Хусусий мактаб давлат мактабларидан нимаси билан фарқ қилади?

Бугун вилоятимизда элликдан ортиқ хусусий мактаб бор. Ҳукуматимиз томонидан хусусий мактаблар фаолиятига рухсат берилгач, улар сони йилдан йилга ортиб боряпти.

Шунингдек, фарзандини хусусий мактабда таълим олишини истовчи ота-оналар ҳам етарлича. Хўш, хусусий мактабнинг давлат умумтаълим мактабларидан фарқи нимада? Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида “Самарқанд Интеллект” хусусий мактаби директори Абдумалик МАЖИДОВ билан суҳбатлашдик.

- Қатор йиллар таълим соҳасида турли масъулиятли лавозим ва вазифаларда ишладим. Етарли тажрибага эга бўлгач, хусусий мактаб очдим. Ушбу мактаб очилганига ўн йил бўлди. Хусусий мактабларда шароитлар давлат мактабидан кўра яхшироқ. Албатта, бугун айрим давлат мактаблари ҳам хусусий мактаблардан қолишмайди. Лекин болалар қамрови давлат мактабларида кўпроқ, баъзи синфларда 40 нафаргача бола ўқийди. Хусусий мактабларда эса бир синфда кўпи билан 20 нафар ўқувчи таълим олади.

Масаланинг иккинчи томони, театрга яхши актёрни кўриш учун борилади. Мактабга эса ота-она боласини яхши ўқитувчи учун беради. Кейинги йилларда яхши ўқитувчиларнинг кўпчилиги хусусий мактабларга ўта бошлади. Нима учун? Биринчидан, 40 нафар болага дарс бергандан 20 нафар болага дарс бериш енгилроқ. Иккинчидан, кўпроқ маош тўланади. Бундан ташқари, хусусий мактабда ўқитувчининг вақтини оладиган ҳар хил ҳисоботлар, йиғилиш ва тадбирлар йўқ.

Биз бир нарсага пул тўласак, уни қадрига ета бошлаймиз. Айрим ота-оналар давлат мактабларида ҳатто боласини ким ўқитаётганини билмайди. Аммо хусусий мактабларда ота-оналар пул тўлаяпман-ку, нега болам яхши ўқимаяпти, деб талаб қилади. Энди хусусий мактабнинг давлат мактабларидан афзалликларини санасак: биринчиси, яхши ўқитувчилар дарс беради, иккинчиси, шароити яхши, учинчиси, синфларда 20 нафар атрофида ўқувчи ўқийди, тўртинчиси, ўқитувчига ҳар хил топшириқлар юкланмайди, у ўз устида ишлай олади, бешинчиси, ўқувчиларнинг хавфсизлиги, яъни ҳар бир ўқувчи эрталаб соат 08:00 да мактабга келгач, соат 17:00 га қадар шу ерда бўлади.

Яна бир нарса, Самарқанд шаҳрининг ўзида бир сменали мактабнинг ўзи йўқ. Шунинг учун давлат мактабларида дарслар тугагач, ўқувчилар уйига кетади. Ота ишда, она ишда, бола уйида нима қилади? Бола дарсдан сўнг уйида телевизор, компьютер ёки мобил телефонда вақтини беҳуда ўтказади. Хусусий мактабларнинг афзаллиги тушгача давлат таълим стандартлари асосида дарслар ўқитилса, тушликдан сўнг болаларнинг онгини ўстиришга мўлжалланган қизиқарли математика, кимё, рақс, спорт, расм каби тўгарак машғулотлари ўтилади. Асосийси, ўқувчи уйга вазифани мактабда тайёрлаб кетади. Шунингдек, ўқувчиларга нонушта, тушлик, кечга яна егулик берамиз. Албатта, соғлом бола яхши ривожланиши учун унинг қорни ҳам тўқ бўлиши керак.

Хусусий мактабга фарзандини берган ота-она биладики, боланинг қорни тўқ, усти бут, ҳимояланган, кўчада ёмон болаларга қўшилмайди, ҳар хил зарарли егуликларни сотиб олмайди ва тинчгина уйига келади. Шу томонлари билан давлат мактабларидан фарқ қилади. Лекин масаланинг иккинчи томони бор. Бизда бирор йўналишда пул бор деса, ҳамма шу соҳада ўзини синаб кўради. Бироқ чумчуқни ҳам қассоби сўйиши керак. Тадбиркор мактаб ёки боғча очиб, ўзи раҳбарлик қилса, ундан ёмони йўқ. Тадбиркор фақат тушум, фойдани ўйлайди, таълим сифати билан иши бўлмайди, шунинг учун у ўз тадбиркорлигини қилсин, лекин мактаб бўладими, мактабгача таълим соҳасими ёки ўқув маркази очадими, унга ўша соҳанинг одамини олиб келиб қўйиши керак.  

Бундан ташқари, мактабимизда инклюзив синфларимиз бор, уларда соғлигида нуқсони бор болалар соғлом болалар билан бирга таълим олади. Уларга махсус ўқитувчи ишга қабул қилинган. Куннинг биринчи ярмигача соғлигида нуқсони бор болалар соғлом ўқувчилар билан бирга таълим олса, тушликдан кейин диффектолог ўқитувчи улар билан алоҳида шуғулланади. Соғлигида нуқсони бор болаларни ақли, нутқи, тафаккурини ўсишига ҳам ёрдам беряпмиз. Уларнинг айнан хусусий мактабда ўқишига сабаб, бу ерда ўқувчилар мазах қилмайди, камситмайди. Ўқувчиларда кўникма бор, яъни улар соғлигида нуқсони бор болалар билан бирга таълим олишга ўргатилган.

- Ота-она боланинг таълими учун пул тўлаганидан кейин назоратни ҳам кучайтиради, деяпсиз. Хусусий мактабда яхши ўқимайдиган ўқувчилар бўладими?

- Албатта, “Пулини олинг-да, ўқитинг”, дейдиган ота-оналар бўлади.  Бола қайси мактабда ўқишидан қатъий назар, аввало, унга ота-она тарбия беради. Таълимни мактаб беради. Бу иккаласи бир-бирини тўлдирса, натижага эришилади. Таълим бўла туриб, тарбия бўлмаса, қумга сув қуйилгандай бўлади. Тарбиясиз олим – олим бўлолмайди, у золим бўлади.

Бизда битта қусур бор – ўзимизни айбимизни тан олмаймиз. Ҳамма ҳуқуқини талаб қилади, аммо мажбуриятини унутган. Айрим ота-оналар ҳафтага ёки ойга бир марта келиб, фарзандининг ўқишини суриштиради. Баъзилари фарзандимни мактабга топширдимми, бўлди, эртага болам зўр одам бўлади, деб ўйлайди. Айниқса, хорижий давлатларда қийналиб меҳнат қилиб юрганлар фарзандига барча шароитни яратади, уни хусусий мактабга беради, аммо ўзи узоқдалиги учун назорат қилолмайди. Бобо-бувиси назоратидаги болалар ота-онаси узоқдалиги учун авайланади. Болани авайлаш эмас, унга тўғри тарбия бериш керак. Бола оилада етарли тарбия олмаса, шароити минг яхши мактабда ўқиса ҳам билим олишга қизиқмаслиги, ўқимаслиги мумкин. 

Шу ўринда яна бир нарсани айтай. Баъзилар хусусий мактабда фақат бойларнинг боласи ўқийди, деб ўйлайди. Аммо бизда 25 нафар кам таъминланган ва 5 нафар соғлигида нуқсони бор оила фарзандлари бепул ўқийди.

- Ҳозир Президент мактаблари ва ихтисослаштирилган мактабларда ўқувчиларнинг қўл телефони дарсга ҳалақит бермаслиги учун олиб қўйиларкан. Сизнинг мактабингизда-чи?

- Ривожланган мамлакатларда ўқувчиларининг мактабда қўл телефонидан фойдаланиши тақиқланяпти. Бизнинг мактабимизда ҳам қўл телефонлар эрталаб олиб қўйилади ва кечки пайт уйига кетаётганида берилади. Лекин бола уйида кечаси ўн бир ўн иккигача телефонда ўтириши мумкин. Унга ким жавоб беради? Бола телефон зарарли эканини тушуниб етмайди. Бу масала яна ота-онага бориб тақалади. “Қуш уясида кўрганини қилади”, деб бежиз айтилмаган. Ота-она уйда вақтини нимага сарфласа, бола ҳам шунга сарфлайди.

- Сизнингча, таълимдаги оғриқли масала нима?

- Бугун ёшларимиз хорижий тилларни ўрганяпти, халқаро даражадаги сертификатлар оляпти, нима учун? Жаҳон адабиётини асл тилида ўқиш учунми? Йўқ, афсуски. Ёшлар хорижда ишлаш учун чет тилини ўрганяпти. Ишонмасангиз ўзларидан сўранг, гапимни тасдиқлайди. Ёшлар чет элга билим олиш учун эмас, кўпроқ пул топиш, ишлаш учун кетишни хоҳлаяпти. Бизни давримизда ёшлар космонавт, олим, инженер каби касб эгалари бўлишни истарди, ҳозир ўғил болалар қурувчи, тиш дўхтири, қиз болалар эса салончи бўламан, дейди. Нима учун, чунки булар даромадли касб эмиш. Афсуски, билимнинг қадри тушиб кетди. Таълимдаги оғриқли муаммо мана шу.  

***

Мазкур мактабдаги шарт-шароитлар билан танишар эканмиз, шинамлиги, синфларда болалар сонининг стандарт даражада экани, ошхонада тушлик учун мазали таомлар тайёрланаётганига гувоҳ бўлдик. Албатта, ҳар қандай ота-она фарзандини мана шундай шарт-шароитга эга мактабда ўқитишни истайди. Аммо, хусусий мактабнинг ойлик тўловини ҳар қандай ота-онанинг чўнтаги кўтаролмайди. Самарқанд шаҳрини мисол қилиб оладиган бўлсак, бу ерда хусусий мактабларга бир бола учун ўртача 3,5 миллиондан 5 миллион сўмгача тўлов қилади. Шунинг учун ҳам хусусий мактаблар аҳоли гавжум шаҳар ёки туман марказларида очилган. Қишлоқ жойларда бундай нархга ота-она боласини ўқитолмайди.

- Турмуш ўртоғим иккимиз кун бўйи ишда бўламиз, шунинг учун фарзандимизни хусусий мактабга бердик, - дейди Д.Рашидова. – Мактабнинг афзаллиги, болам дарсдан кейин қаровсиз қолмайди, тушликда иссиқ овқат, эрталаб ва кечга нонушта берилади, хавфсизлиги таъминланган, ишда боламдан хавотирланмайман. Янаям яхши томони, дарсларини мактабнинг ўзида тайёрлаб келади. Кечки пайт биргаликда китоб ўқиймиз, сайр қиламиз, боламни фикрлашини оширишга мўлжалланган ўйинлар ўйнаймиз. Аммо хусусий мактабга фарзандини бериш учун ота-онанинг даромади яхши бўлиши керак. Биздек кундузи уйида бўлмайдиган ота-онага хусусий мактаб маъқул.

- Мен фарзандимни туманимиздаги хусусий мактабга бердим, - дейди О.Насимова. – Ўғлим унгача Россиянинг Владивосток шаҳрида ўқиганди. Мактаб негадир ўғлимга ёқмади, унинг айтишича, бу ерда ўқитилаётган дарсларни у аллақачон ўзлаштирган экан. Шунинг учун ўғлим ихтисослаштирилган мактабга танлов асосида ўқишга кирди. Ҳозирда у ихтисослаштирилган мактабда ўқияпти, мактаб шароити ва таълим дастурларидан мамнун.

- Биз қизимизни 11-синфдан хусусий мактабга бердик, - дейди ота-оналардан бири Н.Назарова. – Аслида олдинроқ хусусий мактабга берсам бўлар экан. Сабаби, қизим тушгача мактабга, кейин қўшимча дарсларга қатнашига тўғри келди. Хусусий мактабнинг афзаллиги - биология, кимё, она тили ва адабиёт каби фанлар чуқурлаштириб ўқитиларкан. Қизим шу йил мактабни битириб, тиббиёт институтига ўқишга кирмоқчи. Шунинг учун бизга хусусий мактабдаги таълим маъқул бўлди.

Хусусий мактаб ҳақида ота-оналарнинг гапларига қулоқ тутдик. Хўш, мактаб ўқитувчиларининг бу борада фикрлари қандай? Аслида ҳам хусусий мактаб ҳақиқатда ҳамма орзу қиладиганми?

- Хусусий мактаб ютуқлари ўқувчиларга фақат ихтисослашган фанлардан дарс ўтилади ва мактаб дарсликларидан камида 6 ой илгарилаб кетади, - дейди исми сир қолишини истаган ўқитувчи. – Натижада ўқувчилар 6-7-синфдан сертификатларга эга бўла олади. Яна бир яхши томони ўқитувчилар учун ортиқча ҳужжатбозлик қилишмайди. Ўзларининг иш режасини таклиф қилиб, шу асосда дарс ўтишади. Хоналардаги шароитлар давлат мактабларга қараганда яхши.

Аммо хусусий мактабнинг ҳам бир қатор камчиликлари бор. Масалан, ўқувчилар бошқа фанлардан бошланғич тушунчаларни билмайди. Давлат белгилаб қўйган иш режа билан юрмайди, яъни ўқитиши шарт бўлган фанларни дастурдан олиб ташлайди.

Хусусий мактабда ҳам бошқа мактаблардан қолишмаган ҳолда икки баҳога ўқийдиган болалар бор, уларни ўқитиш ўқитувчилар учун анча қийинчилик туғдиради. Шунингдек, раҳбарият “икки”чи ўқувчиларнинг ўзлаштиришини яхшилашни ўқитувчилардан талаб босим қилади.

Давлат мактабларида ўқитувчи тушликкача дарсини ўтиб, кейин ўз устида ишлайди. Хусусий мактабда эса ўқитувчи кун бўйи болалар билан ишлайди, дарс соатлари фарқ қилса ҳам ойлик маош давлат мактаби билан деярли бир хил тўланади. Шунинг учун хусусий мактабларда юқори малакага эга ўқитувчилар дарс бермайди, аксинча улар давлат мактабини афзал кўришади. Бўлса ҳам бундай ўқитувчилар жуда камчиликни ташкил қилади. Тўғри, малакали, билими ўқитувчилар давлат мактабидан ташқари хусусий мактабда ҳам ишлайди, чунки мактабда 30 соатдан зиёд дарс берилмайди.  

Бундан ташқари, хусусий мактаб раҳбари тадбиркор бўлса, у ишчи-ходимлар билан ҳеч қандай шартнома тузмайди. Исталган вақт ходимни ишдан ҳайдаб юбора олади. Яна бир ёмон томони, ўқитувчиларга таътил пули берилмайди. Уч ой ёзда ўқитувчилар даромадсиз қолади. Шунинг учун ўқитувчилар жуда тез алмашади, аксар ўқитувчилар талабалар. Бошқа ўқитувчилар иккита мактабда ишлагани ҳисобига кам ютқизишади.

Хусусий мактабда ишлаган ўқитувчилар кун бўйи дарс ўтгани боис ўз устида кам ишлайди, натижада сертификат, малака тоифасини кам олади. Шунингдек, аёл ўқитувчилар декрет пули ололмайди.

Биз юқорида хусусий мактаблар ҳақида яхши таассуротга эга эдик. Балки ушбу ўқитувчи ишлаётган хусусий мактабда аҳвол шундайдир. Шунинг учун ҳам хусусий мактабнинг номини келтирмадик. Аммо ҳақиқатда яхши хусусий мактаблар ҳам бор.

- “Регистон” хусусий мактабида рус тилидан ёрдамчи ўқитувчи бўлиб ишлайман, - дейди Нигина Абдуллаева. – Аввал Самарқанд шаҳридаги 20-умумий ўрта таълим мактабида ишлаганман. Бакалавриатдан ташқари магистратурани ҳам битирганман. Давлат мактабларидаги муаммолардан бири пенсия ёшига етган ўқитувчилар ёшларга ўрин бермайди, ишлаб юраверади. Шунингдек, синфларда ўқувчилар сони жуда кўп. Масалан, бир ўқитувчи 35-40 нафар болага дарс ўтиши қийин. Аслида бундай синфларда ёрдамчи ўқитувчи бўлиши керак. Хусусий мактабда эса бола сони кам, бир синфда кўпи билан 24 нафар ўқувчи қабул қилинади, уларнинг қобилиятига қараб учта синфга бўлиб ўқитилади. Масалан, аълочилар, ўртача билимли ва билими пастларга алоҳида дарс берилади. Шунингдек, мактабимизда рус тили, инглиз тили, математика ва IT фанлари чуқурлаштириб ўқитилади. Агар ўқувчининг билими пасайиб кетса, у билан алоҳида ўқитувчи шуғулланади. Мактабда ўқувчиларга беш маҳал, ўқитувчиларга уч маҳал овқат берилади. Бунинг учун ўқитувчининг маошидан ушлаб қолинмайди.

Бундан ташқари, бизда дарсни қандай ўтиши, болаларнинг ўзлаштиришига қараб ҳар бир ўқитувчининг рейтинг баҳоси ҳисоблаб борилади. Ҳар чоракнинг охирида ўқитувчилар рейтинги эълон қилинади. Энг юқори рейтинг 25 балл бўлиб, тўрт чоракда ҳам юқори балл тўплаган ўқитувчиларга йилнинг охирида икки кишилик Дубайга саёҳат (1-ўрин учун), мобил телефон (2-ўрин учун) ва пул мукофоти (3-ўрин учун) берилади.

 ***

Танганинг икки томони бўлгани каби давлат умумтаълим мактаби ва хусусий мактаблардаги яхши-ёмон шароитлар билан танишдик. Аслида давлат умумтаълим мактаби ёки хусусий мактаб бўладими унинг раҳбари таълим сифатига алоҳида эътибор берса, жамоани аҳилликда ушлаб тура олса, бундай таълим даргоҳидан билимли ўқувчилар етишиб чиқаверади. Агар юқорида келтирилганидек, хусусий мактабни тадбиркор бошқарса, у ўз манфаатини ўйлаб, таълим сифатига аҳамият бермаслиги мумкин. Шунингдек, хусусий мактабларда давлат таълим стандартлари асосида белгиланган фанлар тўлиқ ўқитилмаса, бундай мактаблар фаолиятини ислоҳ қилиш керак.

Нима бўлган тақдирда ҳам барча таълим даргоҳларини таълим тизимининг нонини еган, унинг паст-баландини тушунган кишилар бошқариши шарт.

Яна бир гап: бола кун бўйи мактабда қаттиқ стулда ўтирмаслиги лозим. Куннинг иккинчи ярмида тўгарак машғулотлари юмшоқ ўриндиқли хоналарда давом эттирилса, унинг саломатлигига яхши таъсир қилади.  

Хуршида Эрназарова.