Орзулар тасодиф эмас, режа, меҳнат ва сабрнинг натижасидир

Ҳозирги ёшлар чет элда ўқиб, ишлаб юрган ватандошларга ҳавас қилади, улардек муваффақиятга эришишни истайди. Аммо биргина ҳавас билан орзуга етишиб бўлмайди. Хўш, бунинг учун нималар қилиш керак?

Келинг, яхшиси, омадли йигитлардан бирини сизга таништираман. Асли самарқандлик бўлган Дамир Аҳроров 2020 йилда Самарқанд шаҳридаги 55-мактабни олтин медаль билан тамомлаган. У бугун Америкада юрист ёрдамчиси сифатида ишлаяпти. У билан бўлган суҳбатимиз таълим, ҳаёт ва фаолият ҳақида бўлди.

- Сиз Тошкент давлат юридик университетида таҳсил олгансиз. Университетни битириб, ўқишингизни Америка олий таълим муассасасида давом эттирдингиз. Хорижда таълим олишнинг мураккаб томонлари нималарда экан? Айрим ёшлар ўқишини ташлаб ишлайди. Сизда бундай фикр бўлмадими?

- Хорижда таълим олиш, айниқса, Америка каби мамлакатда ўқиш катта масъулият талаб этади. Бу ерда қийинчиликлар фақат дарсда эмас, балки тил, янги муҳит, мустақил ҳаёт, молиявий режалаштириш, ўзингизни ўзингиз бошқариш билан боғлиқ бўлади. Ота-она, оила, таниш муҳитдан узоқда яшаш ҳам инсонни руҳий жиҳатдан синайди.

Кўп ёшлар чет элга бориб, аввал ўқишга, кейин ишлашга қизиқиб қолади, баъзан эса ишни ўқишдан устун қўяди. Лекин мен ўзим учун бир нарсани қаттиқ белгилаб олганман: аввало, ўқиш — устувор вазифа, қолгани эса шунинг атрофида.

Ўқишни ташлаш ҳақида жиддий ўйлаб кўрганим йўқ, чунки ҳар бир босқичга катта меҳнат ва оилам ишончи ҳисобидан етганман. Тошкент давлат юридик университетида олган базавий таълимим, Москва ва Польшадаги тажрибам, кейинчалик Penn State Law’га 45 минг доллар миқдоридаги грант билан қабул қилинишим — буларнинг ҳар бири мен учун масъулият ҳиссини янада оширган. Шунинг учун таслим бўлиш ёки ўқишни ташлаш фикри менда бўлмади, аксинча, қийинчиликлар бўлса ҳам, уларни бартараф этиш йўлларини излашга ҳаракат қилганман.

- Виза олиш, ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида қийинчиликлар бўлмаганми?

- Ростини айтганда, хорижга ўқишга қабул қилиниш бу жараённинг фақат бир қисми. Кейин виза, молиявий ҳужжатлар, элчихона суҳбатлари, ўқишга боргунча бўлган босқичлар бир талай. Мендa ҳам ҳужжат тўплаш, виза талабларини тўғри тушуниш, ҳар бир мамлакат қонунчилигига мос равишда расмийлаштириш каби қийинчиликлар бўлган. Лекин ҳар бир босқичда олдиндан режа тузиш, талабларни синчиклаб ўқиш, мутахассислар ва тажрибали устозлардан маслаҳат олиш катта ёрдам берди.

Айниқса, АҚШ визаси масаласида ҳужжатларни аниқ, ишончли ва ҳеч қандай зиддиятсиз кўрсатиш жуда муҳим. Мен учун бу жараён узоқ ва эътибор талаб қилувчи босқич бўлди, лекин барча талабларга жиддий ёндашганим учун, кескин рад ёки ортиқча муаммолар бўлмади.

- Америка таълим тизимининг бизникидан фарқли жиҳатлари нималарда? Хорижий таълимнинг сизга ёққан томонлари қайсилар?

- Америка таълим тизимида мен, энг аввало, учта жиҳатни сезганман:

Биринчидан, мулоҳаза ва мустақил фикрга катта эътибор берилади. Дарс фақат маъруза тинглаш билан чекланмайди, талабадан савол бериш, баҳслашиш, мустақил таҳлил қилиш талаб этилади.

Иккинчидан, амалий ечимга йўналтирилган ўқитиш усуллари кучли. Кейс-стади, суд муҳокамаси симуляциялари, ёзма меморандумлар, ҳақиқий иш материалларига яқинлаштирилган топшириқлар орқали ўқиш жараёни ҳаётийроқ бўлади.

Учинчидан, талаба шахсига бўлган ишонч ва масъулият. Ким дарсга тайёрланади, ким йўқ — буни ўқитувчи қаттиқ назорат қилмайди, лекин натижада баҳолашда ҳаммасининг аксини кўрасиз.

Америка таълим тизимида менга энг маъқул тушган жиҳат — билим учун масъулиятни талабанинг ўзи зиммасига олиши. Бу ерда сизга ҳар қадамда назоратчи турмайди, лекин натижа тўлиқ сизнинг тайёргарлигингиз ва ишингизга боғлиқ. Шу билан бирга, Ўзбекистонда олган таълимимни алоҳида қадрлайман: агар ТДЮУда мустаҳкам ҳуқуқий база тузмаганимда, чет элдаги ўқиш жараёнларига тайёр бўла олмасдим.

- Сизнингча, муваффақиятга осонлик билан эришиб бўладими? Бугунги фаолиятингиз ҳақида гапириб берсангиз.

- Муваффақиятни “осон” сўзи билан ёнма-ён қўйиш жуда қийин, деб ўйлайман. Муваффақият — бу бир кунда келадиган натижа эмас, балки йиллаб жамғарилган меҳнат, интизом ва қатъиятнинг йиғиндиси.

Ҳозирги кунда мен Нью-Йорк шаҳри, Бруклинда жойлашган Law Office of Yuriy Prakhin, P.C. да юрист ёрдамчиси сифатида фаолият юритаяпман. Бу ерда шахсий жароҳат ишлари бўйича ҳужжатлар тайёрлаш, суд учун материаллар йиғиш, тиббий ёзувлар билан ишлаш, мижозлар билан мулоқот қилиш каби вазифаларни бажараман. Шу билан бирга, келгусида Нью-Йорк штати адвокатлик лицензиясини олиш учун тайёргарлик кўрмоқдаман.

- Илмий мақолаларингиз халқаро журналларда чоп этилган. Ҳуқуқшунос сифатида фаолиятингизни давом эттирасизми ёки илмий иш билан шуғулланасизми?

- Мен ўзимни фақат бир томонлама — фақат амалиёт ёки фақат илмий йўналиш билан чеклашни истамайман. Мен учун амалиёт ва илм бир-бирини тўлдирувчи икки қанот. Амалиётсиз илмий иш назария даражасида қолиб кетади, илмий таҳлилсиз эса амалиёт ҳам чуқурлашмайди. Шу боис, келгусида ҳам ҳуқуқшунос сифатида амалиётда ишлашни, ҳам халқаро ва миллий ҳуқуқ, интеллектуал мулк, тижорат ҳуқуқи ва медиация соҳасида илмий тадқиқотларни давом эттиришни ният қилганман. Яъни, мен ўзимни келажакда ҳам юрист-амалиётчи, ҳам тадқиқотчи олим сифатида кўраман.

- “Ҳозирги ёшларда илмга чанқоқлик, ватанпарварлик етишмаяпти”, деган фикрга муносабатингиз?

- Бу савол жуда нозик. Бир томондан, ростдан ҳам баъзи ёшлар орасида масъулиятдан қочиш, енгил йўлни танлаш, интернет ва ижтимоий тармоқларни фақат кўнгилочар восита сифатида ишлатиш ҳолатлари бор. Буни инкор этиб бўлмайди. Лекин иккинчи томондан, мен ўқиш давримда ҳам, ҳозир ҳам шундай ёшларни кўрганман, улар жуда катта масъулият билан ўқийди, тадқиқот қилади, ўз юртини халқаро майдонда муносиб намоён қилиш учун ҳаракат қилади. Шу маънода, “барча ёшларда илмга чанқоқлик йўқ”, деб умумлаштириш тўғри эмас, деб ўйлайман.

Менимча, асосий масала шундаки — ҳар бир ёш тўғри муҳит ва тўғри йўналишни топиши керак. Агар атрофда қўллаб-қувватловчи муҳит, соғлом рақобат ва яхшигина намуна бўлса, ҳам билимга интилиш, ҳам ватанпарварлик туйғуси кучаяди. Мен ҳам хорижда ўқиётган бўлсам-да, барча тажрибам ва билимимни келажакда юртим ривожига хизмат қилдиришни ўзимга мақсад қилиб қўйганман.

- Ҳаётингизда туб бурилиш бўлганми? Ҳаётдан олган фалсафангиз...

- Ҳаётимдаги энг катта бурилишлардан бири — чет элда ўқишга қарор қилиш ва шу қарорни охиригача оқлаб бериш бўлган, десам, адашмайман. Тошкентдаги ўқишимдан кейин Москва, кейин Польша, кейин АҚШ — ҳар бир босқич мендан янги даражадаги масъулият ва ғайрат талаб қилди.

Фалсафамни қисқача шундай ифодалайман: “Орзулар тасодиф эмас, режа, меҳнат ва сабрнинг натижасидир.”

Яъни, орзу қилишнинг ўзи кифоя эмас. Орзудан кейин режа, режадан кейин эса кунлик, йиллик изчил меҳнат келиши керак. Шу билан бирга, ўзимга доим шуни эслатаман: инсон қаерда бўлмасин, қайси лавозимда ўтирмасин, ўз илдизини, қаердан чиққанини ва кимлар ишониб қўллаб-қувватлаганини унутмаслиги керак.

- Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА суҳбатлашди.