68 нафар ёшлар ишга жойлаштирилди, 24 нафарига касб-ҳунарга ўқитиш бўйича йўлланма берилди
Самарқанд туманидаги “Build Your World” корхонасида бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил қилинди.
Ўтказилган ярмаркада туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари томонидан жами 605 та, жумладан, олий маълумотли мутахаcсис талаб этиладиган 215 та, ўрта махсус маълумот талаб этиладиган 275 та ва мутахасислик талаб этилмайдиган 115 та бўш иш ўринлари таклиф қилинди.
Шунингдек, бевосита 40 дан ортиқ (саноат, хизмат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш) йирик иш берувчи корхона ва ташкилотлар ўзларидаги мавжуд иш ўринлари билан қатнашди.
Тадбирга жалб қилинган корхона ва ташкилотлар талабларига жавоб берадиган ишсиз фуқароларни шу жойнинг ўзида ишга қабул қилиш бўйича тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришга тайёр ҳолда корхоналар раҳбарлари ва кадрлар бўлими бошлиқлари ҳам иштирок этди.
Бундан ташқари, Миграция агентлиги вилоят бошқармаси, хусусий бандлик агентликлари ва вилоят тижорат банклари ходимлари иштирок этиб, тижорат банклари томонидан молиялаштириладиган лойиҳалари пакетлари, имтиёзли кредитлар, бизнесни молиялаштириш бўйича кредит линиялари бўйича тақдимотлар билан таништириб ўтилди.
Тадбирга ўтказилган хатловда аниқланган “Ишсиз ёшлар”, “Битирувчи ёшлар” ва жиноят содир этишга мойил бўлган оғир тоифадаги ёшлар ҳамда ишсиз фуқаролардан иборат 580 нафар ишсиз фуқаролар иштирок этди.
Ўтказилган меҳнат ярмаркасида Самарқанд туманидан ишлаш истагида бўлган ишсиз фуқаролардан 68 нафари ишга жойлаштирилди, 24 нафарига касб-ҳунарга ўқитиш бўйича йўлланма берилди, 9 нафарига тадбиркорлигини бошлаш учун кредит ҳамда ссудалар расмийлаштирилди.
Ярмаркада ишлаш истагида бўлган фуқороларга тумандаги бўш иш ўринлари, квота иш ўринлари, янги иш ўринлари ва касб ҳунарга ўқитиш марказлари ҳақида тушунтириш ва маслаҳатлар берилди.
Миграция агентлиги вилоят бошқармаси масъуллари томонидан 82 нафар миграцияга чиқиш истагини билдирган ёшлардан
40 нафари манзилли руйхатга олинди, бундан ташқари хорижий тиллар (немис, корейс ва япон)ни ўрганишга 42 нафар ёшларни руйхатлари шакллантирилиб, амалий ишлар бошланди.