​“Самарқанд-2020” тиббиёт олийгоҳлари талабаларининг VI-Халқаро олимпиадаси ўтказилди

Университет ташаббуси билан ҳар йили анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган мазкур нуфузли мусобақа нафақат талабалар ва ёш тадқиқотчиларнинг билим ва малакаларини синовдан ўтказиш ва уларни муносиб тақдирлашга, балки халқаро дўстона муносабатларнинг янада мустаҳкамланиши ҳамда тиббиёт соҳасида жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари билан янгидан-янги ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилишига ҳам туртки бўлмоқда.

Юқори савияда ташкил этилган олимпиадада юртимиз ҳамда Германия, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Жанубий Корея, Тожикистон, Россия, Туркия, Озарбайжон, Беларус каби жаҳоннинг ўттиздан ўртиқ давлатларининг олтмишдан зиёд тиббиёт олийгоҳларидан 500 дан ортиқ талабалар, шунингдек, хорижий тиббиёт муассасалари ректорлари ҳамда кўплаб профессор-ўқитувчилар иштирок этди.

Олимпиаданинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов ҳамда бир қатор хорижий тиббиёт олийгоҳлари ректорлари олтинчи бора ташкил этилаётган халқаро мусобақанинг аҳамияти ҳақида сўз юритиб, барча иштирокчиларга омад тилади.

Ўзбек, рус ва инглиз тилларида ўтказилган халқаро олимпиаданинг асосий қисмида иштирокчилар 43 та йўналиш бўйича икки босқичда тест синовлари ва амалий кўникмаларини намойиш этиш орқали беллашдилар. Шу билан бир қаторда талабалар жаҳон стандартларига жавоб берувчи 7-авлод симулиацион роботлар орқали ўз амалий кўникмаларини синовдан ўтказдилар. Олимпиада доирасида Ўзбекистоннинг Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми ва хорижий тиббиёт коллежларининг ўқувчилари ўрасида ҳам халқаро олимпиада ташкил қилинди.

Шунингдек, талабалар учун чет эллик ва республикамизнинг етакчи мутахассислари томонидан замонавий тиббиётда фундаментал фанлар, илмий тадқиқот усуллари ва бошқа долзарб масалаларга бағишланган маҳорат дарслари, бакалавр, магистр ҳамда клиник ординаторлар учун хорижий тиббий ОТМлари ректорларининг маърузалари ҳам ташкил этилди.

Олимпиада доирасида талабалар учун стартап лойиҳалар танлови, "Ёш олимлар" тўгараклари ҳамда турли спорт мусобақалари ҳам ташкил этилди.

Шунингдек, Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳамда Туркиянинг етакчи олийгоҳларидан бири бўлган Соғлиқ билимлари университети ўртасидаги ҳамкорлик асосида ташкил этилган қўшма таълим дастури доирасида 1-босқичда таҳсил олаётган талабаларга “Оқ халат кийдириш маросими” тантанали тарзда ташкил этилди. Маросимда сўзга чиққан Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Жасур Ризаев ҳамда Соғлиқ билимлари университети ректори Камалеттин Айдин барча талабаларни табриклаб, уларга рамзий оқ халатларни топширдилар.

Бундан ташқари, Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳузурида хорижий тилларни ўқитишга мослашган "Тил академияси" марказининг тантанали очилиш маросими ташкил этилиб, унинг фаолияти ҳақида маълумотлар берилди.

Мазкур марказ дунё тилларини ўрганиш баробарида тиббиёт ходимлари учун ушбу тилларда ўз касбий фаолиятларини профессионал тарзда олиб боришлари учун имкон яратади.

Олимпиаданинг ёпилиш маросими ҳам тантанали тарзда ташкил этилиб, ғолиб ва совриндорлар, фаол иштирок этган ва номинация бўйича ғолиб деб топилган иштирокчилар диплом, сертификат ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.