Нурободнинг иқтисодий ўсиш калити

Президент қарори билан “Нуробод технопарки” махсус саноат зонаси ташкил этилиши Нуробод аҳолиси учун жуда муҳим ҳаётий аҳамиятга эга.
Энг муҳим жиҳатларидан бири - янги иш ўринлари яратилиши. Қарорга кўра, 2025-2030 йилларда 5100 та доимий иш ўрни ташкил этилади. Бу Нуробод туманида ишсизлик муаммосини камайтириш, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлашда муҳим қадам.
Албатта, янги иш жойлари орқали аҳоли даромади ортади, бу эса камбағалликни камайтиришга хизмат қилади, одамлар нафақат ишли бўлади, балки ўз ҳунарини ривожлантиришга имконият топади. Иш жойлари туфайли оилаларнинг турмуш шароити яхшиланади. Кўплаб ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида хотин-қизлар учун яратилган иш ўринлари уларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
“Технопарк”да замонавий технологиялар жорий этилиши натижасида ёшлар учун техник, муҳандислик, менежмент ва IT соҳаларида тажриба орттириш имкониятлари пайдо бўлиб, ёшлар учун ривожланиш маконига айланади.
Инвестициялар жалб этилиши ҳудудни иқтисодий жиҳатдан кучайтиради. Савдо, транспорт, озиқ-овқат, турар жой, маиший хизматлар янада кенгаяди, кичик бизнеслар учун кенг имконият туғилади.
Ҳудудда замонавий янги технопарк вужудга келиши электр, газ, йўл, интернет, транспорт каби инфратузилмаларни тубдан янгилашга хизмат қилади. Натижада нурободликлар учун турмуш сифати янада юксалади.
Нуробод тумани аввал туризм ёки саноат нуқтаи назаридан кам танилган ҳудуд бўлган бўлса, эндиликда “Нуробод технопарки” орқали у янги брендга айланади, инвестиция учун очиқ ва жозибали ҳудуд сифатида шаклланади.
Бир сўз билан айтганда, “Нуробод технопарки” ташкил этилиши оддий қарор эмас. Бу нурободликлар ҳаётида янги босқич, иш ўринлари, даромад манбалари, касб-ҳунар ўрганиш имконияти, ҳудудни модернизация қилиш дегани.
Лола Сайидова,
партиянинг вилоят кенгаши раиси ўринбосари