Халқаро педагогик мулоқот: швед тажрибаси ўзбек ўқитувчилари нигоҳида

Яқинда Ўзбекистоннинг турли олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларидан иборат делегация Швеция Қироллигининг Салем коммунасига хизмат сафари билан борди.

Делегация таркибида Самарқанд давлат чет тиллар институти, шунингдек, Тошкент, Навоий, Қўқон каби шаҳарлардан 21 нафар олий таълим муассасалари вакиллари бўлиб, улар Ўзбекистон олий таълим тизими имкониятларини тематик тақдимотлар орқали намойиш этди.

Делегация вакиллари Швециянинг умумий ўрта таълим тизими фаолияти, кўп тилли таълим муҳитида қўлланиладиган замонавий педагогик ёндашувлар билан танишди. Шунингдек, халқаро тиллар билан ишлаш механизмларини таҳлил қилиш ва китобхонлик маданиятини ривожлантириш борасида тажриба ўрганди. Бу йўналишлар таълим сифатини ошириш ҳамда халқаро педагогик интеграцияни кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга.

Делегация аъзолари аввал Финландиянинг Ювяскюля университетида малака оширди. Сўнгра Швециянинг Стокголм университетида замонавий педагогика ва таълим технологиялари бўйича олиб борилган илмий тадқиқотлар билан яқиндан танишди. Ушбу жараён уларга таълимнинг турли босқичларида қўлланилаётган янги ёндашувларни таҳлил қилиш имконини берди.

Салемда бўлган вақт давомида делегация “Фагелсанген” мактаби, шаҳар кутубхонаси ҳамда кўп тилли муҳитда фаолият юритувчи марказларда бўлиб, уларнинг иш жараёнини кузатди. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, Швеция таълим тизими ўқувчининг индивидуал эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда таълим жараёнини ташкил этади, мактаб ва ота-она ҳамкорлигига катта эътибор қаратади ҳамда демократик, мустақил фикрлашни қўллаб-қувватловчи таълим муҳитини яратишни асосий тамойил сифатида белгилайди. Делегация аъзолари, хусусан, “ДРИВ” (дидактика, натижа, илҳом ва илм) концепцияси билан танишиб, ушбу моделнинг Швеция таълим стратегиясидаги ўрни ва амалий аҳамиятини ўргандилар. Мазкур ёндашувда ўқитувчининг касбий компетенцияси ва тажрибаси таълим сифатининг асосий омили сифатида эътироф этилади.

Сафар доирасидаги учрашувлар давомида делегация аъзолари Салем таълим тизими вакиллари билан китобхонликни ривожлантириш, кутубхона фаолиятини ташкил этиш, дарсларни лойиҳалаштириш ва педагогик лидерлик соҳасидаги илғор тажрибалар билан ўзаро фикр алмашдилар. Иштирокчилар назария ва амалиёт уйғунлигига асосланган методларга алоҳида қизиқиш билдиришди. Швециянинг кўп тилли марказида фаолият юритаётган ўзбекистонлик педагог Зилола Юлчиева бундай учрашувлар халқаро педагогик ҳамкорликни кучайтириши, инновацион таълим технологияларини амалиётга жорий этиши ҳамда илмий-методик ғоялар алмашинувини фаоллаштириши билан муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Салем таълим тизими тажрибаси жамоавий иш ва педагогик ҳамкорликнинг муҳимлигини, шунингдек мактаб, ота-оналар ва таълим бошқарув органлари ўртасидаги узвий интеграция ўқувчиларнинг интеллектуал, ижтимоий ва шахсий тараққиётини мувозанатли қўллаб-қувватлашини яққол кўрсатди.

Умуман олганда, Ўзбекистон олий таълим муассасалари педагогларининг Салемга ташрифи халқаро ҳамкорликнинг самарали намунаси бўлиб, у таълим жараёнини модернизация қилиш, касбий компетенцияни ошириш ва янги таълим ечимларини излашга хизмат қилади. Бундай ташаббуслар мамлакатлар ўртасидаги ўзаро англашув ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлайди. Шунингдек, илмий асосланган, сифатли таълимни ривожлантиришга сезиларли ҳисса қўшади.

Феруза СОБИРОВА,

Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқитувчиси.