Самарқандда Хитой тажрибаси асосида янги даволаш усуллари жорий этилмоқда
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан Хитой Халқ Республикасининг турли ҳудудлари билан тиббиёт соҳасида йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари бугунги кунда ўзининг амалий натижаларини бера бошлади.
Жумладан, 2025 йилда Хитойнинг “GX” хайрия жамғармаси вакиллари Самарқанддаги даволаш-профилактика муассасаларига ташриф буюриб, тиббий таълим соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, кўз касалликларини эрта аниқлаш ва самарали даволашни такомиллаштириш, шунингдек, юқумли касалликларга қарши курашиш чораларини кучайтириш бўйича қатор муҳим келишувларга эришилди.
Шу билан бирга, Шинжон-Уйғур автоном райони соғлиқни сақлаш тизимига қарашли Карамай марказий шифохонаси билан ҳамкорлик доирасида Самарқанд туманида Хитой халқ табобати бўлими ташкил этилди. Бу эса миллий ва анъанавий тиббиёт усулларини уйғунлаштиришда муҳим қадам бўлди.
Қолаверса, мазкур автоном ҳудуд соғлиқни сақлаш бошқармаси билан эришилган келишувлар асосида тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва ўзаро тажриба алмашиш ишлари тизимли равишда йўлга қўйилди. Хусусан, 20 нафар шифокор Хитойда бир ойлик малака ошириш курсларида иштирок этиб, замонавий даволаш ва профилактика усулларини ўзлаштириб қайтди. Ушбу дастур доирасида ҳар йили шу миқдорда мутахассисларни тайёрлаш режалаштирилган.
Шунингдек, Шэньси провинциясининг Сиань шаҳри соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорлик доирасида йил якунига қадар вилоятдан 200 нафар шифокорни замонавий тиббий технологиялар асосида тайёрлаш кўзда тутилган. Айни пайтда уларнинг биринчи гуруҳи Хитойнинг етакчи клиникаларида малака оширмоқда.
Бундан ташқари, Сичуань провинцияси кўмагида вилоятдан жами 40 нафар шифокор Хитойнинг учта йирик провинциясидаги илғор тиббиёт муассасаларида билим ва тажрибасини мустаҳкамлади. Бу каби ҳамкорликлар ҳудудда замонавий тиббий ёндашувларни жорий этиш, соғлиқни сақлаш тизими самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.