Сиёсий шарҳ: Ғалати ғалаба
Америка, Исроил ва Эрон уруши нафақат дунё халқларини, ҳатто турли жамоалар ва оилаларни ҳам иккига бўлиб юборди. Ака Эрон тарафдори бўлса, ука Американи ёки ота бирини ёқласа, ўғил иккинчисининг ёнини олиб турганига гувоҳ бўляпмиз.
Қорнинг олти қирраси
Юқорида айтган фикрларимиз мутлақо табиий ҳол. Чунки Россия ва Украина орасида давом этаётган қонли урушда ҳам, гарчанд адолат, ҳақиқат ким томонида эканлиги аниқ ва равшан кўриниб турган бўлса-да, босқинчилар тарафини олган, ҳатто ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаётган одамлар бор. Маълумотларга қараганда, ҳозир мингдан зиёд юртдошларимиз Россия томонида туриб жанг қилаётган экан. Тўғри, улар балки иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш учун шу йўлга киргандир. Аммо нима бўлганда ҳам, давлатимиз қонунларини бузиб, пул учун хориж армиясига ёлланиш, бунинг устига, босқинчилар билан бир сафда туриш ўзбеклар ва ҳар бир ўзбекистонлик учун иснод. Албатта, оддий кишиларнинг у ёки бу томонни ёқлаб гапириши одатий ҳол. Бироқ айрим нуфузли оммавий ахборот воситаларининг, журналистлар, публицистлар, шарҳловчилар ва блогерларнинг турли томонда туришлари бўлмағур иш. Масалан, АҚШдаги “Fox news” нашри ушбу урушда Американинг оламшумул ғалабаси ҳақида кўпириб, тошиб хабар тарқатаётган бўлса, “The New York times” газетаси бу уруш Трампнинг оғир мағлубияти эканлигини ёзмоқда. Шу маънода, ҳеч бўлмаса, блогерлар ва журналистлар ҳар қанақа ҳолатда воқеаларга холис баҳо беришлари зарур. Бу борада тарафкашлик қилиш, ёлғон хабарлар тарқатиб, одамлар фикрини чалғитиш керак эмас.
Эътибор берганмисиз, ёқангизга қўнаётган қор парчаларидаги нақш ва жимжималар турли кўринишда бўлиши мумкин. Аммо барчаси бир хил - олти қиррали. Бунинг сирини олимлар заррабин - микроскоп ихтиро қилинганидан кейингина кашф этишди. Маълум бўлишича, сув молекулалари айнан қор заррасидек олти қиррали экан. Физикадаги ушбу қонуниятнинг халқаро сиёсатга қанақа алоқаси бор, дейишингиз мумкин. Ажабланарлиси, жамиятдаги айрим воқеалар ҳам табиат ҳодисаларига ўхшаб кетади. Тарихий воқеалар ўша дастлабки кичик матрица шакли негизида ривожланади ва охир-оқибат молекула қор парчасига, қор парчаси катта қорга, қор эса улкан уюмга, уюм даҳшатли кўчкига айланиб, одамлар бошига кўп нохушликлар пайдо қилганидек ҳолат юзага келади.
Тарихдан олиб кўрадиган бўлсак, октябрь инқилобидан сўнг собиқ шўро давлати идеологияси хусусий мулкчиликни қонундан ташқари дея эълон қилди ва коммунистик мафкурани бутун дунёга ёйишни асосий мақсад қилиб олди. “Бутун дунё пролетарлари, бирлашингиз!", деган чақириқ ҳар куни, ҳар соатда янграб турди. Инқилобий мафкура қўриқчилари бу борада мислсиз тадбирларни амалга ошириб, халқни пати юлинган товуққа ўхшатиб қўйди. Бу ишларнинг оқибати яхшилик билан тугамаслигини сезган Владимир Ленин зудлик билан “Янги иқтисодий сиёсат”ни жорий этиб, ёш шўро давлати иқтисодиётини ҳалокат жарлигидан узоқлаштирганди. Аммо унинг ўрнига келган Иосиф Сталин иқтисодиётни яна қайта коммунистик ўзанга солди ва умрининг охиригача хусусий мулкчиликка ва ташқи душманларга қарши қатъий кураш олиб борди. Ундан кейин ҳокимият тепасига келган Никита Хрушчев ички ва ташқи сиёсатда бирмунча ўзгаришлар қилган бўлса-да, Брежневнинг янги сиёсати унинг ислоҳотлари самарасини йўққа чиқарди. Ўтган асрнинг 80-йилларига келиб, мамлакат яна оғир иқтисодий инқироз ёқасига келиб қолди. Бу борада ислоҳотчи раҳбар Михаил Горбачёвнинг зудлик билан амалга оширган тадбирлари ҳам мамлакатни таназзулдан қутқара олмади ва буюк бир салтанат ҳалокатга юз тутди. Бунинг асосий сабаби ўша шўро империясининг дастлабки кунларидан жорий этилган сиёсий дастур охир-оқибат уни ҳалокат сари бошлаб борди. Эрон билан боғлиқ воқеаларда ҳам худди шунга ўхшаш манзарани кўрамиз.
Демотеократия учун кураш
1979 йил Эронда ислом инқилоби содир этилганига қадар дунёдаги барча давлатлар билан яхши қўшничилик алоқалари ўрнатилганди. Ҳатто бугунги қаттол душмани - Исроил ҳам Эроннинг яқин ҳамкорларидан бири бўлиб, уни замонавий техника ва технологиялар билан таъминлашга ҳисса қўшиб келаётганди. Ҳозирда атом қуролини яратишга уринаётган эронлик олимларнинг устозлари бир вақтлар ядро физикасини АҚШ ва Исроилдаги лабораториялардан ўрганиб келишганди. Эрон капиталистик дунёнинг Яқин Шарқдаги яқин ҳамкорларидан бири бўлиб, у ерда Американинг йирик ҳарбий базалари, корхоналари жойлаштирилганди. Шоҳ ҳукумати мамлакатга Ғарб маданиятининг кириб келишига кенг йўл очиб қўйганди. Унинг юритаётган бу сиёсатидан мамлакат ичидаги радикал диний гуруҳлар, атрофдаги исломий давлатлар, шимолда эса ўша пайтда қудрати кучайган собиқ СССР турли сабабларга кўра қаттиқ норози эди. Улар барча воситаларни ишга солиб, Эронда шоҳ сиёсатини издан чиқаришга ҳаракат қиларди ва 1979 йилда ғарбпараст монархия халқ ғалаёнлари оқибатида ағдарилди. Шоҳнинг ўзи халқ ғазабидан қўрқиб, чет элга қочиб кетди. Шиа руҳонийлари бўш қолган ҳокимиятни дарҳол ўз қўлларига олди. Улар бу воқеаларни “Ислом инқилоби” дея атаб, раҳбарлик учун ўзларининг диний лидерлари - Оятилло Ҳумайнийни Париждан Эронга келтириб, раҳбар этиб тайинлашди.
Руҳонийлар ҳокимиятга ўрнашиб олгач, давлат тўнтаришини амалга оширишда уларга кўмаклашган республикачилар, демократлар, коммунистлар, хуллас, ўзларидан ўзгача фикрлайдиган барча кишиларни қувғин остига олиб, бирма-бир йўқ қилишни бошлади. Бир сўз билан айтганда, инқилоб ўз фарзандларини “ейиш”га киришди. “Тарих такрорланмайди, қофияланади”, деган қанотли ибора бу гал ҳам тўлиқ ўз тасдиғини топди. Ўтган асрнинг 30-йилларида большевиклар ўз сафдошларини қандай қатағон қилган бўлса, Эрон руҳонийлари ислом инқилоби қўриқчилари ёрдамида мухолиф кучларнинг овозини ўчиришга эришди. Мамлакатда ҳурфикрлилик, ғайридиний маданият, санъат, мусиқа ва ҳатто қўшиқ айтиш ҳам тақиқлаб қўйилди. Гугуш ва Муинга ўхшаш атоқли санъаткорлар қувғин қилинди. Мамлакатда эркакларга алкоголь, аёлларга эса бошини очиб юриш қатъий тақиқланди. Оқибатда ўзгача фикрлайдиган миллионлаб эронликлар ватанни тарк этишга мажбур бўлди. Бу ишларнинг назоратини собиқ СССР КГБсидан андоза олиб тузилган ислом инқилоби қўриқчилари корпуси шафқатсизлик билан уддалади. Бундай бедодликларга мамлакатдаги мухолиф кучлар қарши чиқолмади. Нега десангиз, энди ғишт қолипдан кўчиб, кеч бўлганди. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, ҳозирги уруш арафасида ҳам содир этилган халқ ғалаёнларининг минглаб иштирокчилари шафқатсиз йўқ қилинди ёки ҳибсга олинди. Уларнинг бор-йўқ гуноҳи: ҳукумат олиб бораётган иқтисодий сиёсатга қарши норозилик эди. Ҳақиқатан ҳам руҳонийлар режими мамлакат бойликларининг асосий қисмини халқ фаровонлиги учун эмас, балки зўр бериб қуролланишга сарфлаётган эди. Натижада Эрон қисқа бир муддат ичида халқаро чекловларга қарамасдан, минтақадаги энг кучли ҳарбий давлатга айланди. Атом-ракета қуролларини яратиш учун жиддий киришилди.
Табиат ва жамият қонунлари шундайки, ҳар қандай ҳаракат аксилҳаракатни пайдо қилади. Диний раҳнамолар бошқарувидаги нобоп сиёсат охир-оқибат ўзининг муқаррар инқирозини тезлаштирди. Эски йил охирларида бошланиб кетган халқ ғалаёнлари Эроннинг ташқи сиёсатидан шундоқ ҳам норози бўлиб юрган катта кучларни илҳомлантириб, жиддий қуролли можарони келтириб чиқарди. Баъзилар буни Учинчи жаҳон уруши, дея фикр билдиришмоқда. Аммо бунда коалициялар мавжуд эмаслиги ва йирик давлатларнинг қўшилмаганлиги ушбу зиддиятни минтақавий можаро, деб аташга тўлиқ асос бўла олади.
Энди унинг сабаблари ҳақида тўхталадиган бўлсак, яна тарихга мурожаат қилишга тўғри келади.
Ғолиблар ва мағлублар
Юқорида ёзганимиздек, шоҳ даврида Теҳрон АҚШ ва Исроил билан ўта яқин алоқа боғлаганди. Эронда минглаб яҳудийлар, америкаликлар мамлакат халқ хўжалигининг турли соҳаларида фаолият кўрсатарди. Муллалар ҳокимиятни ўз қўлларига олгач, дастлабки қилган иши мамлакатдаги барча хориж сармояси билан ишлайдиган корхоналарни миллийлаштирди. Бу тадбир собиқ СССР бошлиқ собиқ социалистик мамлакатларнинг олқишига сазовор бўлди. Аммо бундан биргина АҚШ компаниялари ва ширкатлари ўша давр нархлари билан ҳисоблаганда 200 миллиард долларлик зарар кўрди. Ғарб мамлакатлари томонидан берилган саноат ускуналари ҳамда ҳарбий техникалар ҳам тўлиқ янги ҳукумат фойдасига ўзлаштирилди. Табиийки, булар сармоядорлар томонидан аччиқ оғриқ билан қабул қилинди. Бунинг устига халқнинг миллий-диний ҳиссиётларини жунбушга келтирган руҳонийлар очиқ аксилғарбий кайфиятларни тарғиб қилишди. “Америкага ўлим!”, “Йўқолсин Исроил!" сингари жанговар шиорлар баралла янграй бошлади. АҚШ “катта шайтон”, Исроил эса “кичик шайтон” дея эълон қилинди.
Ўтган асрнинг 80-йиллари охирида олий руҳоний Оятилло Ҳумайний Михаил Горбачёвга мактуб йўллаб, биргалашиб АҚШ бошлиқ империалистик дунёга қарши иттифоқ тузишни таклиф қилди. Эронда диндорлар ҳокимияти ва авторитар тизим йилдан йилга мустаҳкамланиб, кучайиб борди ва алалоқибат, жамиятни бошқарувчи ягона яккаҳоким кучга айланди. Гарчанд, мамлакатда расман президент, парламент ва сайловлар институти фаолият кўрсатса-да, улар ишини йўналтириб, охирги қарорни чиқарувчи диний раҳбарнинг мақоми барчасидан устувор қилиб қўйилган ва ҳокимиятлар мустақиллиги ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмасди. Бу ҳолат узоқ йиллар давомида мамлакат жипслигини таъминлаб турган асосий омил бўлса ҳам Эронни аста-секин демократик дунёдан иҳоталаб қўйган ўзига хос қафасга айланиб қолганди. Хорижий мамлакатларни дўст ва душманга ажратиш ва шу йўсинда муомала қилиш муваффақиятсиз усул бўлиб, охир-оқибат давлатнинг халқаро майдонда яккаланишига ва санкциялар босими остида қолиб кетишига сабаб бўлди.
Агар эътибор қаратган бўлсангиз, АҚШ хуружи пайтида бирор-бир мамлакат - на Хитой, на Россия, на Ҳиндистон, на Покистон ва на бошқа бирор йирик давлат Эронга ёрдамга шошилмади. Улар фақат урушаётган томонларни муроса қилишга ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга даъват этиб туришди, холос. Ана энди шундай ҳолат юзага келдики, ҳар икки томон ҳам ўзини ғолиб, деб ҳисобламоқда. Шу боис бир-бирига ён бергиси келмаяпти. Эроннинг бошқарув ва ҳарбий тизимлари катта талафотга учраган бўлса-да, инқилоб қўриқчилари рақибларга заррача бўш келмоқчи эмас. Улар бугуннинг ўзидаёқ сон-саноқсиз пиёда қўшинларини жангга ташлаб, мутлақ ғолиб бўлишига қаттиқ ишонмоқда. Бу йўлда қанча инсонларнинг қирилиб кетиши уларнинг хаёлларига келмаяпти. Аммо иккинчи томон ҳам ўз талабларидан воз кечмаяпти. АҚШ Эронни ядро қуроли яратишдан тийилиб, бойитиб қўйилган уран захираларини топширишини талаб қилмоқда. Бироқ эронлик мағрур раҳбарлар бу таклифни кескин рад этмоқда.
Энди бу талотумларнинг бошида турган Трамп ҳақида айтадиган бўлсак, у ўзини ўта яхши кўрадиган, пихини ёрган одам. Унинг на миллий, на диний ва на дунёвий қадриятлар билан мутлақо иши йўқ. Агар фойдаси тегса, ашаддий диктаторлар, диндорлар билан ҳам келишиб кета оладиган доғули бизнесмен. Унинг ҳозирги асосий мақсади - Американи янада бойитиб, дунёдаги лидерлик мақомини янада мустаҳкамлаш ва шу орқали тарих саҳифаларига ўз номини зарҳал ҳарфлар билан ёздириш. Шу билан бирга, унда йилдан йилга кучайиб бораётган Хитойнинг пилигини бироз пасайтириб қўйиш нияти ҳам йўқ эмас. Хитойни энергия ресурслари билан таъминлаб турувчи асосий манба эса Эрондир. Ушбу мақсадлар йўлида у ҳатто шайтон билан ҳам келишувга тайёр. Аммо йўлига ғов бўладиган ҳар қандай тўсиқни аямай йўқ қилиб ташлашдан сира тап тортмайди.
Худойберди КОМИЛОВ,
сиёсий шарҳловчи.