Вильнюсда НАТО саммити давом этмоқда
Асосий мавзулардан бири - Украинанинг аъзолиги. Альянс Украинани қабул қилиш шартларини номлашдан бош тортган. Зеленский уларни “заиф” деб танқид қилган.
Кеча, 11 июль куни Вильнюсда НАТОнинг икки кунлик саммити очилди. Унинг асосий мавзуларидан бири иттифоқчиларнинг Украинанинг альянсга аъзолигига муносабати бўлди. Киев альянс аъзолари ноаниқ формулалардан воз кечиб, расмий жараённи тезлаштиришини, Украина Россия билан уруш тугаганидан кейин НАТОга қўшилиши каби муҳмаллик ва ноаниқ ифодалардан кечиб, бу қандай ва қачон содир бўлишининг аниқ алгоритмини таклиф қилишини, шунингдек, мамлакатнинг иттифоққа кириши расмий жараёнини тезлаштиришини кутган эди.
Саммит олдидан НАТОнинг 31 давлатидан 20 дан ортиғи Киевнинг альянсга қўшилиш истагини қўллаб-қувватлаган. Улардан баъзилари Вильнюсда Украинани НАТОга таклиф қилишга чақирган. Бошқалар эса альянс Украинанинг аризасини Россия билан уруш тугаганидан кейингина кўриб чиқиши мумкин, деб ҳисоблайди. Шу тариқа бу Россия билан урушга олиб келиши мумкинлигидан хавотирда бўлган Германия Украинанинг НАТОга зудлик билан қабул қилинишига қарши чиқди. Қўшма Штатлар Украина альянсга қўшилишга тайёр эмаслигини, аммо Вашингтон унга Исроилга берган каби хавфсизлик кафолатларини бериши мумкинлигини айтди.
Владимир Зеленский иттифоқчиларнинг Украинага нисбатан қарорини танқид қилди. “Украинанинг таклиф ва аъзо бўлиш муддати йўқлиги мисли кўрилмаган ва бемаънилик. Украинани таклиф қилиш учун "шартлар" ҳақида қандайдир ғалати иборалар бор", деди Украина президенти. Унинг хулосасига кўра, иттифоқчиларнинг Украинани НАТОга таклиф этиш ёки уни альянсга аъзо қилиш истаги йўқлиги Россия билан музокаралар олиб бориш имкониятини қолдиради. “Россия учун эса бу келажакда террорни давом эттириш мотивациясини англатади”, дея қўшимча қилди Зеленский.
Саммитнинг яна бир муҳим мавзуи Туркиянинг Швециянинг иттифоққа қўшилиш ташаббусини блокдан чиқариш қарори бўлди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Швециянинг НАТОга аъзо бўлишини ратификация қилиш ҳақидаги протоколни имкон қадар тезроқ парламентга юборишга ва унинг ратификация қилинишини таъминлашга рози бўлган. Бунинг эвазига Стокгольм Анқаранинг Европа Иттифоқига қўшилишини қўллаб-қувватлашга ваъда берган ва Туркия террорчи деб ҳисоблаган ташкилотларни қўллаб-қувватламаслигини тасдиқлаган.
Россия НАТО учун энг катта хавфсизлик таҳдиди деб топилган. Бу ҳақда иштирокчи давлатлар баёнотида айтилади. Алянс Москвани Украинага бостириб киришда айблади, Россия Федерацияси томонидан содир этилган халқаро ҳуқуқ бузилишини қоралади, шунингдек, Украина ҳудудларининг аннексия қилинишини тан олмаслигини билдирган.