22 апрель - Халқаро Ер куни

Ер сайёрасининг 29 фоиздан ортиқроғи қуруқликка, қолган қисми эса денгиз ва океанларга тўғри келади. Ишлов бериладиган майдонлар эса бор-йўғи 11 фоизни ташкил қилади.

Инсонлар учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларининг 88 фоизи шу майдонларда етиштирилади. Шу жиҳатларга эътибор қаратилиб, бу кун турли мамлакатларда инсонларни сайёрамиз ягоналигини ҳис етиш, барча кучларни дунёда хавфсизликни таъминлаш, халқаро тинчликни сақлаш ва барча инсонларнинг ягона уйи ҳисобланган Ерни ҳимоя қилишга чорлайди.

Аввал “Ер куни” кўплаб мамлакатларда баҳорги тенгкунлик санаси (21 март)да нишонланган. 1970 йилдан бу сана 22 апрелга ўзгартирилган. Ўшанда АҚШ парламенти сенатори Гэйлорд Нелсон бошчилигида гарвардлик бир неча фаол талаба ёшлар иштирокида дастлабки “Ер куни” акцияси ўтказилади. 1971 йилдан бошлаб ўша сенатор ташаббуси билан АҚШда мазкур сана байрам сифатида ҳар йили нишонланадиган бўлган ва у мамлакат аҳолиси орасида тез оммалашган. Кейинчалик сана бошқа мамлакатларда ҳам норасмий бўлса-да, байрам сифатида нишонланган.

БМТ резолюциясига кўра, 1971 йилдан буён ҳар йили 22 апрель - Халқаро ерни муҳофаза қилиш куни сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Ушбу сана муносабати билан сайёрамизнинг турли минтақаларида тадбирлар, экологик кўргазма ва фестиваллар ўтказилади, ободонлаштириш, кўчатлар ўтқазиш каби хайрли ишлар амалга оширилади.

Ер - бизнинг ягона уйимиз ва биз ундаги муаммолардан қочиб-қутилиб бошқа ҳеч қаёққа етиб бора олмаймиз. Шундай экан, ҳар бир шахс, шу сайёрада яшовчи ҳар бир одам замин учун нимадир қилишга ҳаракат қилиши лозим. Табиатга озор бермаслик, унинг бойликларидан ва неъматларидан оқилона фойдаланиш, экологик мувозанатни асраш, жониворларга зиён етказмаслик, ифлослантирмаслик, ўз теварак-атрофимизни покиза тутиш – бу ҳар биримизнинг қўлимиздан келадиган оддий ва лекин умумий замин манфаати учун ғоят муҳим.