Эл-юрт хизмати, одамларга яхшилик улашиш ҳаётининг мазмуни эди

Руҳий эҳтиёж сабабми, баъзан ота-онамни, устозларни қўмсайман. Шундай пайтларда бир кўча нарида яшайдиган Акрам Тожибоевични кўргим келади. Чунки бу улуғ зот менга ҳамиша отам ва устозларимни эслатиб туради. Ҳузурига шошиламан. Суҳбатимиз оддий бўлади. Табиийки, ҳол-аҳвол сўрашгач, отамни эслаб оламиз.

– Амир аканинг ўзи ҳам худди Нурободнинг далаларига ўхшаган феъли кенг одам эди-да... Қачон бормайлик, хушкўнгиллик билан кутиб оларди. – дейди домла. - Дилкаш ва самимий суҳбатлари юрагимда ўчмас хотира бўлиб қолган. Шундай инсоннинг ўғли бўлганингиз учун ҳам бугун обрў билан юрибсиз-да, йигит.

Устоз ўтмишини эслаб гапириб берарди:

- Ёшлигим уруш йилларига тўғри келган. 7 ёшимдан 12 ёшимгача кўп қийинчиликларни бошимдан кечирганман. Ўртаҳол кийиниш у ёқда турсин, бир бурда нон топишнинг ўзи амримаҳол эди. Мактабга вақтида бора олмасдим.

Бир куни қишлоғимизнинг мулласи бўлган катта отам Рўзимат Турсунов мени ёнига чақирди ва «Болам, ҳаётда ўғирлик ва ғарлик ёмон, ҳалол меҳнатнинг айби йўқ. Убайдулла амакинг билан қишлоқнинг подасини боқинглар», деди. Ҳамон кўз олдимда турибди: эрта тонгдан то қоронғи тушгунча молларнинг орқасидан юраман. Мол эгалари ҳар уч кунда битта нон беради, уни “ошиҳалол” дейишади. Бошимда эски телпак, эгнимда ямоқ солинган кийим, оёқимда чориқ… Шу кетишда етти йил подачилик қилдим. Баъзан бу азоблардан қачон қутулар эканман, деб йиғлаган кунларим ҳам бўлган. Аммо китобни қўлдан қўймасдим, ўқишни ташламасдим. Подачиликдан қутулгач, колхоз балоси бошланди. Энди биз эртадан кечгача пахта далаларида ишлайдиган бўлдик…

Ўрта мактабни битиришни тоқатсизлик билан кутардик. Шундай кунлар ҳам келди. Мақтанмайман, Жиззах туманидаги Наримонов номли 5-мактабда аъло баҳоларга ўқиганман. Самарқандга келиб, ҳужжатларимни университетнинг филология факультетига топширдим. Не бахтки, ўқишга кириб кетдим. Бу 1956 йиллар эди.

Салгина ўқиб улгурмасдан, СамДУни Пахтакор (ҳозирги Пахтачи) туманига пахта теришга олиб кетди. Ёшликда подачиликда, далада, жазирама иссиғу қаҳратон совуқларда чиниққаним иш берди. Кўп пахта терардим. Ҳар беш кунликда керзавой этик, телогрейка, тилла соат каби мукофотлар оладиган бўлдим. Иқтисодим бир қадар тикланди, десам ҳам бўлади. «Комсомолская правда», «Ёш ленинчи», «Ленин йўли» газеталарида «Самарқанд давлат университети талабаси Акрам Тожибоевга тенглашинг, у кеча давлат хирмонига 150-180 килограммгача пахта тўкиб, бошқаларга намуна бўлди», мазмунида мақолалар бериларди. Ҳатто Ўзбекистон Олий Совети президиумининг «Фахрий ёрлиғи» билан мукофотландим. Ҳамон асраб-авайлаб келаётганим бу юксак мукофотда Шароф Рашидовнинг имзоси турибди.

Бу менинг ҳалол меҳнатдан топган обрўйим эди. Юксакларда учиб юрардим. Ўқиш баробарида жамоат ишларини ҳам жону дилим билан бажарардим. 5 йил факультет ёшлар қўмитасининг аъзоси бўлдим, 3 йил ётоқхона кенгашини бошқардим. Муҳими, устозларга яқин юрганман. Воҳид Абдуллаев, Ислом Усмонов, Нуриддин Шукуров, Жўрабой Ҳамдамов, Раҳмонқул Орзибеков, Раҳматулла Қўнғуровларнинг дуосини олганман...

Дарҳақиқат, университет таълим-тарбияси Акрам Тожибоев ҳаётида катта роль ўйнаган ва у муайян тажриба билан ҳаётга йўлланма олганди. Устоздаги ақл-заковат, ғайрат-шижоат, меҳнатсеварлик, қийинчиликлардан қўрқмаслик… 23-25 ёшлардаги йигитнинг шиддатини тасаввур қилиш қийин эмас.

Шу шиддат билан Акрам Тожибоев Пайариқ туманида иш бошлади. Аввал мактабда ўқитувчилик, илмий бўлим мудирлиги, халқ таълими бўлимида бош инспектор, бўлим мудири каби вазифаларни бажарди. Партия қўмитасида бўлим мудири, комсомол қўмитасининг биринчи котиби бўлди.

Ўша пайтларда партия органлари учун малакали мутахассислар жуда зарур бўлган. Акрам Тожибоевич эса айни пишиб етилган кадр эди. Уни Ўзбекистон Компартияси вилоят қўмитасига ишга олишди. Аввал фан ва ўқув юртлари бўлими инструктори, партия ва совет ходимлари малакасини ошириш вилоятлараро курси бошлиғи вазифаларида ишлади.

– Хизмат лавозимларида салкам чорак аср ишладим. Шу орада Москвадаги Олий партия мактабини битириб олдим, – деб эслайди Акрам Тожибоевич. – Бунинг учун устозларим – ўша пайтлар СамДУ филология факультети декани, кейинчалик Самарқанд педагогика институти ректори Орифжон Икромов, партия ва совет органларида биринчи котиб ва ижроия қўмита раиси бўлган Абдулла Мелиев, Синдор Ҳамроқуловлардан бир умр миннатдорман. Уларнинг пок руҳи олдида ҳамиша бош эгаман. Охиратлари обод бўлсин!

Суҳбатимиз шу ерга келганида орага сукунат чўкди. Устознинг хаёлидан нималар кечганини билмадим, юзида ўтган умридан мамнунлик ҳисси бор эди.

Тўғри-да, ёши 80 дан ошган бўлишига қарамасдан, гапларни кесиб-кесиб, юракка етиб борадиган қилиб гапириш, ўша одамохунлик ва фидойилик сезилиб турарди. Фақат сочларда оқ ва юзда ажинлар кўпайган. Аммо чеҳрасида ўша-ўша зукколик ва донишмандлик мужассам.

– Пенсияга чиққандан кейин уйда бекор ўтира олмадим. Аввал Республика «Наврўз» жамғармаси вилоят бўлимига раҳбарлик қилдим, ҳозир Самарқанд шаҳридаги Нуробод маҳалласи оқсоқоллар кенгаши аъзосиман. Баҳоли-қудрат маҳалладошларимнинг муаммолари бўлса, ечиб беришга кўмаклашаман.

Шу пайт маҳалла раиси Тоир ака келиб қолди. Маҳалла ҳақида гаплашиб ўтиганимизни айтганимда, суҳбатга қўшилди:

– Маҳалланинг ташвиши кўп бўлар экан. Бирини ҳал қилсанг, иккинчиси чиқади. Мана шундай пайтда, ёнингда турадиган, ўзига яраша обрўси бор одам керак. Шунинг учун, Акрам акадай оқсоқоллар бизга жуда зарур. Ҳозир ҳам бир масалада маслаҳат сўраб келгандим.

Ҳақиқатан, Акрам ака ёши бир жойга борган бўлса ҳам фаолиятдан бир лаҳза тўхтамади. Бу инсонни вилоятда ўтказиладиган барча оммавий тадбирларда кўришингиз мумкин эди. Яхши-ёмон кунларда яқинларининг, дўсту биродарларининг ғаму қувончига шерик, тўй-маъракаларига бош-қош. Завжаи муҳтарамалари Холжон она билан невара-чеваралар тарбиясини ҳам унутишмайди.

Акрам Тожибоевичнинг сиймосига боқиб, одамзодни яшаш масъулияти ҳеч қачон тарк этмас экан, деб ўйлайман. Киши одамзоднинг ёши ва жамиятдаги мавқеига қараб ўзгариб бориши мумкиндир, аммо Акрам ака қирчиллама йигитлик пайтида фақат давлат ишидан гапирарди. Юқоридан берилган ҳар бир топшириқни ўз вақтида уддалашни асосий мақсад, деб ишлади. Эл-юрт хизматида бўлиш, одамларга яхшилик ва эзгулик улашиш у кишининг бош ғояси эди. Кексайганида ҳам ўз ғоясига содиқ қолган бўлса-да, ёндашувлар бироз ўзгарди, босиқлик, гапирганда камчиликка йўл қўйишдан ҳадиксирайдиган, атрофдагиларнинг манфаати ва кайфиятини ҳисобга олиб гапирадиган бўлди, холос. Лекин умрининг охирги дамларигача, фарзандлар, невара-чевараларидан мамнунлик, ҳаётидан розилик ва шукроналик билан яшади.

Ҳаётини бир умр ҳалоллик ва фидойилик билан ўтказган Акрам Тожибоевдек табаррук инсонларнинг хотираси, қолдирган эзгу амаллари биз учун ибратдир.

Суюн КАРИМОВ,

СамДУ профессори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.