Фан олимпиадаси адолатли ўтказиладими?

Адабиёт фани ўқитувчимиз мени она тили ва адабиётдан фан олимпиадасига олиб борди. Ўшанда 9-синфда ўқирдим. Фан олимпиадаси икки босқичда: ёзма иш ва савол-жавобдан иборат эди.

Ёзма ишда ўқувчилар ихтиёрий равишда берилган мавзулардан бирини танлаб, иншо ёзди. Иккинчи босқичда ўқувчилар ҳайъат олдида билет олиб, унда ёзилган саволларга жавоб бериши керак эди. Мен навбатимиз келишини кутиб, бошқа мактабдан келган тенгдошларим билан танишиб тургандим, ўқитувчим келиб, саволларга шошилмасдан жавоб беришимни тайинлай бошлади. Тенгдош қизлардан бири ўқитувчисига “Устоз, қанийди менга 15-билет тушса”, деганини эшитиб қолдим. Мен ҳайрон бўлиб, ўқитувчимдан: “Бу қиз билетдаги саволларни қаердан билади?”, деб сўрадим.

У пайтлар ҳали таниш-билиш, ғирромлик, адолатсизлик деган тушунчалардан йироқ эдим. Фан олимпиадасидан хафа бўлиб қайтганим, иншодан беш, оғзаки савол-жавобдан тўрт баҳо олганим ёдимда. У пайтлар савол-жавоблар ҳар бир туманнинг ўзида комиссия томонидан тузиларди. Табиийки, комиссия аъзолари мактаблардан саралаб олинган ўқитувчилар бўларди. Шунинг учун ҳам фан олимпиадаларида билимли, иқтидорли ўқувчилар қолиб, билими ўртача бўлса-да, таниш-билиши бор ўқувчилар фахрли ўринларни қўлга киритарди.

Нега буларни эслаётганимни сезаётган бўлсангиз керак. Орадан ўттиз йил ўтиб ҳам “Наҳотки, адолатли таълим тизими жорий этилмаган бўлса”, деган савол пайдо бўляпти. Яқинда математика фанидан бўлиб ўтган туман (шаҳар) босқичи олимпиадасида имтиҳон саволлари мусобақа бошланишидан олдин тарқалиб кетгани ҳақида хабарлар ёйилди. Бу ҳолат жамоатчилик орасида кенг муҳокамага сабаб бўлди.

Маълум қилинишича, мазкур саволлар Фан олимпиадалари маркази томонидан махсус ишчи гуруҳлар иштирокида тузилган ва ҳар бир ҳудудда марказлашган ҳолда чоп этилган. Бироқ айрим ҳудудларда саволларни чоп этиш жараёнида масъул шахслар томонидан тартиб бузилиб, материаллар ноқонуний йўл билан ташқарига чиқиб кетган.

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигининг расмий маълумотига кўра, айрим ходимлар саволлардан намуна олиб, уларни ижтимоий тармоқлар ёки мессенжерлар орқали тарқатган. Бу ҳолат синов натижаларига таъсир кўрсатиши мумкинлиги сабабли математика фанидан олимпиаданинг туман (шаҳар) босқичи 9-, 10- ва 11-синфларда қайта ўтказилиши белгиланди.

Хуллас, 14 октябрь куни математика фанидан ўтказилган барча туман (шаҳар)лардаги натижалар бекор қилинди ҳамда 24 октябрь куни мазкур фандан қайта олимпиада ўтказилди.

- Саволлар вазирликда Фан олимпиадалари маркази томонидан тузилади ва ҳар бир вилоятга масъул бириктирилади, - дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ўқувчилар билимини баҳолаш ва таҳлил қилиш шуъбаси раҳбари Гулмира Салимова. – Бизда фан олимпиадаси учун алоҳида штаб ташкил қилинган. Штаб тўлиқ жиҳозланиб, камералаштирилган. Вазирлик томонидан бириктирилган масъул назоратида штабда саволлар кўпайтирилиб, фан олимпиадаси қатнашчиларига имтиҳон жараёнида берилади. Фан олимпиадасининг вилоят босқичи ноябрь ойи охири ва декабрь ойининг бошида ташкил қилинади. Биз олимпиаданинг вилоят босқичини Қорасув массивидаги 82-умумий ўрта таълим мактабида ўтказишни режалаштиряпмиз.

Демак, эндиликда саволлар Фан олимпиадалари маркази томонидан махсус ишчи гуруҳлар иштирокида тузилади. Аммо унга масъул бўлганлар ўз вазифасига панжа орасидан қараса, ижтимоий тармоқларда юқоридаги сингари шов-шувли хабарлар тарқайди ҳамда ёшларнинг билим олишга бўлган иштиёқи сусаяди. Фан олимпиадалари нафақат ўқувчининг билимини, балки уни ўқитган муаллимнинг маҳоратини ҳам баҳолайди. Шунинг учун ҳам олимпиада ғолиблари туман, вилоят, республика миқёсида пул мукофоти билан тақдирланади. Афсуски, мукофот пули бор танловларда ғирромликлар бўлиб туради.

Ҳар йили мактаблар рейтинги вилоятлар кесимида таҳлил қилинганда, фан олимпиадасидан республика танловида ғолиб бўлган ўқувчилар натижалари киритилади. Вилоятдаги масъуллар эртага рейтинг кўрсаткичи пастлигидан уялиб қолмаслиги учун ҳам фан олимпиадаларини адолатли ўтказиши шарт.

Шу ўринда бир нарсани айтиш ўринли. Кечаги ўқитувчидан бугунги ўқитувчининг фарқи бор. Кечаги ўқитувчи тизимдаги ноҳақликларни билса ҳам айтмасди, ишидан айрилишдан қўрқарди. Бугунги ўқитувчи ҳар ҳолда ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қиляпти, ноҳақликларни дарҳол ижтимоий тармоқ орқали билдиряпти. Бунинг ортидан педагогларнинг анча муаммоларига ечим топилди. Масалан, ўтган йили ўзбек тили ўқитувчиларининг норозилигидан сўнг уларга ҳам миллий сертификат учун 50 фоизли устама тўланадиган бўлди. Аммо ҳали бу тизимда муаммо ва камчиликлар талайгина.

Нима бўлган тақдирда ҳам шаффофлик ва адолат ҳар бир соҳада бўлиши керак. Бунинг учун нафақат педагоглар, балки кенг жамоатчилик ҳам ноҳақликларга бефарқ қарамаслиги лозим.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.