Нобел мукофоти соҳиби СамДУ меҳмони бўлди
Серге Ҳароче француз физиги, квант оптикаси ва квант физикаси соҳасидаги етакчи олимлардан бири бўлиб, квант тизимларда ёруғлик ва модданинг ўзаро таъсирини тадқиқ этгани учун Нобел мукофотига сазовор бўлган.
Квант оптикаси ва атом физикаси соҳасида дунёга машҳур олим 1944 йил Марокашнинг Касабланка шаҳрида туғилган. Унинг оиласи 1956 йилда Францияга кўчиб ўтган ва у Париж университетида таҳсил олган. 1971 йилда Париж VI университетида физика бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.
У америкалик олим Девид Винеланд билан ҳамкорликда индивидуал квант тизимларини ўлчаш ва бошқариш имконини берувчи инновацион экспериментал усулларни яратишга ҳисса қўшди.
Олим Франциянинг Миллий илмий тадқиқотлар маркази (CNRS)да фаолият юритиб, Стенфорд, Ҳарвард ва Ел университетларида илмий иш олиб борган. 2001 йилдан буён Collège de France’да квант физикаси профессори сифатида фаолият юритмоқда.
Учрашувда Серге Ҳарочега Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетининг Фахрий профессори унвони берилди.
Нобел мукофоти соҳиби нутқида илмий фаолияти, тадқиқотлари, мавжуд муаммолар ҳамда квант физикасининг истиқболи ҳақида йиғилганларга сўзлаб берди. У квант оптикаси ва атом физикаси ютуқларининг замонавий технологиялар тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, ёш тадқиқотчиларни ушбу йўналишда фаол изланишга чақирди.