Апрель Амир Темур меросини улуғлашга бағишланган маънавият ойига айланади
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2026 йил 6 февраль куни “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Мазкур қарор миллий тарихий хотирани мустаҳкамлаш, ҳарбий-ватанпарварлик руҳини юксалтириш, Ватанга садоқат ва миллий ғурур туйғуларини янада кучайтиришга қаратилган муҳим сиёсий-маънавий ҳужжатдир.
Амир Темур жаҳон тарихида йирик давлат барпо этган буюк саркарда, оқил давлат арбоби сифатида чуқур из қолдирган. Унинг бошқарув фалсафаси адолат, қатъий тартиб-интизом, қонун устуворлиги ҳамда илм-фан ва маърифатга таянгани билан ажралиб туради. Самарқандни пойтахтга айлантириб, уни жаҳон цивилизациясининг йирик марказларидан бири даражасига кўтаргани, меъморчилик, илм ва маданият равнақига кенг йўл очгани бугун ҳам тарихчилар томонидан алоҳида эътироф этилади.
Соҳибқироннинг бой маънавий ва давлатчилик мероси ҳозирги кунда ҳам ёш авлодни ватанпарварлик, жасорат, фидойилик ва миллий ифтихор руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, “Темур тузуклари” асарида баён этилган давлат бошқаруви, раҳбар масъулияти ва жамият адолатига оид ғоялар ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Қарорга мувофиқ, жорий йилда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги республика миқёсида кенг нишонланади. Шунингдек, ҳар йили апрель ойини “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилиш орқали мамлакат бўйлаб таълим муассасалари, давлат ташкилотлари ва маҳаллаларда маънавий-маърифий, тарбиявий ва илмий тадбирлар ўтказилиши белгиланган.
Бундан ташқари, 9–10 апрель кунлари “Амир Темур ва темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни ва аҳамияти” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу анжуманда маҳаллий ва хорижий олимлар, тарихчилар ҳамда тадқиқотчилар иштирок этиб, темурийлар даврининг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси илмий асосда таҳлил этилади. Шу билан бирга, “Темур тузуклари” асарининг илмий изоҳли матнини турли тилларда нашр этиш, тарихий қўлёзмалар, илмий-оммабоп китоблар ва альбомлар тайёрлаш ҳам назарда тутилган.
Каттақўрғон туман нуронийлари ушбу қарорни юксак маънавий аҳамиятга эга тарихий ҳужжат сифатида қўллаб-қувватлайди. Биз миллий тарихий меросни асраб-авайлаш, аждодлар қолдирган бой қадриятларни ёш авлод онгига сингдириш, шунингдек, белгиланган маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этишга бел боғлаганмиз.
Қамариддин Аҳмедов,
Каттақўрғон туман "Нуроний" жамғармаси бўлими раиси.