Пистачилик Нурободнинг янги драйвери бўлади
Писта қурғоқчилик ва совуққа жуда чидамли бўлган кўп йиллик дарахт ёки бута ҳисобланади. Секин ўсади, лекин узоқ умр кўради.
Иссиқсевар, қурғоқчиликка чидамли ва серҳосил бу дарахт айрим манбаларда 40 даража иссиқ ва совуққа чидаши ва минг йилгача яшаши мумкинлиги қайд этилган. Унинг меваси юқори диетик хусусиятга эга бўлиб, таркибида 49-60 фоиз мой, 15-20 фоиз оқсил ва 3-8 фоиз қанд мавжуд. Тўғри парвариш билан гектарига 5-6 тоннагача юқори сифатли ҳосил беради.
Писта ўстириш дастлаб 1937 йилда Боботоғ тизмасида бошланган бўлса, ҳозирда Ўзбекистонда табиий ҳолда деярли барча тоғ тизмаларида учрайди. Вилоятимизда Каттақўрғон сув омбори атрофларида катта майдонларда пистазорлар ташкил этилган. Республикада уруғидан экиб ўстирилган пистазорлар йил сайин ортиб бормоқда. Ўзбекистон ўрмончилик илмий тадқиқот институтида пистанинг 10 га яқин нави яратилган, 30 дан ортиқ писта навлари коллекцияси барпо этилган.
Юқорида санаб ўтилганидек писта қурғоқчиликка, иссиқ, совуққа чидамли, кўп йиллик ва юқори даромадли, экспортбоп ўсимлик. Бу жиҳатлар ҳозирги сув танқислиги кучаяётган аграр соҳада экспорт барқарорлигини таъминлаш муҳим бўлган вазиятда энг мақбул ўсимлик ҳисобланади.

Шу боис Президент Администрациясининг 2026 йил 3 февралдаги йиғилишида Нуробод туманида писта етиштириш лойиҳасини ишлаб чиқиш, туман ҳудудидаги давлат захира ерларидан самарали фойдаланиш, деградацияга учраётган ерларни яхшилаш учун писта плантациялари ташкил этиш бўйича топшириқ берилганди. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон агентлиги томонидан жойларда пистазорлар ташкил этиш ишлари бошлаб юборилди. Писта плантацияларини ташкил этиш кўчат экиш жараёнларида ўрмон хўжалиги, экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

- Топшириқ ижроси доирасида ўтган йили кузда писта экиш ишларини бошладик, - дейди Нуробод туманидаги Саройқўрғон давлат ўрмон хўжалиги директори Аҳмаджон Сағдуллаев. – Бунинг учун Нуробод тумани захира ерларидан ўрмон хўжалигимизга 50 минг гектар ер майдони ажратиш белгиланган. 10 йиллик дастур доирасида, яъни, 2036 йилгача ҳар йили 5 минг гектардан писта плантацияларини барпо қилиш вазифаси қўйилган. Мазкур йирик лойиҳани амалга ошириш, суғориш тизимини йўлга қўйиш учун давлат бюджетидан 21 миллиард сўм маблағ йўналтирилмоқда. Бунда 50 дона тик қудуқ, шунча сув ҳавзалари ўрнатилади ва ҳудуддаги Пўлатчи, Нурдум, Машъал ва бошқа маҳаллалардаги кам таъминланган оилалардаги 500 дан ортиқ ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланади. Уларга пудрат шартномаси асосида 5 гектардан 10 гектаргача ер ажратиб берилади. Майдонларга томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган ҳолда топширилади. Бугунги кунда вилоятимиздаги 10 та ўрмон хўжалигининг ҳар бири 500 гектардан экиш ишларини олиб бормоқда.
Мутахассисларнинг ўрганишларига кўра пистани дастлабки уч йилда доимий равишда суғориш етарли бўлади, кейин илдизнинг ерга чуқур кириб бориши ҳисобига ернинг пастки қатламидан зарур намликни олади ва узоқ йиллар ҳосил беради.

- Лалми майдонларда писта плантацияларини барпо этишнинг самарали эканлигини илм билан асослашга ҳаракат қиляпмиз, - дейди ўрмон хўжалиги илмий тадқиқот институти селекция, уруғчилик ва кўчатчилик лабораторияси мудири, қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор Бобомурод Эшонқулов. – Туманнинг Каттақўрғон сув омбори атрофидаги лалми қир-адирликларда пистазорлар ташкил этиш тарихи деярли 100 йилни қамраб олади. 1949 йилда сув омбори қурилгандан сўнг унинг атрофидаги қирғоқларни эрозиядан сақлаш учун пистазорлар баопо этиш бошланган. Ўшанда асосий вазифа сифатида тупроқ емирилиши, эрозиясининг олдини олиш бўлган. Ҳозирда бу даромадли ўсимлик томчилатиб суғориш йўли билан адирликларга экилиб, қияликларда писта плантациялари барпо этилмоқда.
Туманда жорий йилнинг баҳор мавсумида 252 гектар ерга кўчатдан, 290 гектарга уруғдан жами 542 гектар майдонда писта плантациялари ташкил этилди. Кўчатлар туманлардаги ўрмон хўжаликларида тайёрланди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур ташаббус деградацияга учраган ерларни тиклаш ва улардан самарали фойдаланишда самарали ҳисобланади. Агротехник талабларга кўра, писта дарахтлари 6-7 йилда ҳосилга киради ва 12-йилдан юқори ҳосилдорликка эришилади.
Ҳудуддаги Нурдум маҳалласидаги 6 қишлоқда 1300 хонадонда 6 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, уларнинг 70 дан ортиғи кам таъминланган оила ҳисобланади. Режага кўра, кам таъминланган оиларни иш билан таъминлаш ва доимий даромадга эга бўлишлари учун дастлаб уларга писта майдонлари ажратилади. Ушбу маҳалладаги 400 дан ортиқ хонадонда кўп йилдан буён писта етиштирилиши ва аҳолида бу ўсимлик борасида етарлича тажриба борлигини ҳисобга олсак, яқин вақтда ҳудудда мўмай даромад манбаига эга бўладиган янги драйвер йўналиш пайдо бўлади.
Ўктам Худойбердиев,
Бахтиёр Мустанов (сурат ва видео).