Бронхиал астмага чалинган беморлар баҳорда қандай тавсияларга амал қилишлари керак?

Баҳор - қатор мавсумий касалликлар авж оладиган давр. Айниқса, кўклам фаслида аллергияга мойил беморлар нафас йўллари хасталиклари, хусусан, бронхиал астма хуружларидан кўпроқ азият чекишлари мумкин.

Хўш, бу қандай омиллар билан боғлиқ? Касаллик қайси аломатлар билан намоён бўлади? Самарали муолажа усуллари борми?

Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари Наргиза Айдарова шу ҳақда маълумот берди.

- Бронхиал астма - нафас йўлларининг сурункали яллиғланиши ҳисобланади, - дейди мутахассис. - ЖССТ маълумотларига кўра, ҳозир дунё бўйича 300 миллион киши бу касалликдан азият чекяпти. Ҳар йили улардан 450 минг нафари ҳаётдан кўз юммоқда.

Бронхиал астмани асосан генетик мойиллик, атопия, нафас йўллари гиперреактивлиги, ташқи ва уй аллергенлари, чекиш, респиратор инфекциялар, баҳорги гул чанглари ва айрим озиқ-овқат ҳамда дори воситалари келтириб чиқаради.

Хасталик қуруқ йўтал, нафас қисиш хуружлари, ҳансираш, кўкракда оғирлик ҳисси каби симптомлар билан намоён бўлади. Бу ҳолатлар асосан, тунда ёки эрта саҳарда кузатилиб, кўпинча дори таъсирида ортга қайтади.

Нафас қисилганда, тананинг диафрагма соҳасида кучли оғриқ кузатилади. Хуруж йўтал тутиши билан бирга келиб, бронхлар ички юзасидаги балғам чиқариб ташлангач, бемор аҳволи бирмунча яхшиланади.

Агар бемор ўз вақтида даволаниб, шифокор кўрсатмаларига қатъий амал қилса, бронхиал астмани тўлиқ назорат қилса бўлади. Натижада касаллик аломатлари узоқ вақт заифлашади.

Муолажа даврида астма хуружларига туртки бўлган аллерген билан алоқани чеклаш лозим. Яъни, хона ҳавосини тез-тез алмаштириш ва чангларни артиш, ҳаво тозалагичлар ва кондиционердан фойдаланиш, намлагичларни қўллаш тавсия этилади.

Турли зарарли ҳашаротлар, айниқса, суваракларни йўқ қилиш талаб қилинади. Юнгли гиламлардан воз кечиш, аллергия қўзғатмайдиган чойшабдан фойдаланиш ҳамда парҳез қилиш зарур.

Ҳозир марказимизда бу турдаги хасталиклар илғор усулларда аниқланиб, самарали даволанмоқда. Хусусан, замонавий референс-лабораториямизда халқаро стандартларга мувофиқ аллергологик текирувларнинг "олтин стандарти" асосида молекуляр аллергологик диагностика ўтказилади. Яъни бир вақтнинг ўзида юзлаб аллергенларга сенсибилизация ташхисланади.

Жойларда ҳам бу борада салмоқли ютуқларга эришиляпти. Жумладан, тегишли грант лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси аҳолиси орасида бронхиал астманинг молекуляр-генетик маркерлар ёрдамида персоналлаштирилган клиник даволаш протоколларини ишлаб чиқиш устида иш олиб борилмоқда.

Бу саъй-ҳаракатларимиз келгусида бронхиал астмага чалинган беморларни соғломлаштириш борасида янги имкониятларни тақдим этади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати.