"Пакистанмас, Ўзбекистон!"
Бундан 7-8 йил олдин японларга Ўзбекистон десангиз, "Пакистан", "Қаерда жойлашган?" деб талмовсираб қолишар эди. "Булар географияни ҳам билмайдими?" деб тепа сочим тикка бўларди.
Аммо бир нарсани ишонч билан айта оламанки, охирги йилларда японлар Ўзбекистонни яхши биладиган, яхши кўрадиган бўлишди. Битта-иккита Танака-панакасини ҳисобга олмасангиз, бугун Ўзбекистонни отни қашқасидек танийди. Бунинг учун ҳиссаси қўшилган барча аслзода ватандошларимизга ташаккур! Аслзода Президентимизга ташаккур!
Шу десангиз, бугун Япония Ўзбекистон нафаси, Ўзбекистон шукуҳи билан яшади. Негаки, дунёдаги энг машҳур ШИБУЯ чорраҳасида Ўзбекистон ҳақида роликлар тинимисиз қўйилди. Токио деганда бутун дунёнинг кўз ўнгида гавдаланадиган ТОКИО ТЕЛЕМИНОРАСИ Ўзбекистон байроғининг рангларига бурканди. Япониядаги энг машҳур газеталар, энг машҳур каналлар, қўйингки, ҳамма жойда Ўзбекистонни ёритишди.
Япон ҳамкасбларга "Сизлар Ўзбекистонни ҳани-ҳуни деб ўйлаганмидинглар?" деб ғурурланиб гапириб қўйдим. Сиз ушбу хабарни шунчаки "Ҳа, Японияга ташриф бўлипти-да", деб ўқишингиз мумкин. Аммо Японияда "Череччур-черезнемогу" катта ташриф, катта сиёсий байрам деб кутиб олишяпти. Япон томони "Ўзбекистон билан катта лойиҳалар қилиш истагида" эканлигини яширишмаяпти. Умид қиламизки, бу ташриф халқимиз учун катта манфаат келтиради.
Энди, буёғини эшитинг. Бизнинг қишлоқдаги Мардонни нокаут қиламиз. Япониядаги биз, ватандошлар Президентимизнинг келишларини ўта хурсандчилик билан кутдик. Президентимизнинг машиналари манзилга келди. 8 соат самолётда, бир неча соат йўлда юриб чарчаганларига қарамай биз билан 1 соатга яқин тик оёқда гаплашдилар. Қойилотун қойилун, деб юбордим. Мен самолётда 8 соат учсам, 3 кун чарчоғим чиқмайди...
Президентимиз машинадан тушиб келиб ватандошларимиз билан саломлашдилар. Мен ҳам Президентимиз билан қўл бериб кўришиб, озгина суҳбат қуриш бахтига ҳам муяссар бўлдим. Бу хурсандчиликни сиз аслзодалар билан бўлишмасам бўлмас деб расм ҳам тушиб олдим.
Шунақа гаплар, аслзодалар. Мана шундай ташрифлар, келишувлар, ҳаракатлар бўлса, яқин келажакда Ўзбекистонимиз манаман деган ривожланган давлатлар қаторида бўлади. Мен бунга ишонаман!
Баҳодир НИППОНИЙ (Баҳодир Искандаров).