ChatGPT нега врач бўла олмайди?

Кейинги пайтда кўп врачлар ҳам, беморлар ҳам ChatGPTдан тиббий саволлар сўраб кўряпти.

Ҳамма ҳайрон: “Нейрон тармоқлар USMLE’ (АҚШда тиббиёт тизимида ишлаш учун лозим бўладиган мураккаб имтиҳон)ни аъло даражада топшираётган бўлса, нима учун врачнинг ўрнини босолмайди?”.

Жавоб оддий: Тиббий имтиҳон — бу тест. Ҳақиқий тиббиёт — бу ноаниқлик.

Бир мисол, сиз врачга келасиз ва “Мана бу ерим оғрияпти. Кеча кечқурун ош еган эдим…”, деганингиздан сўнг, врач сиз билан гаплашади, кузатади, анализ қилади.

ChatGPT эса шундай вазиятда ҳали ҳам “интернет марказида яшайди”.

Яқинда жуда қизиқ тадқиқот натижалари эълон қилинди. Олимлар 10 та энг кучли моделни (ChatGPT, Claude, DeepSeek, Gemini ва б.) 750 та реал клиник вазият билан тажриба-синовдан ўтказишди. Натижалар эса кутилгандек эмас: ҳеч бир модел тажрибали врач даражасида натижа кўрсата олмади.

 “Мантиқий фикрлайдиган” моделлар эса аксинча, энг ёмон натижани кўрсатишди.

Улар ўз-ўзини “ишонтириб”, кескин +2 ёки -2 хулоса чиқаради, врач эса эҳтиёткор +1 ё 0 дейди. Бундай ҳолат “компетентлик иллюзияси” дейилади.

Нима учун бу хавфли?

Врачларнинг билими фақат дарсликларга таяниб қолмаган. Врачлар ҳар бир беморнинг анамнезни тинглайди, беморнинг ташқи кўриниши, ҳолати, нафас олиши титроғигача кўради, ҳар бир эҳтимолни синчковлик билан баҳолайди. Ўзининг 10 йиллик, балки ундан ортиқ тажрибасига суянади ва энг муҳими, жавобгар қарор қабул қилади.

ChatGPT эса шунчаки матн тузади.

Хулоса

Тиббиётдан хабардорлик ва клиник мушоҳада ҳамда фикрлаш — икки хил касб.

ChatGPT - бу ҳар қандай мутахассиснинг ёрдамчиси бўла олиши мумкин. Лекин врачлик - улкан масъулият, тажриба ва инсон тақдирини ҳал қила олиши мумкин бўлган ноаниқликларни бошқаришдек мураккаб вазифалардан иборат.

ChatGPT врачнинг ўрнини боса олмайди.

Гулзода НЕГМАТОВА,

вилоят эндокринология диспансери бош шифокори.