Ижтимоий фаол ёшлар – кучли жамият асоси
Бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар сиёсати давлат аҳамиятига молик энг устувор вазифалардан бирига айланди. Навқирон авлод вакилларининг нафақат жисмоний, балки интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш орқали кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш мақсад қилинган. Ана шундай эзгу интилишларнинг амалий ифодаси сифатида вилоятдаги энг билимдон, шижоатли ва интилувчан ёш ходимларни бир даврага жамлаган «Заковат» интеллектуал ўйини ташкил этилди.
Бугунги кун ёшлари нафақат ўз соҳасининг устаси, балки кенг дунёқарашга эга, замон билан ҳамнафас фикрлайдиган куч бўлиши керак, - деди С.Рафиков. -Касаба уюшмалари ҳар доим сиз каби изланувчан, билимга чанқоқ ёшларни қўллаб-қувватлашга тайёр. Бугунги “Заковат” ўйини ҳам шунчаки мусобақа эмас, балки сизларнинг бирдамлигингизни, мантиқий фикрлаш қобилиятингизни намойиш этадиган бетакрор майдондир. Барчангизга омад ёр бўлсин!
Шундан сўнг Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи С.Луқмонов сўзга чиқиб, жамиятнинг ижтимоий ҳаётида ёшларнинг фаоллиги нақадар муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида қайд этди.
Ёшлар байрами арафасида ўтказилаётган бу мусобақа барчамизга кўтаринки кайфият бағишлади, - Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизими ёш мутахассиси Шаҳноза Исмоилова. Мен ўзим кундалик иш фаолиятимда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли, кам таъминланган оилалар билан ишлайман. Бу жуда катта масъулият, сабр ва тезкорликни, шу билан бирга кенг дунёқарашни талаб қилади. Давлат ташкилотлари ходимлари ўртасида мана шундай интеллектуал баҳсларнинг тез-тез ўтказилиши бизнинг мантиқий фикрлашимизни чархлайди. Энг муҳими, стресс ҳолатларида, кутилмаган вазиятларда тўғри ва адолатли қарор қабул қилиш кўникмасини шакллантиради. Бу ердаги саволлар жуда қизиқарли ва теран мантиққа асосланган. Ҳакамлар ҳайъати ўйин қоидаларини адолатли ва шаффоф тарзда тушунтириб беришди. Мен мана шундай ажойиб тадбирни ташкил этган касаба уюшмаларига ва раҳбариятимизга миннатдорлик билдираман. Бугун қайси жамоа ғолиб бўлишидан қатъи назар, дўстлик ва заковат ғалаба қозонади».
Ўйин қоидалари, баҳсларни олиб бориш тартиби ва очколарни ҳисоблаш тизимини батафсил тушунтириш учун сўз навбати ҳакамлар ҳайъатига берилди. Улар ўйиннинг халқаро «Заковат» қоидаларига тўлиқ мос равишда, шаффоф ва адолатли ўтишини кафолатлади.
Ушбу интеллектуал беллашув вилоят тарихида ёшларнинг ижтимоий ҳамда маданий фаоллигини оширишга хизмат қилувчи муҳим воқелик сифатида муҳрланиб қолиши шубҳасиздир. Биз ҳам барча билимдон ёшларимизга янги марралар ва ёрқин зафарлар тилаб қоламиз.