Булунғурда янги ўқув йилидан хусусий мактаб ишга тушади

Булунғур туманида ташкил қилинаётган “Real school” хусусий мактаби янги ўқув йилидан 1-4-синф ўқувчиларини қабул қилади. Мактаб “SMARD WORDS” МЧЖ томонидан қисқа даврда қурилиб, таъмирланди.

- Нодавлат таълим муассасасини таъмирлаш учун қарийб 1 миллиардга яқин маблағ йўналтирилмоқда, - дейди “SMARD WORDS” МЧЖ муассиси Нигора Ўролова. - Мавжуд барча синф хоналари замонавий мебель жиҳозлари, техник воситалар билан таъминланмоқда.

Ўқувчиларга спорт ва фан тўгараклари учун барча шароитлар яратилди. Шунингдек, болалар учун 15х5 ҳажмли сузиш ҳавзаси қурилиб, фойдаланишга тайёр ҳолатга келтирилди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, мактаб маъмурияти таълим сифатига алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўқитувчилар танлов асосида ишга қабул қилиниб, улар моддий ҳамда маънавий қўллаб-қувватланади.

Яна бир муҳим жиҳат, ҳар бир синфга 20 нафардан ўқувчи қабул қилинади. Бу ўқувчиларнинг ҳар бир мавзуни мукаммал ўзлаштиришига замин бўлади.

Мактаб ҳудудида кутубхона ташкил қилинган бўлиб, айни кунларда кутубхона ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдона асарларидан иборат бадиий асарлар, эртак ва ҳикоялар билан бойитилмоқда.

Хусусий мактаб ота-оналар тўлови ҳамда муассис маблағлари асосида фаолият кўрсатади.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.