Нурободни чанг-тўзондан қандай асраймиз?

Кейинги йилларда иқлим ўзгариши оқибатида ҳудудларнинг чўлланиш даражаси ортиб боряпти. Бу ҳолат айниқса, чўл ва даштлардан иборат Нуробод туманида яққол сезилмоқда. Илгари бутун ёз ойларида саноқлигина чанг-тўзонли кунлар кузатилган бўлса, энди бундай кунлар ҳар ойда ўн кунлаб давом этяпти. Осмондан тупроқ ва чанг ёмғирдек ёғмоқда.
Бу аянчли ҳолатни юмшатиш, мавжуд экологик вазиятни яхшилаш борасида на туман раҳбариятида, на вилоят мутасаддиларида аниқ таклиф ёки белгилаб олинган чора-тадбирлар, ташаббускорликни кўрмаяпмиз.
Назаримда бундай нохушликларни бартараф этиш учун кенг кўламли комплекс ишлар белгиланиши лозим. Чанг-тўзонларни камайтириш борасида аниқ чора-тадбирлар ҳукумат даражасида белгиланиб, қўшни Қашқадарё, Навоий, Бухоро вилоятлари ҳудудларини ҳам қамраб олиш мақсадга мувофиқ. Сабаби бу ҳудудларда чўлланиш, ўсимлик деградатсияси ва тупроқ емирилиши юқори даражада.
Олимларнинг фикрича, юзага келган экологик вазиятни яхшилаш имкониятлари мавжуд. Яъни, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида, чўлда, даштда ўсадиган ва турли хусусиятларга эга ўсимликлар мавжуд. Қурғоқчилик, шўрга чидамли, чорвага ем бўладиган ўсимликларимиз ҳам кўп. Шулар ёрдамида вазиятни юмшатиш мумкин. Бу эса аввало, илм, кейин эса ҳаракатни талаб этади.
Чўл ва дашт ҳудудларда Хитой тажрибасини қўллаб, “Яшил белбоғ”ларни ташкил этиш керак. Нуробод туманидаги ғаллачилик ва чорвачилик фермер хўжаликларининг 10-20 фоиз ерларида чанг-тўзонни ушлаб қолувчи, сувсизликка чидамли саксовул, юлғун, шувоқ экиладиган ўзига хос яшил майдонлар ташкил этилса, фойдадан холи бўлмайди. Бунинг учун фермер ва чорва хўжаликларига субсидия ажратилиши лозим.
Нурободга “Инноватсион туман” мақоми берилган экан, мутасаддилар бу каби ғоя ва таклифларни инобатга олади, деган умиддамиз. Акс ҳолда туман, қолаверса, Қашқадарё ва Навоий вилоятлари ҳудудидан кўтарилган чангнинг бошқа манзилларга етиб бориш кўлами кенгаяверади.
Холмурод СОРИEВ.