Дунёнинг энг кучли билярдчилари Самарқандда беллашмоқда

“Silk Road Samarkand” халқаро туристик марказида билярд спорт турининг динамик пирамида йўналиши бўйича жаҳон чемпионатига старт берилди.

Мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган ушбу нуфузли чемпионатда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон, Молдова ҳамда Беларус мамлакатларидан 150 нафар спортчи маҳоратини кўрсатмоқда.

Мусобақанинг очилишида Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон билярд федерациялари масъуллари иштирок этиб, спортчиларга муваффақият тилади.

– Билярд бўйича жаҳон чемпионатини мамлакатимизда ўтказишдан асосий мақсад – ушбу спорт турини юртимизда янада ривожлантириш, маҳаллий спортчиларимиз учун халқаро тажриба майдони яратиш ва бу орқали туризм салоҳиятини оширишдан иборат, – дейди Ўзбекистон билярд федерацияси вице-президенти Сафоидин Садиров. – Шу боис ҳам чемпионат учун ҳар томонлама қулай бўлган кўҳна ва тарихий Самарқанд танланди. Мусобақага тайёргарлик жараёнида иқтидорли спортчиларни саралаш турнирлари орқали аниқлаб олдик. Жумладан, терма жамоамиз таркибидан жаҳон миқёсида муносиб рақобат қила оладиган Жамолиддин Қўчқоров, Нодир Мирзаев, Зуҳриддин Ҳошимов каби маҳоратли спортчилар юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилади, деган умиддамиз.

Мусобақа 26 апрелгача соат 10:00 дан 21:00 га қадар давом этади.