Китоб фестивалида китобга “ҳайкал” ўрнатилди

Иштихон мармаридан тайёрланган, 60 тоннали мазкур монумент очилиши фестивал иштирокчилари учун кутилмаган совға бўлди.

Иштихон тумани марказидаги Устозлар хиёбонида қад ростлаган мазкур монумент шу ҳудуддаги маънавий муҳитга тўла ҳамоҳанг тушди.

- Яқинда мамлакатимиз раҳбари Халқаро конгресс марказида Ўзбекистонда китобхонликни ривожлантириш бўйича умуммиллий ҳаракатга старт бергандилар, - деди фестивалда сўз олган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева. – Куни кеча эса Президентимиз адабиёт, маданият ва санъат намояндалари билан йирик учрашувда соҳада кутилаётган катта янгиликлар ҳақида таъкидлаб ўтдилар. Мана бугун Иштихонда шу ишларнинг узвий давоми сифатида йирик китобхонлик фестивали ўтказилди. Буларнинг барчаси мамлакатда китобхонлик даражасини кўтариш учун амалга оширилаётган инқилобий ўзгаришлардир. Айниқса, туман марказида китобга ўрнатилган монумент улканлиги билан мамлакатда ягона, десам адашмаган бўламан.