Нью-Йоркда ишлаётган ватандошимиз Самарқандда 30 миллион долларлик “Rent car” ва IT соҳасига ихтисослашган бизнес марказ ташкил этмоқчи
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида ҳамкорлик алоқалари кенгайиб, муносабатлари янги босқичга кўтарилмоқда. Вилоят ҳокими А.Бобоев бошчилигида делегация жорий йилнинг 10-17-май кунлари АҚШда бўлди. Ушбу ташрифда Самарқанднинг инвестиция салоҳиятини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, АҚШ технологияларини вилоятга жалб қилиш, шунингдек, ватандошлар сармояcи иштирокида истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилганди.
Ташриф давомида Миссури штати губернатори Майк Кехо, Иқтисодий ривожланиш департаменти директори Мишель Хэтэуэй ҳамда Вакиллар палатаси аъзоси Чад Перкинс билан учрашувлар ўтказилди.
- Самарқанд шаҳрининг нақадар бой тарихга эга эканлигидан хабардорман, деди губернатор Майк Кехо. - Бугунги кунда мамлакатингизда олиб борилаётган оқилона сиёсат натижасида яратилган кенг иқтисодий имкониятлар бизда катта қизиқиш уйғотмоқда. Шу нуқтаи назардан, яқин кунларда Ўзбекистонга, хусусан, Самарқанд вилоятига ташриф буюриш истагидаман.
Учрашувларда қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, нефт-кимё, агрологистика ва маҳсулотларни қайта ишлаш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, Миссури штатида етиштирилаётган соя маҳсулотларини вилоятимизда қайта ишлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. “Sangita Capital Partners” компанияси раҳбарияти ҳамда “Missouri Club” аъзоси бўлган йирик компаниялар вакиллари билан учрашувларда тўқимачилик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, логистика ва тиббиёт соҳаларида қатор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борилди.
Маълумот учун, “Sangita Capital Partners” компанияси АҚШда инвестиция, девелопмент ва бизнес лойиҳаларни молиялаштириш соҳасида фаолият юритувчи компания ҳисобланиб, саноат, қурилиш, инфратузилма ва тадбиркорлик йўналишларида кўплаб лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Жумладан, “FW Logistics” компанияси билан маҳсулотларни АҚШ бозорига етказиб бериш, “Arthur J. Gallagher & Co.LTD” билан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, “Spencer Fane LLP” билан соя маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда “Trustee of St. Louis Children's Hospital” билан Иштихон туманида кардиохирургия марказини ташкил этиш масалалари муҳокама этилди.
Вебстер университети раҳбарияти билан ўтказилган учрашувда Самарқанд вилояти олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда сунъий интеллект, тиббиёт (жумладан ҳамширалик йўналиши), кимё ва биология соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумот учун, бугунги кунда Самарқанд шаҳрида Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳузурида Вебстер университетининг филиали
2018 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Ҳозирга қадар мазкур филиални 130 нафардан ортиқ талаба битирган.
Учрашувда вилоят ҳокими томонидан Самарқанд шаҳрида алоҳида кампус ташкил этиш, талабалар алмашинув дастурларини кенгайтириш, ногиронлиги бўлган шахслар ва имконияти чекланган талабалар учун қўшимча таълим дастурларини йўлга қўйиш бўйича қатор ташаббуслар илгари сурилди. Вебстер университети президенти ўз жамоаси билан жорий йилнинг май ойида Ўзбекистонга ташриф буюриб, Самарқанд давлат университети билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишини маълум қилди.
“ITF Group” компанияси раҳбари Саидазим Бурхонов билан учрашувда вилоятимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни АҚШ бозорига экспорт қилиш ҳамда мазкур жараёнда компаниянинг логистика хизматларидан фойдаланиш бўйича ҳамкорлик ўрнатилди.
Маълумот учун, “ITF Group” компанияси халқаро логистика, юк ташиш ва экспорт-импорт хизматларини кўрсатиш соҳасида фаолият юритиб, АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида савдо-логистика алоқаларини ривожлантириш билан шуғулланиб келади.
Қолаверса, учрашувда “ITF Group” компанияси вилоятимизда юк ташиш хизматларини кўрсатишга ихтисослашган логистика компаниясини ташкил этишга қизиқиш билдирилди. Ушбу лойиҳа доирасида 200 дан ортиқ янги иш ўрни яратиш имкониятлари мавжуд.
Иштихон тумани ҳокими АҚШнинг Огайо штати, Цинциннати шаҳрида ушбу штатда фаолият юритаётган ватандошлар билан учрашувлар ўтказди. Унда 100 га яқин ватандошлар иштирок этиб, бир қатор лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга келишишди. Жумладан, “ABS EXPRESS” INC корхонаси томонидан Иштихон туманида қиймати 4 миллион доллар бўлган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш марказини ташкил этиладиган бўлди. “OBARKER TRUCKING” LLC корхонаси раҳбари Атхам Жозилов эса Тойтуёқ сув омбори ҳудудида қиймати 6 миллион долларлик туризм хизматлари лойиҳасини амалга ошириш истагини билдирди. “TEMUR TRUCKING” LLC корхонаси раҳбари Камол Адилов 3,5 миллион долларлик қурилиш материаллари савдо комплекси ташкил этиш ниятида.
Калифорния штати “Bay Area Council” ташкилоти директори Шон Ренколф билан учрашувда вилоятимизнинг инвестиция ва экспорт салоҳияти юзасидан тақдимот қилинди. Тадбирда Калифорния бозорига тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари ҳамда қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Маълумот учун, “Bay Area Council” 1945-йилда ташкил этилган бўлиб, Сан-Франциско кўрфази ҳудудидаги йирик компания ва бизнес вакилларини бирлаштирувчи нуфузли ташкилот ҳисобланади. Ташкилот ҳудудий иқтисодий ривожланиш, инвестицияларни жалб қилиш, инновациялар, транспорт, инфратузилма ва ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш йўналишларида фаолият юритади.
АҚШ Савдо департаменти ҳузуридаги “National AI Center” маркази раҳбари Габриела Зелая ҳамда қатор инновацион компаниялар вакиллари билан музокараларда сунъий интеллект технологияларини туризм соҳасига жорий этиш, вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини ошириши ҳамда Калифорния бозорига маҳаллий маҳсулотларни экспорт қилиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, “Samarkand California Digital Hub” IT марказининг очилиш маросими ташкил этилиб, Самарқанд вилояти ва Калифорния штати стартап экотизимлари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Напа водийсида жойлашган “Castello di Amorosa” виночилик мажмуаси ҳамда "University of California Davis" таркибидаги “UCDAVIS Foundation Plant Services” маркази раҳбарияти билан музокаралар натижасида вилоятимизда “wine tourism” йўналишини ривожлантириш, узумчилик ва виночилик соҳасига инновацион технологияларни жорий этиш, шунингдек, аграр соҳада сертификатланган кўчатлар етиштириш ҳамда замонавий лабораториялар ташкил этиш масалалари ўрганилди. “UCDAVIS Foundation Plant Services” маркази директори Махер Ал Рвахних билан учрашувда ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида 3000 дона писта кўчати уруғи Самарқандга юбориладиган бўлди. Сунатулло Мухаммадиевнинг “ZAZA AI” компанияси қошида “Самарқанд-Калифорния дижитал ХАБ” маркази очилди.
Филадельфия шаҳрида “Самарқанд–Филадельфия” бизнес форуми ташкил этилиб, унда 200 га яқин инвестор, тадбиркорлар ва ватандошлар иштирок этди. Форум доирасида Самарқанд вилоятининг инвестицион ва туристик салоҳияти тақдим қилиниб, 120 квадрат метр майдонда маҳаллий маҳсулотлар кўргазма-ярмаркаси ташкил этилди. Тадбирда иштирок этган хориж томони расмийлари, жумладан, Филадельфия шаҳар кенгашининг собиқ аъзоси ва халқаро ҳамкорлик бўйича жамоат арбоби О Дэвид Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.
- Бир неча йил аввал кўпчилик Ўзбекистон ҳақида етарли маълумотга эга эмас эди, - деди О Дэвид. - Бугунги кунда мамлакат раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, очиқ иқтисодий сиёсат ва самарали стратегия натижасида Ўзбекистон халқаро майдонда ўз ўрнини топиб бормоқда. Шу билан бирга, мамлакатингизнинг халқаро нуфузини оширишда спорт соҳасидаги ютуқлар ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Хусусан, олимпия чемпионлари, боксчилар ва шахматчилар мамлакат имижини оширмоқда. Шунингдек, Ўзбекистоннинг илк бор футбол бўйича жаҳон чемпионатига чиққанлиги алоҳида тарихий воқеа сифатида қайд этилди.
Ташриф доирасида АҚШдаги “TMGx Global”, “SLS Groups Worldwide LLC”, “AD Express Trucking LLC”, ва “DADAXON TRANS CORP” компаниялари билан болалар кўнгилочар мажмуаси, турар-жой массивлари ташкил этиш, озиқ-овқат ишлаб чиқариш бўйича музокаралар олиб борилиб, дастлабки келишувларга эришилди. Филадельфия шаҳрида ватандошларимиз томонидан ташкил этилган “SAG Carpet & Rugs”, “ASR Food Market” ва “UPay.Net” компаниялари фаолияти билан танишилди.
Учрашувларда экспорт ҳажмини ошириш, логистика харажатларини қисқартириш, Самарқанд–Филадельфия авиақатновини йўлга қўйиш ҳамда хорижий инвесторлар учун махсус онлайн инвестиция платформасини ишга тушириш бўйича ташаббуслар илгари сурилди.
“Project C.U.R.E.” ва “Islamic Relief USA” ташкилотлари билан музокаралар ўтказилиб, вилоятимиз тиббиёт муассасаларига қиймати 10 миллион долларлик тиббий жиҳозларни хайрия асосида етказиб бериш бўйича битим имзоланди. Шунингдек, Самарқанд вилоятида “Project C.U.R.E.” клиникасини ташкил этиш бўйича имкониятлар кўриб чиқилади.
Филадельфия шаҳрида фаолият кўрсатаётган Мирюсуф Мирсабиров томонидан қиймати 10 миллион доллар бўлган IT соҳасига мўлжалланган бизнес марказ ташкил этиш бўйича меморандум имзоланди. Филадельфия шаҳридаги Хусрав Махмудовнинг “U PAY” компанияси қошида “Самарқанд - Филадельфия дижитал ХАБ” маркази очилди.
Нью-Йорк шаҳрида ташкил этилган “Самарқанд-Нью-Йорк” бизнес форумида 100 га яқин тадбиркор ва инвестор иштирок этди. Форум доирасида бир қатор ҳамкорлик келишувларига эришилди. Жумладан, - “Praxis Ethica Health Compliance Group” компанияси билан Самарқанд шаҳрида 350 ўринли замонавий тиббиёт клиникасини қуриш;
- “USA Education Academy” билан талабаларни АҚШ олий таълим муассасаларига юбориш ҳамда билим ва тажриба алмашиш;
- “AZ Halal Express LLC” билан замонавий зоопарк ташкил этиш;
- “Tasty Food LLC” билан “Time Burger” франшизасини йўлга қўйиш;
- “ASA Universal Inc.” билан Дарғом канали бўйлаб дам олиш масканини барпо этиш бўйича келишувларга эришилди.
Ташриф давомида Филадельфия шаҳрида фаолият юритаётган Азам Асадов билан кўчмас мулк хусусан, кўп қаватли уй-жойлар қурилиши соҳасига 100 миллион доллар инвестиция киритиш бўйича келишувга эришилди.
Калифорния штатида фаолият юритаётган Сунатулло Мухаммадиев Каттақўрғон туманида қиймати 10 миллион доллар бўлган хусусий мактаб, болалар боғчаси ҳамда кўчат етиштириш лойиҳасини амалга ошириш лойиҳаларига сармоя киритишга қизиқиш билдирди.
Нью-Йорк шаҳрида фаолият юритаётган ватандошимиз Бахтиёр Кадиров билан қиймати 30 миллион доллар бўлган автотранспорт воситаларини ижарага бериш (rent car) лойиҳасини амалга оширилади ҳамда IT соҳасига ихтисослашган бизнес марказ ташкил этилади.
АҚШда фаолият юритаётган ватандошлар билан очиқ мулоқот шаклида учрашувлар ташкил этилди. Унда инвестиция, IT, таълим, маданий мерос ва ёшлар тарбиясига оид масалалар муҳокама қилиниб, ватандошлар томонидан билдирилган қатор мурожаатларга ечимлар берилди. Шунингдек, вилоят ҳокими томонидан АҚШнинг ташриф буюрилган ҳар бир шаҳри бўйича масъул вакиллар белгиланиб, улар зиммасига тадбиркорлар ва инвесторлар билан доимий алоқани йўлга қўйиш, келишилган лойиҳаларни амалий жиҳатдан тезлаштириш ҳамда бизнес вакилларига ташкилий кўмак кўрсатиш вазифалари юклатилди.
Хуршидбек САМИЕВ,
вилоят ҳокимининг ўринбосари.