Дунёдаги кулгили, ғалати ва беўхшов ёдгорликлар
Бугунги мақола ноўнғай ёдгорликларга бағишланган. Албатта, уларни яратган ҳайкалтарошлар ўз ишларини маънисиз деб ҳисобламайди ва табиийки, уларга баҳони турли хил фикрларга эга томошабин беради.
Бош бармоқ, Париж

Франциянинг Париж шаҳрида ўрнатилган “Бош бармоқ” ёдгорлиги яратувчиси Сезар Балдаччини ўз ижод маҳсулини анча олдин, 1965 йилда яратган. Шу давр давомида ёдгорлик кўплаб сайёҳлар томонидан севимли ва кўпчиликни ажаблантирадиган “осори-атиқа”га айланишга улгурди. "Бош бармоқ" Балдаччинининг энг муҳим ва дунёга машҳур асари ҳисобланади.
Санчқи, Швейцария

Рассом Жан-Пьер Зауг 1995 йилда бу овқатланиш анжоми ҳайкалини Швейцариянинг Веве шаҳридаги Женева кўли бўйида жойлашган “Алиментариум” озиқ-овқат музейининг 10 йиллигини нишонлашга бағишлаб яратди. Айтиш лозимки, ҳайкал Вевенинг диққатга сазовор жойларидан биридир.
Ҳедингтон акуласи, Буюк Британия

Акула ҳайкали Оксфорддаги бинонинг томига 1986 йилда ҳайкалтарош Жон Бакли томонидан ўрнатилган. Уй шифтига “қўнган” акула катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Оксфорд шаҳар кенгаши уни олиб ташлашга ҳаракат қилди, аммо маҳаллий аҳоли берган кўпчилик овоз акуланинг бинода қолдирилишини таъминлади.
"Девордаги бош", АҚШ

Лос-Анжелесдаги ишбилармон (меҳнаткаш)га бағишланган “Девордаги бош” ёдгорлиги 1991 йилда қурилган. Бронза одам бошини бино деворига яширган. Ҳаётнинг замонавий суръати одамни гўё сиқилган лимондек заифлаштириб юборади. Ёдгорлик барча мансабпарастларга “Тинчланинг, бунчалик ҳам ишга берилиб кетманг”, - дея хабар қолдираёгандек...
Оёқлар ёдгорлиги, Япония

"Югур!" Япониянинг Каназава шаҳридаги оёқларга бағишланган ҳайкал замонавий япон санъати ёдгорлиги ҳисобланади. Инсон ҳаётининг тез суръатини ифодалайдиган ёдгорлик одамларга оёқлардан ташқари, кўпинча баъзилар унутиб қўяётган бош ҳам борлигига пичинг қилади. Ҳайкал муаллифи рассом Кори Жунжи.
Ботқоқ одам, Ирландия

Ботқоқликда ботиб қолиб, қирғоққа чиқа олмайдиган жусса Ирландиянинг “Виктория йўли” боғида истиқомат қилади. У ўзини англаш учун кураш ва ҳаётнинг чириган ботқоғидан қочиб қутула олмасдан, ярим чириган кийимда турганча қотиб қолган инсонни ифодалайди. Парк бўйлаб кўплаб шу ва шу каби оригинал ҳайкаллар ўрнатиб чиқилган. Ўрмон ва бир нечта кўлларни ичига олган 9 гектардан иборат ушбу парк 1989 йилда Берлинда туғилган Виктор Лангхельд (Victor Langheld) томонидан ташкил этилган.
Ҳайкалларнинг қайси бири сизни қизиқтирди?
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.