"Самарқанд ва Анталия ёшлари дўстлиги”: Туркия ёшлари Самарқандда
Бугун Самарқанд яна бир муҳим халқаро ташрифга мезбонлик қилмоқда. Туркия ёшлари делегациясининг вилоятимизга ташрифи икки қардош халқ ўртасидаги азалий дўстлик ришталарининг янги ва истиқболли босқичи сифатида эътироф этилмоқда.
Эрта тонгда Самарқанд халқаро аэропортида меҳмонларни вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси раҳбарияти ва фаол ёшлар карнай-сурнай садолари остида, ўзбекона анъаналарга хос тарзда кутиб олишди. Ушбу ташриф шунчаки саёҳат эмас, балки “Самарқанд ва Анталия ёшлари дўстлиги” доирасидаги стратегик ҳамкорлик лойиҳаларининг амалий ифодаси бўлиб, икки давлат ёшлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган.
Ташрифнинг маданий қисмида делегация аъзолари шаҳримизнинг дунёга машҳур дурдоналари — Регистон майдони, Амир Темур мақбараси ва Шоҳи Зинда мажмуаси каби тарихий обидалар билан яқиндан танишдилар. Меҳмонлар аждодларимизнинг юксак меъморчилик маҳорати ва бой маданий меросидан ҳайратда эканликларини билдириб ўтдилар. Шундан сўнг, ташрифнинг амалий қисми Ёшлар креатив шаҳарчасида давом этди. Туркиялик меҳмонлар бу ерда яратилган шароитлар, ёшлар учун тақдим этилаётган инновацион имкониятлар ва IT-лойиҳалар билан яқиндан танишди.
Мулоқотлар давомида Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган дастурлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Самимий руҳда ўтган учрашувда икки томон вакиллари ўзаро фикр алмашиб, келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан янги ғоя ва таклифларни муҳокама қилишди.
Бу каби учрашувлар нафақат халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга, балки ёшлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ва янги имкониятлар яратишга хизмат қилиши билан ғоят аҳамиятлидир.
Ташриф доирасидаги маданий тадбирлар ва учрашувлар давом этмоқда.
Чарос САИДОВА.