“Кутубхона гурунглари”да ёшлар ҳаёт ва ижод сабоқларини олишди
Ургут тумани Деҳқонобод маҳалласидаги Абдусаид Кўчимов кутубхонасида “Кутубхона гурунглари” клубининг навбатдаги учрашувида китобсеварлар таниқли ижодкорлар, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири Фармон Тошев, фахрий журналист Матлаб Ҳасанов ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбири Ғолиб Ҳасанов билан учрашиш ва дилдан суҳбат қуриш имконига эга бўлдилар.
Учрашув давомида иштирокчилар Фармон Тошев шеърларидан намуналар тинглаб, мулоқот қилдилар. Ҳаёт ва ижоддан сабоқлар олиб, адабиёт ва журналистиканинг бугунги ҳолати, унинг жамиятдаги ўрни ҳақида фикр алмашдилар.
Очиқ осмон остида кечган самимий суҳбатлар давомида ижодкорлар китобнинг инсон камолотидаги ўрни, билим ва тафаккуримизни бойитиб, ҳаёт йўлларимизнинг нурафшон бўлишидаги беминнат хизмати хусусида тўхталдилар. Ёшларни китоб билан дўст бўлишга, ундан ўзлари учун зарур билим, маънавий озуқа ва руҳий қувват олишга чақирдилар.
“Кутубхона гурунглари” эндигина ижод оламига кириб келаётган ёшлар учун маҳорат сабоқларини олиш имконини ҳам берди. Ёшлар суҳбат давомида адабиёт, ижод, китоб ҳақидаги мулоҳазаларини баён этиб, ўзларини қизиқтирган саволларни ўртага ташладилар, қолаверса, ўқиган китоблари, ёд олган шеърларидан намуналар ўқиб бердилар.
Тумандаги мактаблардан келган ўқувчиларнинг фаол иштироки бу каби маънавий тадбирларнинг аҳамияти юқорилигини яна бир бор намоён этди.