ЎзЛиДеП ташаббуси билан аҳоли учун бепул тиббий кўрик ташкил этилди
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан илгари сурилган “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида аҳоли муаммоларини ўрганиш, уларнинг ҳаёт сифатини ошириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган эзгу ташаббуслар изчил амалга оширилмоқда.
Хусусан, мазкур дастур доирасида ташкил этилаётган “Саломатлик сари” ва “Умид” акциялари аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда, айниқса ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жумладан, ЎзЛиДеП Оқдарё туманидаги Узун маҳалласида жойлашган 19-сонли оилавий поликлиникада депутат Наргиза Абдуллаева бошчилигида Самарқанд давлат тиббиёт университетининг малакали мутахассислари иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди. Унда туманнинг Узун, Учтепа, Олтинтепа, Зарафшон, Темирак, Бобур ва Авазали номли маҳаллалар аҳолиси қамраб олинди.
Тиббий кўрик давомида терапевт, онколог, хирург, офтальмолог, акушер-гинеколог, уролог, кардиолог, педиатр ва бошқа 15 дан ортиқ йўналишлар бўйича мутахассислар томонидан 300 нафардан зиёд фуқаро текширувдан ўтказилди. Натижада 28 нафар бемор марказий шифохонага йўлланма олди, 8 нафар фуқарога вилоят шифохонасига имтиёзли йўлланма берилди, 156 нафар иштирокчига эса амбулатор даволаниш бўйича тавсиялар тақдим этилди.
Тадбирда ЎзЛиДеП вилоят кенгаши раиси, вилоят Кенгаши депутати И.Ботиров мазкур лойиҳа аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом миллат генофондини асрашга қаратилганини таъкидлади. Шунингдек, маҳаллаларда тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтишнинг аҳамиятини тушунтириш, репродуктив саломатлик, шахсий гигиена, соғлом ҳомиладорлик ва бола парвариши бўйича тиббий саводхонликни ошириш лойиҳанинг устувор йўналишларидан бири экани қайд этилди.
“Халқ билан бирга” дастури доирасидаги “Умид” акцияси ижросини таъминлаш мақсадида “Лойиш” маҳалласида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан ҳам хабар олинди. Хусусан, маҳаллада яшовчи II гуруҳ ногирони, икки нафар фарзанднинг онаси Асал Туймаева хонадонига ташриф буюрилиб, унга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
2025 йилда инсультни бошдан кечирган Асал Туймаева ҳозирда ҳаракатланиши чекланган аҳволда. Шу боис унинг мурожаат ва эҳтиёжлари ўрганилиб, назоратга олинди ҳамда даволаниш бўйича зарур тавсиялар берилди.
Тиббий кўрикда иштирок этган фуқаролар бундай ташаббуслардан мамнун эканликларини билдириб, айниқса чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли учун бу катта қулайлик эканини таъкидлашди.
— Бугун ташкил этилган тиббий кўрикдан жуда мамнун бўлдим. Малакали шифокорлар томонидан соғлиғимиз тўлиқ текширилди, зарур тавсиялар берилди. Илгари эътибор бермаган айрим ҳолатларимга ҳам аниқлик киритилди, — дейди Олтинтепа маҳалласидан Гулнора Тоштемирова.
Энг муҳими, бундай эзгу ташаббуслар орқали аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш ҳамда фуқаролар билан очиқ мулоқотни кучайтириш борасида муҳим натижаларга эришилмоқда. “Халқ билан бирга” дастури доирасида амалга оширилаётган бундай ишлар юртимизда инсон қадри улуғланаётганининг яна бир ёрқин ифодасидир.
ЎзЛиДеП Самарқанд вилояти Кенгаши матбуот хизмати.