52 йил аввалги "зиёрат" ва Самарқанднинг янги сайқали
Қадим-қадимдан “Ер юзининг сайқали” дея таъриф-у тавсиф этилган Самарқанд замини бугун Янги Ўзбекистон зиёсидан сайқал топмоқда.
Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг эзгу ташаббуслари билан Имом Бухорий мажмуасида олиб борилган оламшумул ишлар бу мўътабар масканга буткул янги қиёфа бахш этди.
Мажмуа майдони қирқ беш гектарга кенгайтирилиб, бу ерда ўн минг кишига мўлжалланган улкан масжид, бир юз ўн тўрт устунли, миллий андозали муҳташам айвон бунёд қилинди. Ўн тўртта мовий гумбаз ва етмиш беш метрли тўртта минора зиёратгоҳга ўзгача улуғворлик бағишлади. Бугун бу бетимсол мажмуани кузатар эканман, ўтмишда ўзим гувоҳи бўлган бир армонли воқеага оид бадиҳамни эътиборингизга ҳавола этмоқчи бўлдим. Сабабини ўзингиз англарсиз.
Зиёрат

1974 йилнинг кузи – пахта йиғим-терими мавсумида нуроталиклар, шу жумладан, мактаб ўқувчилари Пайариқ туманига сафарбар этилди. Мактабимиз Мани қишлоғига тушди. Кунлар ўтиб, шундайгина ёнимизда улуғ зиёратгоҳ борлигини, у Имом Бухорий номи билан аталишини эшитдик. Эшитувчилар бу зот ҳақида ҳеч нима билмагани каби маҳаллий аҳоли тасаввури ҳам бизникидан авло эмас эди.
Иттифоқо, ўша пайтда Нурота туман халқ таълими бўлими раҳбари бўлиб ишлаган Очилбой Наврўзов шароитимиз билан танишгани Манига келди. У кишига Нурота шаҳридаги 1-ўрта мактаб директори, таниқли маорифчи Баҳриддин Рустамов ҳамроҳ эди. Наврўзов директоримиз Истам Бобоёровдан зиёратгоҳ ҳақида суриштирди. Қисқаси, Наврўзов билан Рустамовнинг зиёрат нияти борлиги ойдинлашди. Айрим мулоҳазалардан кейин, тарих фани ўқитувчимиз Ҳайит Исломов ва мен уларга ҳамроҳ бўлиб, зиёратга отландик.
Зиёратгоҳдан анча берида уловдан тушиб, нақшин ёғоч дарвозагача пиёда бордик.
Дарвозанинг ҳар икки томонидаги лавҳадан арабча ва ўзбекча ҳарфларда “Имом Бухорий мажмуаси” деган ёзувни ўқидик.
Мажмуа ходимларидан бири таҳорат олишимиз лозимлигини эслатди. Баҳриддин Рустамов бу масалада маслаҳат берди. Шундан сўнг биз табаррук қабрга рўбарў бўлдик. Мажмуа ходими, кексароқ отахон Қуръон тиловат қилди. Дуодан кейин атрофни томоша қилдик. Мақбара деворида ром ичидаги кириллча ёзув эътиборимизни тортди. Ундан тўлиқ номи Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн ал-Муғийра ибн Бардизба эканини ўқидик. Аммо исми Муҳаммад, отаси Исмоил эканини айтиб беришганидан кейин билиб олдик.
Лавҳада “Ҳадис илмининг пешқадами” деган ёзув ҳам бор эди. “Ҳадис” қанақа илм? Бир-бировимизга савол қилдик. Биров бир нарса дея олмади. Бизнинг гумроҳлигимиз сезилди, аммо шу ерда тиловат қилиб турган отахон ҳам “билмаслигини” бўйнига олди ва қисиқ кўзларини ярим юмиб, “домла билсалар керак”, деганича биздан узоқлашди. Домла, яъни мажмуа имоми сафарда экан, учрашолмадик, савол ҳам бежавоб қолди...
Бошқаларни билмадим-у, мен 1990 йилда Тошкентда “Фан” нашриётида чоп этилган “Ахлоқ одобга оид ҳадис намуналари” китобчасини ўқиб, ундан кейингина, орадан ўн олти йил ўтиб, бу савол жавобини топгандай бўлдим. Қарангки, шу зиёратда иштирок этган бешовимиз ҳам маърифат ва маънавият вакиллари эдик. Азизлар, у йиллар бу кунларга ўхшамас эди...
Суюндик МУСТАФО.