Мўъжиза туфайли омон қолган одамлар
Қуйида ёзаётган саргузаштларга ишониш қийин. Лекин уларни бошдан кечирган одамлар мўъжиза туфайли омон қолиб, ўлимни енгишга муваффақ бўлган.
1000 даража иссиқда омон қолган одам
1902 йилнинг 7 майида Лудгер Сибарис исмли ишчи майда безорилик учун Мартиника оролидаги Сен-Пьер шаҳри қамоқхонасига тушиб қолди.
Ҳибсга олинганидан атиги 24 соат ўтгач, 8 май куни бу жойда “Монт-Пеле” вулқони отилиши содир бўлди. Бир неча дақиқа ичида Сен-Пьер вулқон газлари, кул ва тош қолдиқларининг юқори ҳароратли аралашмаси исканжасида қолди. Ҳарорат цельсий бўйича 1075 даражага етди. Шаҳар кўчалари, уйларда бўлган одамларнинг барчаси ҳалок бўлди.
Аммо қамоқхона камерасидаги қалин деворлар яккалатиб қўйилган маҳбусни чидаб бўлмайдиган иссиқликдан қисман бўлса-да, сақлаб қолди. Қисқа вақт ичида 1000 даражага етган ҳарорат Людгер танасини куйдирди. Шунга қарамай, у ўша куни ҳалок бўлган Сент-Пьернинг 30 000 дан ортиқ аҳолисидан фарқли ўлароқ, тирик қолди. Қутқарувчилар уни тўрт кундан кейин топиб олишди.
Омон қолган маҳбуснинг ҳикояси дунё бўйлаб тарқалди ва тез орада у Американинг афсонавий “Барнум ва Бейли” циркига таклиф қилинди. У ерда у оммага “апокалипсисдан сўнг омон қолган одам” сифатида тақдим этилган.
Боши умуртқа поғонасидан ажралган аёл

2007 йилнинг январь ойида Американинг Небраска штатида яшовчи Шеннон Маллой автоҳалокатга учради. Унинг машинаси тўсиққа бориб урилиб, қаттиқ зарба аёл териси ва мушакларини шикастланмаган бўлса-да, бошини умуртқа поғонасидан узиб ташлади. Тиббиётда “ички бошсизлантириш” деб номланадиган бундай жароҳат одатда ўлимга олиб келади. Бироқ Шеннон тирик қолди.
Ҳаракатчанликни тиклаш мақсадида жарроҳлар қаттиқ металл - титан конструкциядан фойдаланиб, винтлар ёрдамида Шенноннинг бош суягини унинг умуртқа поғонасига бириктириб қўйишди. Бир неча ой давом этган реабилитация давомида аёл ҳаракат қилиш, овқатланиш ва яшашни қайтадан ўрганиши керак бўлди.
Шифокорлар бу амалиётни жарроҳликдаги энг ҳайратланарли ҳолатлардан бири, деб аташди. Ушбу турдаги жароҳати бўлган беморларнинг аксарияти дарҳол вафот этади, омон қолганлари эса кўпинча фалаж бўлиб қолади. Маллой тўлиқ ҳаётга қайтди, у турмушга чиқди, фарзанд кўрди ва ўзининг айтишича, ҳаётининг кейинги ҳар бир кунини қадрлашни ўрганди.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.