Бахт сири
Ойдин кўзларида ёш билан ишга отланар экан, негадир эридан ҳам, ҳаётидан ҳам нафратланиб кетди. Кўзи қўшниси Исмигулга тушди: эри билан шодон ҳолда "Жентра"сига ўтириб кетяпти.
«Мана, шу хотина ишламаса ҳам эри учун қадрли…», деб ўйлади у алам билан.
Қўлидан тутмоқчи бўлган қизини эса жаҳл билан жеркиб ташлади.
— Ўзинг юрасан!
Қизалоқ қўрқа-писа онасига қараб, муздек қўлчаларини курткаси ичига тиқди.
— Қайси гўрданам шу одамга тегдим? Бошқа йигит қолмаганмиди? Уйида ҳатто шимилдириғи ҳам йўқ, яна тозаланган бўлиб юради!
Йўлда қўшниси Баҳорани учратди.
— Ҳа, қўшни, ишгами? — деди у жилмайиб.
Ойдин кўзларини олиб қочди.
— Ҳа, кечикиб кетдим…
Кўз қири билан Баҳоранинг қимматбаҳо шубасига қараб қўйди. «Бу хотиннинг ҳам ҳаёти маза: икки ўғли бор, эри яхши топади…»
Шу пайт қизи музга сирпаниб кетди. Ойдин жаҳл билан унинг юзига шапалоқ туширди.
— Кўзинг кўрмайдими?!
Қиз чириллаб йиғласа ҳам, уни судраб боғчага ташлади. Чўнтагида визиллаб турган телефонни ўчириб қўйди.
— Қайси бет билан қўнғироқ қиляпти? Шошмай турсин, барибир ажрашаман!
Ишхонада эса кўнгли безовта бўлиб ўтирди. Охири ноилож телефонни ёқиб, таниш ҳамширага қўнғироқ қилди. Ҳамшира тезда етиб келди.
— Вой, кеч қолдим, Ойдинхон. Баҳораникидан келаётгандим.
— Нима бўлди? — деди Ойдин ҳайрон бўлиб.
— Фақат ҳеч кимга айтманг… Эри урибди, боши билан столга урилиб ҳушдан кетган экан.
Ойдин ювошгина қўшнисини эслаб, ич-ичидан эзилди.
— Тавба…
— Жуда яхши аёл-да бечора. Фақат кулиб юради. Устига-устак онаси йўқ, ўгай она қўлида катта бўлган…
Ойдин ҳайратда қолди.
— Билмас эканман…
— Қон босимингизни тез ўлчай, Исмигулникига ҳам боришим керак.
— Унга нима бўлди?
— Биринчи фарзандидан кейин ҳомиладор бўлолмаяпти. Айб эрида, лекин ҳеч кимга айтмайди…
Ойдин доим эрини мақтаб юрадиган қўшнисини эслаб, лол қолди.
Ҳамшира гапирар, лекин унинг сўзлари энди Ойдин қулоғига кирмасди. Кўз олдидан ўз ҳаёти ўтди: уни қадрлайдиган эри, бир ўғли, бир қизи, иши бор, ота-онаси тирик, уйида овқат узилмайди…
Кўзларидан ёш думалаб тушди. Гўё кўнглидаги ғуборлар ювилиб кетгандек. У энди ўзининг ҳаёти ҳамманикидан яхши эканини англаганди.
Нафиса МАЛИКОВА.