Телефон қулайликми ёки қарамлик?
Бугун телефон инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бўлди. У нафақат алоқа воситаси, балки вақтимиз, эътиборимиз ва ҳатто кайфиятимизни ҳам бошқаряпти. Кўпчилик телефонни оддий қулайлик деб билади, аммо унинг ортида яширин хавфлар мавжуд. Айниқса, ёшлар орасида телефонга қарам бўлганлар сони ортиб бораётгани кишини жиддий ташвишлантиради.
Дунё аҳолисининг катта қисми мобил телефондан фойдаланади. Шу боис инсонларнинг экран қаршисида ўтказаётган вақти кескин ошди. Тадқиқотларга кўра, одамлар бир кунининг ўртача 4-7 соатини телефон билан ўтказмоқда. Қизиғи, ўн йил олдин инсонлар телефонини кунига тахминан 40–50 марта қўлига олган бўлса, ҳозир юзлаб маротаба телефонга мурожаат қилиняпти. Айрим ёшлар эрталаб уйғониши билан телефонига қарайди, кечаси экран қаршисида ухлаб ҳам қолади.
Психологларнинг фикрича, телефонга қарамлик бирдан пайдо бўлмайди. У аста-секин инсон онгига сингиб боради. Ҳар бир янгилик, хабар ёки видеолавҳа мияга қисқа муддатли завқ ҳиссини беради. Натижада инсон яна ва яна телефонга мурожаат қилишни хоҳлайди. Айниқса, қисқа видеороликлар ва онлайн ўйинлар инсон диққатини узоқ вақт ушлаб қолишга мўлжаллангани сабабли қарамлик тезроқ шаклланади.
Телефонга муккасидан кетишнинг асосий сабаби ёлғизлик ва бўш вақтни нотўғри ташкил қилишдир. Бугунги ёшлар жонли суҳбатдан кўра, виртуал мулоқотни афзал кўрмоқда. Авваллари одамлар вақтини китоб ўқиш, спорт билан шуғулланиш ёки оила даврасида ўтказган бўлса, бугунги авлоднинг вақти экран қаршисида ўтяпти. Оқибатда инсон реал ҳаётдан узоқлашиб, виртуал дунёга боғланиб қоляпти.
Мутахассисларнинг айтишича, узоқ вақт телефондан фойдаланиш инсон саломатлигига жиддий зарар етказади. Масалан, экран қаршисида узоқ қолиш кўзнинг чарчаши, бош оғриғи ва уйқусизликни келтириб чиқаради. Бундан ташқари, телефонга ҳаддан ташқари боғланган инсонларда асабийлик, диққатнинг пасайиши ва хотиранинг сустлашиши кузатилади. Кунига 6–7 соатдан ортиқ экран қаршисида қоладиган инсонларда тушкунлик ва хавотир ҳисси кўпроқ учраши таъкидланган.
Яна бир ачинарли ҳолат, телефон инсонлар орасидаги муносабатларга ҳам таъсир қилмоқда. Ҳозир бир оилада яшаб туриб ҳам бир-бири билан суҳбатлашмайдиган инсонлар кўпаймоқда. Чунки кўпчиликнинг диққати яқинидагиларга эмас, экран ичидаги ҳаётга қаратилган. Ресторанларда, бекатларда, ҳатто оилавий давраларда ҳам одамларнинг аксарияти телефонга тикилиб ўтиргани бунга оддий мисол.
Аслида телефоннинг ўзи зарарли эмас, муаммо - ундан нотўғри фойдаланишда. Технология инсон ҳаётини енгиллаштириш учун яратилган. У орқали билим олиш, дунё янгиликларидан хабардор бўлиш ва масофаларни яқинлаштириш мумкин. Аммо инсон вақт меъёрини унутса, фойдали восита қарамликка айланади.
Шу сабабли ҳар бир инсон телефондан фойдаланишда ўзига чеклов қўйиши керак. Масалан, ижтимоий тармоқларга сарфланадиган вақтни камайтириш, уйқудан олдин телефондан фойдаланмаслик, бўш вақтни спорт, китоб ёки ижод билан ўтказиш фойдали одатлардан бири. Муҳими, виртуал олам билан реал ҳаётнинг фарқини унутмаслик!
Технологияни бошқариш ўз қўлимизда. Телефон бизни бошқаришига йўл бермаслик керак.
Зебо РАЖАБОВА,
Нарпай тумани.