Самарқандда “Ёш солиқчи – 2026” форумига старт берилди
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси солиқ қўмитаси томонидан ташкил этилган “Ёш солиқчи – 2026” форуми ўз ишини бошлади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 30 июнь куни ёшлар билан учрашувда илгари сурган “Ёшлар лигаси”ни тузиш ташаббуси ижроси юзасидан ташкил этилган форумда юртимизнинг барча вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳар солиқ идораларининг 200 нафарга яқин ёш ходимлари иштирок этмоқда.
Форумнинг расмий очилиш маросимида Республика солиқ қўмитаси раиси Ф.Пўлатов видеоконференцалоқа орқали иштирок этиб, бугунги кунда мамлакатимиз солиқ идораларида фаолият олиб бораётган ёшларнинг билим ва маҳорати соҳа ривожида муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Илк бор ташкил этилган форум ёш ходимларнинг ўзаро тажриба алмашиши, янги ташаббус ва ғояларни билдириши учун қулай майдон эканлигини қайд этиб, анжуман ишига муваффақият тилади.
Шундан сўнг Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Ж.Абдиев, қўмитанинг инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш департаменти директори Т.Тўраев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги ёшлар парламенти раиси О.Собитов ва бошқалар юртимизда ёшларга бўлган эътибор ва ғамхўрлик, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш борасида олиб борилаётган ишлар, хусусан, солиқ тизимида ёш ходимларнинг ўрни ҳақида сўз юритдилар.

– Форумдан кўзланган мақсад ёш ходимларнинг билими, ташаббускорлиги, етакчилик қобилияти ва касбий салоҳиятини холис баҳолаш, энг муносибларини аниқлаш ҳамда уларга кейинги ривожланиш йўлини очиб бериш, – дейди Солиқ қўмитаси инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш департаменти директори Тўрабек Тўраев. – Бинобарин, инсон ресурсларини бошқариш ходимларни ишга қабул қилиш ёки бирор лавозимга тайинлаш билан чекланмайди, бу аввало, иқтидорни ўз вақтида кўра билиш, уни тўғри йўналтириш, салоҳиятини натижага айлантириш ва ҳар бир ходим учун касбий ўсиш муҳитини яратишдан иборат. Президентимизнинг “Ёшлар лигаси”ни тузиш ташаббусини амалга ошириш доирасида ташкил этилган форумимиз шу мақсадга қаратилган.
Форум қатнашчилари тўрт кун давомида давлатимиз раҳбарининг “Ёшлар лигаси”ни тузиш ташаббусини амалга ошириш бўйича тақдимот, етакчилик ва лойиҳаларни бошқариш бўйича маҳорат дарси, “Yandex” компанияси вакиллари иштирокида солиқ маъмурчилигини рақамлаштириш бўйича сессия, психолог иштирокида жамоа аҳиллиги ва мотивацияси бўйича тренингда қатнашадилар. Шунингдек, ҳудудлардан келган жамоалар долзарб йўналишлар бўйича инновацион таклифларини тақдим этадилар, “Блиц-сўров” ва “Заковат” интеллектуал ўйинларида билим ва маҳоратларини синовдан ўтказадилар.
– Бугунги кунда барча соҳа ва тармоқларда бўлгани сингари солиқ тизимида ҳам инсон омили аралашмаган рақамли технологиялар, сунъий интеллектдан кенг фойдаланилмоқда, – дейди Қашқадарё вилояти солиқ бошқармаси ахборот коммуникацион технологиялар шуъбаси бошлиғи Даврон Муҳиддинов. – Биз ҳам мазкур форумга ўзимизнинг “soliq start” мобил иловаси яратиш ҳамда истиқболли ёш солиқчиларни хорижга тажриба алмашишга юбориш лойиҳаларимиз билан иштирок этиб, улар ҳақида тақдимотлар ўтказишни режалаштирганмиз. Ўйлайманки, Самарқандда ёш ҳамкасбларимиз билан мулоқотларимиз билим ва кўникмаларимизни оширишга катта туртки беради.
Форум якунида барча иштирокчиларга сертификатлар топширилади ҳамда “Энг яхши ёш солиқчи”, “Энг яхши ёш лидер”, “Энг яхши ҳудудий жамоа”, “Энг яхши стартап-ташаббус”, “Энг интеллектуал жамоа”, “Форумнинг энг фаол ташкилотчиси”, “Энг фаол ва ташаббускор қиз” номинациялари бўйича ғолиблар тақдирланади.