Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси раиси самарқандлик ёшлар билан учрашди

Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Республика ишчи гуруҳининг ҳудудлардаги ўрганишлари давом этмоқда.

Бугун Республика ишчи гуруҳи раҳбари, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев вилоятимиз ёшлари билан очиқ мулоқот ўтказди.

Eчрашувда ёшларни қийнаётган муаммолар, уларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди. Қаҳрамон Қуронбоев ҳар бир масалага алоҳида эътибор қаратиб, уларни амалий ҳал этиш бўйича тегишли таклиф ва топшириқларни билдирди.

Учрашув давомида ёшлар томонидан маҳаллада замонавий кутубхона ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Ушбу таклифга бефарқ бўлмаган Қаҳрамон Қуронбоев Мароқанд маҳалласига бориб, ҳудуд инфратузилмасини жойида ўрганди ҳамда кутубхона ташкил этиш имкониятларини кўздан кечирди.

Маҳалла еттилиги ва фаоллари билан ўтказилган мулоқотда эса ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, маҳалладаги мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда ёшлар учун замонавий ва қулай шарт-шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.

Мазкур ўрганишлар маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ҳаётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.