Расмийлар мигрантлар учун нима қила олади?
Миллионлаб юртдошларимиз Россияда ва бошқа юртларда меҳнат муҳожирлигини яшаётган бир даврда негадир уларнинг ҳуқуқлари ҳақида етарлича ўйламаётгандек туюлаверади. Бу ҳақда соатлаб гапиришдан кўра, мулоҳазаларимни бирма-бир баён этсам...
1994 йил. Давлатимиз эндигина мустақил бўлган, ҳали чегаралар бугунгидек қаттиқ эмас, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар эски совет тизимидан тўлиқ узилмаган давр эди. Ўша йилнинг 4 июлида Москвада имзоланган битимни бугунги кўз билан ўқисангиз, ҳайрон қоласиз: у ерда ёзилган гаплар ҳозирги патент азобларидан анча инсофлироқ кўринади.
Нега шундай дейман? Чунки 1994 йилги ҳужжатда «инсон қадри» моддаларга сингдирилган эди. Битимнинг 10-, 11-, 12- ва 13-моддалари айнан муҳожирнинг Россия тупроғида ўзини «бегона» ҳис қилмаслиги учун хизмат қилиши керак эди. Масалан, битимда «иш берувчи давлат» (яъни Россия) ўз зиммасига жуда катта мажбуриятларни олган. Агарда ўзбек муҳожири Россияда қонуний ишласа, у худди Россия фуқароси каби бепул тиббий ёрдам олиши, касал бўлганда давлатдан нафақа (больничный) олиши ва ҳатто бахтсиз ҳодисага учраса, бутун компенсацияни Россия корхоналаридан ундириши белгилаб қўйилган эди.
Лекин бу "инсоф" қаерга кетди? Нега ҳозир муҳожирларимиз тиш оғриғидан тортиб, жиддий жароҳатгача ҳаммасини ўз чўнтагидан тўлаяпти?
Гап шундаки, 1994 йилги битимда солиқларни Россия бюджетига тўлаш шарти бор эди (11-модда). Аммо у пайтда ҳеч ким "патент", деган нарсани билмасди. Муҳожир корхонага ишга кирарди, корхона унинг маошидан солиқ ушлаб қоларди ва бу солиқ эвазига давлат унга бепул шифохона ва ижтимоий ҳимоя бериши шарт эди. Бугун эса тизим мутлақо ўзгарди. Россия ўзининг ички қонунчилигини битимлардан устун қўйди. Энди муҳожир ишга киришдан олдин "патент" учун солиқ тўлайди. Бироқ бу солиқ унга ҳеч қандай имтиёз бермайди. Яъни, сиз солиқни олдиндан тўлаяпсиз, лекин касал бўлсангиз, "суғурта сотиб олганмисан?" деб сўрашади.
Бу 1994 йилги битимнинг мантиқсизлигидир. Журналист сифатида шуни айтиш керакки, ўша ҳужжатда белгиланган ҳудудийлик тамойили (қаерда солиқ тўласанг, ўша ерда хизмат оласан) бузилди. Россия солиқни оляпти, лекин хизматни кўрсатмаяпти. Бизнинг муҳожир эса икки ўт орасида қолди: у ерда солиқ тўлайди, фойдаси йўқ; бу ерда (ватанида) солиқ тўламайди, "ишсиз" деб ҳисобланади.
Вақт ўтиб, 1994 йилги битим эскириб, ҳаётдан узилиб қолгач, 2017 йилда янги - "Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун фуқароларни уюшган ҳолда танлаш ва жалб қилиш тўғрисида»ги битим имзоланди. Бу ҳужжат пайдо бўлганида, расмий доиралар буни "миграция тарихидаги янги давр" деб аташди. Лекин оддий муҳожирнинг кўзи билан қараганда, бу битим "инсоф"дан кўра кўпроқ "тижорат"га ўхшаб кўринди. Нега?
Биринчидан, 2017 йилги битимнинг марказида "Уюшган ҳолда танлаш" (Оргнабор) деган тушунча туради. Бу шуни англатадики, энди давлат муҳожирга: "Ўзинг кўчага чиқиб кетма, мен сенга иш берувчи топиб бераман, сени ўқитаман, тиббий кўрикдан ўтказаман, ҳужжатингни тахлаб бераман, сен эса тайёр ишга борасан", деди. Назарий жиҳатдан бу жуда яхши. Муҳожир Россия кўчаларида сарсон бўлмайди, полициядан қочмайди. Аммо амалиётда бу тизим муҳожирнинг бўйнига қўшимча харажатлар занжирини илиб қўйди.
Инсоф билан вазиятни таҳлил қилсак, бу битим орқали миграция жараёни атрофида юзлаб "воситачи" тузилмалар пайдо бўлганини кўрамиз. Ўқитиш марказлари, тест марказлари, суғурта агентликлари... Муҳожир ҳали бир сўм пул топмасдан туриб, мана шу тизимнинг чархини айлантириш учун пул тўлашни бошлади. Халқ тили билан айтганда, давлат бу ерда муҳожирни ҳимоя қилишдан кўра, уни экспорт қилинадиган товар сифатида расмийлаштиришга кўпроқ урғу берди.