Пашшалар йўқ қилинса, нима бўлади?

Одамлар “бефойда” ва “заракунанда”, деб ҳисоблайдиган пашша ёки чивинлардан қутулишни хоҳлайди. Биологлар эса уларнинг йўқ қилиниши экологик фалокатни келтириб чиқариши ҳақида огоҳлантиради. Бу ҳашаротлар кўпчилик сезмайдиган ўнлаб вазифаларни бажаради. Битта пашшанинг йўқолиши ҳалокатли занжирли реакцияга сабаб бўлади. Биринчи навбатда, органик парчаланиш тўхтаб қолади. Чивинлар чиқиндилар, ўлик ҳайвонлар танаси ва ўсимлик қолдиқларининг парчаланишида иштирок этади. Уларсиз сайёра чириган моддалар билан тўлиб кетган бўларди. Бундай ҳолат касалликларнинг тарқалиши ва тупроқ ифлосланишига олиб келади.

Иккинчи зарба - қушлар ҳиссасига тўғри келади. Чунки қушларнинг аксарияти пашшалар ва уларнинг личинкалари билан озиқланади. Ушбу озиқ-овқат манбайисиз қушлар ҳалокатга учрайди. Улар билан бирга ҳашаротхўр сутэмизувчилар йўқолади.

Учинчи таъсир - чанглатиш жараёни бузилади. Баъзи пашшалар асаларилар каби ўсимликларни чанглатади. Агар дунёда пашша йўқ бўлиб кетса, кўплаб экинларнинг ҳосилдорлиги кескин пасаяди. Бу эса қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминотига салбий таъсир кўрсатади.

Озиқ-овқат занжирининг муҳим қисми ҳисобланган чивинлар балиқлар, амфибия (ҳам сувда, ҳам қуруқликда яшай оладиган жонивор)лар, судралиб юрувчилар ва бошқа кўплаб организмларни озиқлантиради.

Пашшаларнинг йўқ бўлиб кетиши дунё бўйлаб экотизимни вайрон қилади, миллион йиллар мобайнида шаклланган мувозанат издан чиқади. Бундан ташқари, чивинлар азот алмашинувида иштирок этади, уларнинг личинкалари органик моддаларни қайта ишлайди ва бу элементларни тупроққа қайтаради. Бу жараёнсиз тупроқ кучсиз бўлади, ўсимликларнинг ўсиши ёмонлашади, ҳосилдорлик пасаяди.

Пашша ва чивинларнинг айрим турлари зараркунандаларга қарши курашда ёрдам беради. Улар қишлоқ хўжалиги учун зарар етказа олиши мумкин бўлган ҳашаротлар личинкаларини йўқ қилади. Агар чивинлар йўқолса, фермерлар учун муаммоларни келтириб чиқаради.

Биолог олимларнинг фикрича, чивинсиз дунё ифлосроқ, қашшоқроқ ва хавфлироқ бўлади. Кўздан яширин бўлгани учун уларнинг роли кам баҳоланади. Энг ёқимсиз мавжудотлар қанчалик муҳим аҳамиятга эканлигини тушунганида одамларнинг табиатга муносабати ўзгарган бўларди.

Хуллас, сайёрамиз пашшаларсиз яшай олмайди.