Саккизинчи мўъжиза - тараққиётга етакловчи куч

1912 йилда Атлантика океани қаърига Титаник кемаси билан бирга жудаям қимматбаҳо юк чўкиб кетади. У - олтин, олмос ёки гавҳар эмас у - китоб эди.

Ўша китоб Умар Хайёмнинг рубоийлар тўплами бўлиб, инсон тафаккури ва тамаддунининг шонли рамзи бўлган беқиёс маънавий мерос эди. Аслида тарихдан ҳам китоб энг қимматбаҳо бойлик, улар инсоният билан мудом яшайдиган руҳий мерос ҳисобланган. Ўтмишда ҳар бир тараққиёт пойдеворида қалам ва китоб турган. Миллатлар китоб билан юксалган. Европа аристократияси феномени ҳам китоб ҳисобланган.

Лекин шундай бўлса-да, кейинги пайтларда рақамлашаётган ҳаёт тарзи, смартфонлар, ижтимоий тармоқлар ва қисқа форматдаги видеолар орқали маълумот олишнинг осонлиги китобга бўлган эҳтиёжни сўндириб қўймоқда. Айнан шу ҳолат ёшларни юзаки фикрлаш, тайёр маълумотларга суяниб яшашга олиб келмоқда. Аммо китоб ўқимайдиган одамнинг нутқи заиф, фикри бир ёқлама ва таҳлил қобилияти чекланган бўлади. Инсон қаерда бўлмасин, қўлида китоб бўлса, у ёлғиз эмас. Китоб варақлари - улар орасида инсон ўзини англайди, ўзига қайтади, ундан нафақат билим, балки тасалли ва ибрат ҳам топади. Қўлингизга китоб оларкансиз, унинг ҳар бир саҳифасини эҳтиёткорлик билан варақларкансиз, қоғознинг ўзига хос ифори, ҳарфлар орасидаги сукунат ва сатрлар олиб кирган олам сизни ўз домига тортади.    

Сусайган китобхонлик – жамият ойнасининг ғубори эди

Бугунги кунда мамлакатимизда маънавият, маърифат, таълим ва тарбия соҳаларидаги ислоҳотлар марказида инсон, айниқса, ёш авлод турибди. Бир неча йиллар давомида китобхонлик маданиятида маълум бир таназзул кузатилгани ҳеч кимга сир эмас. Техника асри кашфларига, электрон мўъжизаларга бош урилиб, қоғозли китоблар четга сурилди, айниқса болалар учун мўлжалланган бадиий адабиётлар етарли эмас эди. Олис туманлар аҳолиси асосан мактаб ёки коллежлардаги кутубхоналардан фойдаланар эди. Аммо 200 минг аҳолиси бор тумандаги 60 та мактабда бадиий адабиётлар сони 2 мингтадан бўлсаям, аҳоли бош сонига бир донадан ҳам китоб тўғри келмасди.

Шунингдек, адабий таълимнинг сифатсизлиги, китоб дўконларида болалар учун қизиқарли, тарбиявий қимматга эга асарларнинг камлиги, кутубхоналар фаолиятининг пасайиши сингари оғриқли нуқталар туташувида инсонларни маънавий тўйина олмай қолаётган эди.

Ўшандай шароитда кўпчилик маълумотларга қисқа ва осон тўйиниш усулини маъқул кўриб, телевизор ва телефон сенсори экранлари тобелигида, интернет гирдобида қолган эди. Аллақачон иккинчи планга ўтиб қолган китоб варақлашга бўлган эътибор сусаяётган бир даврда инсонларни қайтадан китобга қайтариш, ўқишга бўлган қизиқишини ошириш учун жиддий ҳаракат, кучли ташаббус талаб этилар эди.

Китобга қайтиш

Айнан шундай бир шароитда, мамлакатимизда Президенти ташаббуси билан китобхонликни тарғиб қилиш, маънавиятни юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар бошланди. Бу фақатгина китоблар нашри, кутубхоналар қурилиши эмас, балки жамиятда китобга бўлган муносабатни тубдан ўзгартиришга қаратилган маънавий уйғониш жараёни эди.

Жумладан, Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрда қабул қилинган “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида аҳолини самарали ахборот-кутубхона хизмати билан таъминлаш тизимини яратиш бўйича аниқ мақсадлар белгиланган бўлиб, бу соҳани янги ривожланиш босқичига ўтишига хизмат қилди ҳамда ижтимоий-ахборот маданияти даражасини юксалишида кутубхоналарнинг ролини кучайтирди, шунингдек, замонавий инновацион таълим технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш имконини берди.

Умуман, ушбу қарор кўпчиликнинг мудроқ онгини тебратган катта воқелик бўлди. Қарордан сўнг, мамлакат бўйлаб катта ислоҳотлар бошланди. Ҳар бир туман ва шаҳарда замонавий кутубхоналар қурилди. Ёшларни жалб этиш учун "Ёш китобхонлар", "Бир оила - бир китоб", "Китобхон мактаб" каби ташаббуслар жорий этилди. Миллий ва жаҳон адабиётига оид юзлаб асарлар қайта нашр этилди, баъзилари илк бор ўзбек тилида чоп этилди. Кутубхоначиларнинг меҳнати қадрланди, китобхонлик танловлари анъанавий тус олди.

Шароитлар яратилиши фонида ёшларга шунчаки “китоб ўқинг”, деган чақириқ, қуруқ даъватлар эмас, балки амалий ҳаракат, моддий рағбат, танловлар, мукофотлар, грантлар, махсус ўқув дастурлари жорий этилди. Энг яхши китобхонлар - машина, велосипед, ноутбуклар билан тақдирланди. Китоб ўқиган бола биринчи марта жамият кўз ўнгида алоҳида эътиборга лойиқ шахс сифатида тан олинди. У энди оддий ўқувчи эмас, балки билим ва маданият элчисига айланди. Албатта, кимдир айтиши мумкин: китоб учун моддий рағбат шартми, деб, аммо реал ҳаётда ҳар қандай фазилат, аввало, тан олиниши, рағбатлантирилиши, қадрланиши керак. Бу - инсон психологиясининг ўзига хос эҳтиёжи.

Яна бир имконият - онлайн кутубхона платформалари яратилиши - китобхонликда янги даврни бошлади. Бу ташаббус туфайли китобхонлар учун кенг имкониятлар эшиги очилди. Энди замонавий технологиялар ёрдамида исталган китобни турли электрон платформалар орқали топиш, ўқиш ва ҳатто юклаб олиш имкони яратилди. Уйдан чиқмаган ҳолда китоб варақлаш имкони, китобхонликни янги босқичга олиб чиқди.

Яна бир жиҳат: авваллари кутубхонадан бор китобни танлашга мажбур бўлган ўқувчи, бугун дунё адабиётининг энг нодир, сара намуналарини интернет орқали мустақил танлаш ва ўқиш имконига эга бўлди. Минглаб ресурслар орқали исталган асарни топиш оддий китобхон учун қўл етадиган имкониятга айланди. Кутубхоналар энди тўрт девор орасида эмас - улар глобал, чексиз, замон ва макондан мустақил илм манбаига айланди...

- Ҳар қандай соҳанинг ривожи учун, аввало, унга тўсиқ бўлмаслик, иккинчидан эса уни қўллаб-қувватлаш керак. Масалан, 2018 йилдан буён нашриётлар фаолияти учун лицензия талаб этилмайди. Бу – олдинлари муаммоли масала эди, - дейди «Asaxiy.uz» интернет дўкони асосчиси, тадбиркор Фируз Аллаев. - Бизнинг нашриётимиз томонидан ўтган йили 5 миллион 500 мингдан ортиқ китоб сотилди. 7-8 йил олдин чўлнинг ўртасига ёки тоғнинг тепасида интернет орқали китоб буюртма қилиб, 48 соат ичида олиш мумкин деб тасаввур қилиш қийин эди. Ҳозир эса бу амалиёт одатий ҳолга айланди.

Китобхонликнинг ўсиши учун икки муҳим омил бор: биринчиси – сўз эркинлиги. Яъни, жамиятда эркин фикрлаш муҳити бўлса, одамлар сериал кўриб вақт ўтказмай, ҳаёт ҳақида ўйлай бошлайди, савол беради, подкаст тинглайди, ҳужжатли фильмлар кўради ва китоб ўқишга интилади. Иккинчиси – иқтисодий фаровонлик. Агар билимли инсонлар яхши даромад қилиб, ўз касбини юксалтирса, аҳолида ҳам таълимга бўлган қизиқиш ортиб боради. Ота-оналар болаларини қўшимча тўгарак ва дарсларга, хусусий мактабларга етаклаб боряпти, бу - мамлакатда таълимга бўлган умумий талаб ошганини кўрсатади.

Ўз навбатида, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарини оммалаштиришга, аҳолида китоб ўқишга бўлган муҳаббатни уйғотиш ва барча учун кутубхона ва ахборот хизматларидан фойдаланиш имкониятини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, ёш китобсеварлар сонини 5 миллионга етказиш, ҳар йили 100 та бадиий асар ва болалар ҳамда ўсмирлар учун 50 та китоб яратиш, “Ўзбек адабиёти хазинасидан” кўп жилдлик ва “Жаҳон болалар адабиёти дурдоналари” 100 жилдлигини ўзбек тилида нашр этиш ҳамда қарийб 40 миллионга яқин китоб фондини рақамлаштириш ишлари ҳам “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида белгиланган вазифалардир. Бундан ташқари, нашриёт ва матбаа корхоналарининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларнинг молиявий имкониятларини кенгайтириш, фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ишлари изчил давом этмоқда. Яъни, 60 дан ортиқ вилоят, туман ва шаҳар ахборот-кутубхона марказларида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилган, 18 та янги ахборот-кутубхона маркази қурилган.

Китобхонлик оиладан бошланади

Аччиқ ҳақиқат шуки, бугунги шиддатли замонда болаларимизни интернет гирдобидан, фақатгина китоб деган маънавият кемаси қутқариб қолиши мумкин. Китобхонлик оилада шаклланади. Китоб ўқиган ота-она тарбиясида улғайган бола учун китоб ўқиш вазифа эмас - одат, зарурат, ҳаёт тарзига айланади. Китоб ўқиган бола сўз бойлигига эга бўлади, фикрлайди, тушунади, фарқлайди. Бу эса унинг ҳаётидаги ҳар бир қарор, танлов ва ҳаракатда намоён бўлади. Китобдан бебаҳра бола эса интернет оқимида шахсиятини йўқотиши, ахборот ва ахлоқда “бир кунлик” қарашлардан таъсирланиши эҳтимоли юқори.

Шунинг учун ҳар бир оилада шахсий кичик китоб жавони бўлса, кечқурун 30 дақиқа биргаликда китоб ўқишга одатланса, фарзандга китоб совға қилиш анъанага айланса, ўқилган китоблар устида суҳбат қилиш ҳам бола тафаккурини очади. Шундай экан, ҳар бир ота-она ўз фарзандига китобга меҳрни эрта экиши керак. Чунки бу меҳр нафақат болани, балки келажакни маърифат нурида тарбиялайди.

Энг яхши совға

Айни пайтда, китоб ҳар кимнинг қўлидан келадиган, арзон, бироқ маънавий қиммати жуда юксак совға. Бу - тўйда ҳам, байрамда ҳам, ҳатто оддий меҳмондорчиликда ҳам узатиш мумкин бўлган маърифат рамзи. Самарқандлик болалар шоири Тўлқин Сиддиқ айтади: ”Кейинги пайтларда мактабларда ота-оналар томонидан, фарзандларини туғилган кунига торт ёки ширинлик олиб бориш урфга кирган. Бир сафар фарзандим туғилган кунида, мен ҳам мактабга худди шундай торт қутисидан кўтариб бордим. Борсам ўқитувчи торт тарқатишга жиҳозлар ҳозирлаб қўйибди. Болалар интиқ қутига қарайди. Шунда қути тўла совғалар - китобларни уларга тарқатдим. Зора, бу ишим бошқа ота–оналарга ўрнак бўлса. Бугун китобни совға қилдикми - эртага уни ўқигувчи бола, юксак фикрлайдиган, масъулиятли инсонга айланади. У янги ғоялар, янги ташаббуслар билан юртга фойда келтиради. Китобни совға қилиш - маънавият улашиш. Бу билан биргина ота-она эмас, балки миллат ютади”.

Китоб - дўст

Бугунги тезкор ахборот асрида дўст тушунчаси қиймати ва қадри арзонлашиб бораётган бир даврда, китобни фақат дўст деб аташ кам. У - дунёга кўз очишимизда бошловчи устоз, тараққиётга етакловчи йўлбошчи, маънавий қашшоқликка қарши қалқон, миллат келажагининг асосий суянчиғидир. Китобсиз инсон - ғоясиз, йўналишсиз инсон. Китобсиз жамият - руҳсиз, мазмунсиз жамият. Шунинг учун китоб ўқишни индивидуал эҳтиёж эмас, балки ижтимоий масъулият деб қабул қилиш вақти келди. Китоб билан дўст бўлган юрт - ҳеч қачон мағлуб бўлмайди.

Зотан, дунёнинг саккизинчи мўъжизаси, деб эътироф этилувчи китобнинг ҳар саҳифаси, ҳар бир сатри - зеҳн чароғида милтираган нур, зулмат сарҳадининг дахлий соҳибқирони, кўнгил майлининг маёғи, олий идрокнинг ибтидоси ва интиҳоси.

Албатта, бу иддаолар - замонлар оша келаётган инкорсиз аксиома.

Шуҳрат Нормуродов.