63 йиллик ижод йўли: Журналистлар уюшмаси раиси Муайяна Хўжаева хонадонида бўлди
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан соҳада узоқ йиллар фаолият кўрсатган, ёшларга намуна бўлиб келаётган фахрий ижодкорлар салоҳиятидан фойдаланиш, улар тажрибасини уларга ўрнак қилиб кўрсатиш мақсадида жойларда учрашувлар ўтказиш анъанага айланди.
Ана шундай учрашувнинг навбатдагиси Самарқанд шаҳрида ўтказилди. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Орипов, уюшманинг вилоят бўлими раиси Акрам Ҳайдаров 9 май - Хотира ва қадрлаш куни олдидан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муайяна Хўжаева хонадонида бўлиб, ижодкор билан дилдан суҳбат қилди.
М.Хўжаева ижодий фаолиятини 1963 йилда вилоят радиосида бошлаб, кейинчалик республика “Овози тожик” (“Ўзбекистони сурх”) газетасида, 1970-1972 йилларда Куба университетида ишлаганини гапириб берди. Шундан сўнг “Овози тожик” газетасида таржимон, мухбир, бўлим мудири, шунингдек, республика радиосида, Ўзбекистон телерадиокомпаниясида, “СТВ-Самарқанд” телевизион ижодий уюшмасида ижодий ходим сифатида фаолият кўрсатганини эслади.
- Сизнинг матбуот соҳасидаги 63 йиллик беминнат хизматингиз барчамиз учун ибрат, — деди Шуҳрат Орипов. — Айниқса, шогирдларга берган ҳаётий сабоғингиз, ўгитингиз ёш журналистлар учун тажриба мактаби. Шунинг учун ёш журналистлар билан суҳбатлашиб туришингиз, ўз тажрибаларингиз билан ўртоқлашишингиз бугунги ёшлар ва ёш ходимлар фаолиятига фойда беради.
- Албатта, вақт топдим дегунча ва саломатлигим яхши бўлганида менга қадрдон бўлган таҳририятларга отланаман, - деди М.Хўжаева. - Аввало, биз, фахрийларга ҳамиша кўмакчи ва ғамхўр бўлган Президентимиз, ҳокимликлар ва ҳамкасбларимдан миннатдорман. Мана, бугун сизлар хонадонимга йўқлаб келиб, мени янада руҳлантирдингиз. Бу каби ширин дийдор учрашув мени янада ижод қилишга ундайди.
Фазлиддин Рўзибоев.