. «Marvel Comics»да фаолиятини муҳаррир ёрдамчиси сифатида бошлаган ва бир неча йил ичида ижрочи муҳаррир лавозимига кўтарилган муаллиф бу вазифани умрининг охиригача бажарган. Юрак хуружи оқибатида вафот этганидан сўнг илк хабар тарқалганда унинг дўстлари буни Маркнинг навбатдаги ҳазилларидан бири сифатида қабул қилишди.

Марҳумнинг сўнгги истаги ҳам ҳайратланарли даражада ғалати эди. Рафиқаси Кетрин Шуллер Грюнвальд ўз кулини сиёҳга аралаштириб, ундан комикслар чоп этишни васият қилган сўнгги истакни амалга оширди. Кўп ўтмай, “Марвел” ходимлари ғайриоддий сиёҳдан “Squadron Supreme” супер қаҳрамонлар тўплами асарини қайта нашр этишда фойдаландилар.

 Фредерик Бор, Ўзиники-ўзига

Машҳур “Pringles” ўзига хос эгри шаклли чипсилар ва чипси қутиси ихтирочиси америкалик органик кимёгар Фредрик Бор 2008 йилнинг май ойида вафот этди.

Вафотидан олдин у фарзандларига ғайриоддий бир илтимос билан мурожаат қилди, улар эса унинг бу илтимосини бажаришга рози бўлишди. Фарзандлари “Pringles Original» қутисини сотиб олиб, марҳум кулини ўша қутига солишлари керак эди. Қолган кул эса махсус идишга (урнага) жойлаштирилиб, қути билан бирга дафн этилди. Фредрикнинг тўнғич ўғли Ларрининг сўзларига кўра, оила қайси турдаги чипсни танлаш борасида узоқ вақт бош қотирган экан. Ахир кимёгар васиятномасида ушбу муҳим тафсилотни кўрсатишни унутиб қўйган экан-да...

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.